Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:30

Ўқувчи ўлими юзасидан адолатли тергов ўтказиш талаб қилинган акция уюштирувчилари ҳибсга олинди


Тошкентдаги акция ташкилотчиларидан бири - Мария Леглер
Тошкентдаги акция ташкилотчиларидан бири - Мария Леглер

Тошкентда милиция Боровский номидаги Тиббиёт коллежинингталабаси, 17 яшар Жасурбек Иброҳимовнинг калтаклаб ўлдирилиши юзасидан адолатли тергов ўтказиб, жиноятчини жазолаш талаби билан 4 июнь куни пойтахтда ўтказилган акциянинг икки ташкилотчиси – Ирина Зайдман ва Мария Леглерни бирин-кетин ҳибсга олди. Бу ҳақда Озодликка уларнинг яқинлари маълум қилди. 3 майда калтакланган Жасурбек Иброҳимов 1 июнда вафот этган эди.

15 сутка қамоқ

Яқинларига кўра, Ирина Зайдман 15 ноябрь эрталаб милиция бўлинмасига чақирилиб, ҳибсга олинган. Ўша куннинг ўзида унинг квартирасида тинтув ўтказилган.

16 ноябрда эса ​Ирина Зайдман Жиноят кодексининг 244- моддаси, 1- қисмида (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) кўзда тутилган жиноятда айбдор, деб топилган ва 15 суткага ҳибсга олинган.

15 ноябрда Мария Леглер ҳам ҳибсга олинган.

Озодликка, исми сир қолиш шарти билан, гапирган Ирина Зайдманнинг яқинларидан бири икки аёлнинг ҳозирда Тошкентнинг Панельний даҳасидаги махсус ҳибсхонада сақланаётганини билдирди.

"Улар ҳозир Панельний даҳасидаги махсус ҳибсхонасида сақланмоқда. Ҳисбга олинган куннинг ўзида уларни 15 суткага қамаш бўйича суд ҳукми чиқарилган," - деди у.

Суҳбатдошнинг илова қилишича, Ирина Зайдман ва Мария Леглер яқинлари милиция ходимлари томонидан қўрқитиб қўйилган.

"Милициядагилар қўрқитишаяпти бизни. "Ҳеч кимга ҳеч қандай маълумот бериш йўқ, жим ўтиринглар, йўқса ўзларингга ёмон бўлади," дейишди," деди Ирина Зайдманнинг яқинларидан бири.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати Озодлик мухбирига Ирина Зайдман ва Мария Леглерларнинг ҳибсга олинганини на тасдиқлади, на инкор этди.

"Дўстлик" боғидаги акция

Тошкентда уриб ўлдирилган ўқувчи ҳимоясига акция ўтказилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:21 0:00
Бевосита линк

4 июнь куни Тошкентнинг "Дўстлик" (собиқ Бобур номидаги) боғида бир неча юз киши йиғилиб, Жасурбек Иброҳимовнинг ўлими тергов қилинишини талаб қилиб, имзо тўплаган эди.

Ўшанда Озодликка гапирган акция ташкилотчиси Ирина Зайдманга кўра, куч ишлатар тузилмаларининг 30 нафарга яқин ходими акцияни кузатган ва акция тугагач, йиғилганларни Тошкент шаҳар ИИББга олиб кетган.

Бу жиноят адолатли тергов қилиниши сўралган акциянинг 4 июнь куни бўлиб ўтиши ҳақидаги хабар бир кун аввал ижтимоий тармоқларда эълон қилинган ва бир сутка ичида 13 мингдан ортиқ фойдаланувчи бу хабарни улашганди.

Акция иштирокчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда Ирина Зайдман ва Мария Леглернинг ҳибсга олиниши вақт масаласи бўлганини айтди.

"Бошиданоқ шундай бўлиши маълум эди. Лекин ўшанда куч ишлатар тузилмаларида акцияни тинчлик билан тарқатиб юборишдан бошқа иложи бўлмаганди. Сабаби одамлар кўчага чиқиб бўлганди. Улар эса, уни бартараф этишга тайёр эмас эди. Ўша куни акцияга тўпланганларни фуқаровий либосдаги кўплаб СНБ ва милиция ходимлари кузатиб туришди. Улар норозилик кучайиб кетмаслиги учун одамларнинг имзо тўплашига тўсқинлик қилишмади," деди акция иштирокчиларидан бири.

Ким айбдор?

Жасурбек Иброҳимов
Жасурбек Иброҳимов

Жасурбек Иброҳимов 3 май куни Ташкентдаги П.Ф. Боровский номидаги Тиббиёт коллежи ёнида калтакланган, ҳодисадан сўнг шифохонада 5 марта жарроҳлик амалиётдан ўтган, аммо 1 июнь куни вафот этганди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман суди 30 октябрда 18 яшар Исломбек Тўлагановни курсдоши Жасурбек Иброҳимовни қасддан баданга оғир шикаст етказишда айбдор, деб топиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этди.

Ҳукмдан бир неча кун ўтиб Исломбек Тўлагановнинг адвокатлари суд ҳукми устидан апелляция шикоятини киритишди.

Уларнинг иддао қилишича, фожиа сабабчиси жанжални бошлаган Жасурбек Иброҳимовнинг ўзи бўлган, шифокорлар эса, унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун етарли ҳаракат қилмаган.

Апелляция суди 1 декабрда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG