Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:31

HRW: Россияда интернетни чеклаш "икки баравар ортган"


Human Rights Watch (HRW) ташкилоти Россия ҳукумати сўнгги бир йилда виртуал эркинликни чеклаш “саъй-ҳаракатларга зўр берганини” маълум қилди. Ташкилот ҳисоботида айтилишича, цензурани четлаб ўтишда фойдаланиладиган дастурлар блокланган, интернет бўйича қонунлар кенгайтирилган ва технология компанияларига ҳукуматнинг “чеклаш” талабларини бажариш учун босим ўтказилаётгани таъкидланган.

HRWнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Анастасия Круопе 24 декабрь куни берган баёнотида “ўтган йилги интернет эркинликларига нисбатан кескин тазйиқлар онлайн ҳуқуқ ва эркинликларни чеклаш бўйича кўп йиллик саъй-ҳаракатларнинг якуни бўлди”, деб таъкидлади.

Ҳукумат "Россияда рақамли ҳуқуқларни шаффоф бўлмаган, ноқонуний ва суддан ташқари тарзда чеклаш учун ўзининг ўсиб бораётган технологик имкониятларидан фойдаланмоқда", деди у.

Нью‑Йоркда жойлашган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот шу ой бошида маҳаллий интернет цензурасини четлаб ўтиш ёки интернетни аноним кўриш учун ишлатиладиган шифрланган браузер “Тор” блокланганини таъкидлади.

Июнь ойидан бери Россияда “тақиқланган веб-сайтларга киришда прокси сервисдан фойдаланишни тақиқловчи қонун”ни бузганлиги учун саккизта виртуал хусусий тармоқ (VPN) провайдери блокланди.

HRW бундай саъй-ҳаракатларга Россиянинг чуқур назорат пакети (DPI) технологияси ёрдам берганини айтди. Бу эса расмийларга интернет трафикни “тўғридан-тўғри фильтрлаш, қайта йўналтириш ва блоклаш” имконини беради.

2019 йилда қабул қилинган “Суверен интернет” қонуни барча интернет-провайдерлардан ўз тармоқларида DPI технологиясини ўрнатишни талаб қилади.

Март ойида ҳукумат ноқонуний деб ҳисобланган контентни олиб ташлай олмагач, “Twitter”га киришни секинлаштириш учун ушбу технологиядан фойдаланган. Ижтимоий медиа компаниялари Алексей Навальнийни қўллаб-қувватлаш учун тинч намойишларга чорловчи хабарларни олиб ташламаганликлари учун катта миқдорда жаримага тортилган.

HRW маълумотига кўра, расмийлар мамлакатнинг интернет қонунчилигига риоя қилинмаслиги важидан, хорижий ва Россия технологик фирмаларининг веб-сайтларига киришни бир неча бор блоклаш билан таҳдид қилган.

Сентябрь ойида Россия интернет-провайдерлари томонидан “Google Docs” хизматига кириш вақтинча блоклангани ҳақида хабар берилди. Уларнинг фикрига кўра, бу DPI технологиясининг суддан ташқари ва шаффоф эмаслигини кўрсатади.

Навальнийнинг овоз бериш мобил иловаси ҳам “Apple” ва “Googlе” онлайн-дўконларидан ўчирилган. Навальнийнинг ҳамкорлари буни технология гигантларининг Кремль босимига ён бериши деб атаган. Ўтган йил давомида йирик ижтимоий медиа платформалари ва бошқа технология компаниялари ҳам Россия интернет қонунчилигини бузганликда айбланиб жаримага тортилди.

“Facebook”, “Twitter”, “Telegram”, “TikTok” ва бошқа интернет-компаниялар мамлакатда ноқонуний деб ҳисобланган контентни олиб ташламаганликлари ва россиялик фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини мамлакатда сақламаганликлари учун камида 2.5 миллион доллар жаримага тортилган.

HRWнинг таъкидлашича, Россия ҳукумати ўзининг ички қонунларидан фойдаланиб "Интернет-компанияларни бошқа мамлакатлардаги бизнес операцияларига нисбатан ҳам контентни модерация қилиш амалиётини” бажартиришга уринган.

Шу ой бошида Роскомнадзор бир йил аввал қабул қилинган қонунни пеш қилиб, Россиянинг РТ давлат медиа компаниясининг немис тилидаги каналини ўчириб ташлагани учун “YouTube”ни блоклаш билан таҳдид қилган.

Ушбу қонун расмийларга Россия давлат оммавий ахборот воситалари контентига цензура қўллаган веб-сайтларни блоклаш имконини беради.

“Россиянинг яқинда қабул қилган, “расмий веб сайтлардан фойдаланувчиларнинг хоҳиш-истаклари ва фойдаланувчи имтиёзларини кузатишни талаб қилувчи”, туҳматдан иборат контентларни суддан ташқари блоклашга рухсат берувчи қонунлари хавотирларни оширмоқда”, дейилади HRW баёнотида.

“Россия ҳукумати россиялик интернет фойдаланувчилари манфаатларини ҳимоя қилаётганини айтмоқда. Интернет цензураси кампаниясига таянган ҳолда, улар Россияда интернетни репрессия зонасига айлантирмоқда”, дея фикрини баён қилди Анастасия Круопе.

XS
SM
MD
LG