Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:30

ИИВ петицияга юзлаб одам йиққан 2 аёлнинг ҳибсга олинишини изоҳлади (ВИДЕО)


Тошкентда ўлдириб кетилган Жасур Иброҳимов ҳимоясига "Дўстлик" боғида 4 июнь куни бўлган ва Facebook, Twitter ижтимоий тармоқларда фаол улашилган акция
Тошкентда ўлдириб кетилган Жасур Иброҳимов ҳимоясига "Дўстлик" боғида 4 июнь куни бўлган ва Facebook, Twitter ижтимоий тармоқларда фаол улашилган акция

Тошкент ИИББ Тергов бўлими бошлиғи Дониёр Тошхўжаев пойтахтдаги коллежда уриб ўлдирилган Жасур Иброҳимов ҳимояси учун петиция ташкил қилган аёл "берухсат йиғин ўтказгани учун" ҳибсга олинганини билдирди. Ирина Шоҳназарова (Зайдман) 15 суткалик ҳибсда сақланмоқда. Тадбир 4 июнда "Дўстлик" боғида ўтган ва унда ИИВ мулозими Дониёр Тошхўжаев ҳам бўлган эди.

Тошкентдаги собиқ Боровский номидаги Тиббиёт коллежида ўқиган 17 яшар ўқувчи Жасур Иброҳимов шу йилнинг май ойида коллежда калтакланган ва 1 июнь куни шифохонада оламдан ўтган.

Жасур Иброҳимов
Жасур Иброҳимов

Унинг вафотидан сўнг адолатли терговни талаб қилиб, ижтимоий тармоқлар орқали одамларни петицияга чақирган тошкентлик фаол Ирина Шоҳназарова (Зайдман) 15 ноябрь куни ҳибсга олингани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Фаолнинг ҳибсга олиниши ҳақида ​Ўзбекистондаги Интернет нашри - Gazeta.uz сайти саволларига жавобан Тошкент ИИББ Тергов бўлими бошлиғи Дониёр Тошхўжаев Ирина Шоҳназарова "рухсат берилмаган йиғин"ни ўтказгани учун ҳибсга олинганини билдирди.

Расмий маълумотга кўра, аёлга Маъмурий жавобгарлик кодексининг 201 (Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш), 202-моддалари (Рухсат этилмаган йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишлар ўтказиш учун шароитлар яратиш) қўлланиб, унга 15 суткалик қамоқ ва энг кам иш ҳақининг 50 баробари (қарийб 7 ярим миллион сўм) миқдорида жарима солинган.

ИИББ мулозимига кўра, шу йилнинг июнь ойи бошида Ирина Шоҳназарова Facebook тармоғи орқали фуқароларнинг "Дўстлик" боғидаги йиғинини ташкил қилган. Тошхўжаев орадан ўтган 5 ой давомида аёлнинг ҳаракатига оид "далиллар йиғилгани"ни айтмоқда.

Шунингдек, ИИББ мулозими 26 сентябрь куни ҳокимиятдан "рухсат олмаган ҳолда" йиғин ўтказган яна бир фаол - Мария Головко (Леглер) ҳам Маъмурий жавобгарлик кодексининг 201, 201-1, 202-моддалари асосида айбланиб, 10 суткалик қамоқ ва энг кам иш ҳақининг 60 баробари (қарийб 9 миллион сўм) миқдорижа жарима тўлашга ҳукм қилинганини билдирди.

Расмий маълумотга кўра, Головко 26 сентябрь куни Тошкентнинг Яккасарой туманидаги Пушкин ҳайкали ёнида ҳайвонлар ҳимоясига имзо йиғиш учун рухсатсиз одам тўплаган.

Дарвоқе, Мария Головко 4 июнь куни "Дўстлик" боғида ўтган тадбирда ҳам фаол қатнашган ва ИИББ Тергов бўлими бошлиғи Дониёр Тошхўжаев ёнида Жасур ҳимояси учун имзо йиғилаётган мактуб мантини ўқиб берган эди.

ИИББ Тергов бўлими бошлиғи Дониёр Тошхўжаевга кўра, маҳкамада тошкентлик ҳар икки фаол айбини тан олган ва бундан сўнгра қонунни бузмасликка сўз берган.

​Шунингдек, ИИВ мулозими аёллар қонунбузарлик билан ҳибсга олинганига оид яқинларининг даъвосини ҳам инкор қилди.

Gazeta.uz сайтининг ИИВ икки фаолни жазоларкан, бунинг билан бошқа фаолларни ҳам айни жаўо кутишидан огоҳлантириб қўймоқчими, мазмунидаги саволига жавобан Дониёр Тошхўжаев: "Биз кимнидир қўрқитмоқчи эмасмиз, биз ҳамма иш қонун доирасида бўлишини истаймиз", деб жавоб берди.

ИИВ мулозимига кўра, кўпсонли одам йиғилган тадбирларда "фавқулодда ёки бахсиз ҳодисалар бўлмаслиги, фуқаролар хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги ва жамоат тартиби сақланган ҳолда ўтишини таъминлаш" учун ҳокимиятдан рухсат олиниши керак.

Яқинлари Ирина Зайдман 15 ноябрь эрталаб милиция бўлинмасига чақирилиб, 15 суткага ҳибсга олинганини Озодликка билдирган эди.

4 июнь куни Тошкентнинг "Дўстлик" (собиқ Бобур номидаги) боғида бир неча юз киши йиғилиб, Жасурбек Иброҳимовнинг ўлими тергов қилинишини талаб қилиб, имзо тўплаган.

Ўшанда Озодликка гапирган акция ташкилотчиси Ирина Зайдман, куч ишлатар тузилмаларининг 30 нафарга яқин ходими акцияни кузатгани ва акция тугагач, йиғилганларни Тошкент шаҳар ИИББга олиб кетганини билдирганди.

Бу жиноят адолатли тергов қилиниши сўралган акциянинг 4 июнь куни бўлиб ўтиши ҳақидаги хабар бир кун аввал ижтимоий тармоқларда эълон қилинган ва бир сутка ичида 13 мингдан ортиқ фойдаланувчи бу хабарни улашган.

Жасурбек Иброҳимов 3 май куни Ташкентдаги П.Ф. Боровский номидаги Тиббиёт коллежи ёнида калтакланган, ҳодисадан сўнг шифохонада 5 марта жарроҳлик амалиётдан ўтган, аммо 1 июнь куни вафот этган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман суди 30 октябрда 18 яшар Исломбек Тўлагановни курсдоши Жасурбек Иброҳимовни қасддан баданга оғир шикаст етказишда айбдор, деб топиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этди.

Аммо, марҳум Жасур Иброҳимовнинг онаси Нилуфар Алиева ўғлининг ўлимига айбдорларга нисбатан ҳукмдан норозлигини билдирган. Унга кўра, суд тиббий экспертизасининг Жасур бир эмас, бир неча киши томонидан калтакланганини тасдиқлаган хулосаси прокурор томонидан инобатга олинмаган, "қўнғироқларга жавоб бермаяпти" деган важ билан коллеж педагог жамоасига нисбатан ҳеч қандай чора қўлланилмаган.

Жасур Иброҳимовнинг онаси Президент Мирзиёевга мурожаат қилиб, ундан адолатни қарор топтиришда ёрдам сўраган.

Айни пайтда, ҳукмдан бир неча кун ўтиб - судланувчи Исломбек Тўлагановнинг адвокатлари ҳам суд ҳукми устидан апелляция шикоятини киритишди.

Уларнинг иддао қилишича, фожиа сабабчиси жанжални бошлаган Жасурбек Иброҳимовнинг ўзи бўлган, шифокорлар эса, унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун етарли ҳаракат қилмаган.

Апелляция суди 1 декабрда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG