Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:41

Самарқандда эр-хотин икки боласи билан ис газидан заҳарланиб ўлди


Қўлбола газ печка (Ўзбекистон ФВВ сайтидан олинган бу суратнинг Самарқанддаги воқеага алоқаси йўқ)
Қўлбола газ печка (Ўзбекистон ФВВ сайтидан олинган бу суратнинг Самарқанддаги воқеага алоқаси йўқ)

Самарқанд вилоят, Каттақўрғон туман, Зарқўрғон маҳалласида яшаган тўрт кишидан иборат оила 2 январга ўтар кечаси ис газидан заҳарланиб нобуд бўлди.

Воқеа гувоҳларининг айтишича, оила бошлиғи суюлтирилган газда ишлайдиган, Эронда ишлаб чиқарилган иситиш қурилмаси сотиб олган ва уни ёқиб қўйиб ухлаган. Натижада ўзи, хотини ва икки боласи ис газидан заҳарланган.

Каттақўрғондаги Эронда ишлаб чиқарилган печкалар билан савдо қилувчи дўкон ёпиб қўйилган.

Каттақўрғонда содир бўлган бу фожиа ҳақида шу маҳаллада яшовчилардан бири Озодликка хабар қилди:

“Абдурайим Турсунов деган 50 яшар маҳалладошимиз Зарқўрғонга янги участка солиб чиққан эди. Дўконларга макарон ташийдиган машина ҳайдарди. 2 январь туғилган куни экан. Келадиган меҳмонларга алоҳида уйга жой қилишибди. Аммо, меҳмонхонанинг печкаси йўқ экан. Абдурайим Эронда ишлаб чиқарилган печка сотиб олиб келиб, ўрнатибди. Мўри-пўриларини ҳам қилган. Кечаси ёқиб қўйишиб, бутун оила ўша ерда ухлабди. Ис гази қаердандир сизиб чиққан. Ўзи, хотини, 15 ёшли қизи, 13 ёшли ўғли нобуд бўлди. 20 яшар ўғли алоҳида хонада ётгани учун у тирик қопти. Бир уйдан тўрт тобут чиқди, жудаям аянчли бўлди, бутун қишлоқ йиғлади”.

Унинг айтишича, бу воқеадан сўнг шу турдаги печкалар сотадиган дўкон ёпиб ташланган:

“Воқеанинг эртаси куни эски шаҳарда жойлашган ўша дўкон ёпиб ташланди. Шахсан вилоят ИИБ бошлиғининг ўзи ўнлаб мелиса билан келиб, печатлаб кетди. Айтишларича, бу печкалар контрабанда йўли билан кириб келган экан. Ҳозир текшириш кетяпти. Маҳалла фаоллари ҳам уйма-уй юриб бундай печкаларни ишлатмасликни маслаҳат бермоқда. Ҳақиқатан, бу печкалар ажал уруғи бўлди”.

Каттақўрғон туман ички ишлар бўлимининг навбатчиси Зарқўрғон маҳалласида ис газидан заҳарланиб, бир оиладан тўрт киши ўлганини тасдиқлади. Навбатчининг айтишича, бу воқеани туман прокуратураси тергов қилмоқда.

Ўзбекистонда қиш мавсумида ис газидан заҳарланиш ҳолатлари кўп учрайди.

Табиий газ ва электр энергиясининг тақчиллиги боис, айниқса қишлоқ ҳудудларида яшайдиган аҳоли уйни иситиш қурилмаларидан хавфсизлик қоидаларига риоя қилмай фойдаланади.

Бунинг оқибатида сўнгги йилларда юз берган ис газидан заҳарланиш ҳолатлари ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Зангиота туманидаги Бўзсув қишлоғи Ўрикзор маҳалласи Олмазор кўчасида 25 декабрь куни 2003, 2006,2009,2013 ва 2014 йилда туғилган болалар қўлбола усулда ясалган печкадан чиққан ис газидан заҳарланган ва вафот этган эди.

Жумладан, ўтган йилнинг ноябрь ойида Каттақўрғон тумани Каттакўрпа маҳалласида икки фарзанднинг ота-онаси бўлган эр-хотин ис газидан заҳарланиб, ҳалок бўлган эди. Уларнинг 5 ва 7 ёшли фарзандлари бувисиникида бўлгани сабаб омон қолган.

Октябрь ойининг бир ҳафтаси ичида Тошкентнинг Чилонзор туманида 4 бола, 1 ноябрь куни Юнусобод туманида 3 киши ис газидан заҳарланиб вафот этган эди.

XS
SM
MD
LG