Бухородаги Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонаси “Bukhara Cotton Textile” асбоб-ускуналарини монтаж қилаётган ишчилари шартномада белгиланган иш ҳақининг фақат ярми берилаётгани, кунига 12 соатдан ишлатилаётгани ҳақида Озодликка шикоят қилди.
Озодлик суҳбатлашган ишчиларнинг иддао қилишича, асосан куч ишлатувчи органлардан пенсияга чиққан бошлиқлар, ишчиларга нисбатан "итга муносабат қилгандек" қўпол муомала, дўқ-пўписа, ҳақорат қилади.
Қўшма корхонанинг Озодлик боғланган бош ҳисобчиси ишчилар шикоятини инкор қилишга уринди ва уларнинг шартномада белгиланган маошни олаётганини билдирди.
Бухоро шаҳридаги “Bukhara Cotton Textile” Ўзбекистон - Буюк Британия қўшма корхонасининг ишдан ҳайдалишдан чўчиб исми сир қолишини сўраган монтажчиларидан бири ишчилар шартномада кўрсатилган маошнинг ярмини олаëтганини иддао қилди.
“Биз билан тузилган шартномани имзолаётган пайтда маошимиз 2,5 миллион сўм эканлигини кўрган эдим. Шартноманинг бир нусхасини бизга бермади, ўшанда зўрға ўқиб олишга улгурган эдим. Лекин амалда 1,2 миллион сўм иш хақи берилаяпти, 23 фоизли даромад солиғидан ташқари яна 800 минг сўм ҳеч бир сабабсиз ушлаб қолинаяпти. Декабрь ойлигини эса январнинг охирида олдик”.
Ишчининг айтишича, шартномадаги иш вақти ва дам олиш кунларига оид банди ҳам қўпол равишда бузилмоқда.
“Корхонанинг меҳнат шартномасида иш куни ҳафтасига 5 кун, шанба ва якшанба кунлари дам олиш куни, байрам кунлари дам олиш кунлари ва кунлик иш соати 10 соатдан иборат деб айтилган, аммо биз ҳафтасига 6 кун, байрам куни дам олишсиз, ҳар куни 12 соатдан ортиқ ишлаяпмиз”, дейди корхонанинг калава ишлаб чиқариш цехига асбоб-жиҳозларни монтаж қилаётган ишчи.
Калава ишлаб чиқариш цехини монтаж қилаётган бошқа ишчи эса асосан куч ишлатар тизимларидан пенсияга чиққанлардан иборат корхона раҳбарларини ишчиларга қўпол муносабат қилаëтганликда айблади.
“Офисдаги раҳбарларнинг аксарияти КГБ(МХХ), ГАИ, милиция, адлия, прокуратурада ишлаб пенсияга чиққан ёки ишдан ҳайдалган одамлар. Улар бизнинг ҳуқуқларимизни поймол қилишаяпти, ишчиларга "итга муносабат қилгандек" қўпол муомала, дўқ-пўписа, адоват, ҳақорат қилишади, норозилик билдирганларни эса ишдан ҳайдаш билан қўрқитишади. Шунинг учун иш жойимиздан ажралиб қолмай деб, ҳамма тишини-тишига қўйиб ишлаяпти. Бунинг устига Туркиядан келган мутахассислар бизга қўпол муомала қилиб, ҳатто дам олгани қўйишмайди”.
Ишчининг айтишича, улар махсус иш кийимларини ўзларининг пулига сотиб олмоқда.
“Шарт-шароит ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Техника хавфсизлиги 0 даражада, таъмирловчи чилангарлар, монтажник ва курувчиларга махсус кийим (спецодежда), каска, қўлқоп берилмайди, ишчилар ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, ишламоқда. Ошхонада оддий ишчилар учун таъмсиз, арзон масаллиқда пиширилган таом берилади, 700 киши учун кичкина ошхона, одамлар ярим соатлаб навбат кутишади. Корхонамиз идораси ходимлари, бошлиқлари, туркиялик “мутахассис”лар эса катта ва шинам ошхонада ресторанда ўтиргандек яхши овқатлар ейишади”, дейди монтажчилардан бири.
Озодлик ишчиларнинг бу иддаоларига муносабат олиш мақсадида 5,6 февраль кунлари “Bukhara Cotton Textile” қўшма корхонасининг раҳбарияти билан боғланишга ҳаракат қилди.
Корхона бош ҳисобчиси Шерзод Мирзаев Озодлик билан суҳбатда ўзини оддий мутахассис деб таништирар экан, ишчиларнинг иш ҳақлари масаласидаги иддаолари асоссиз, деди.
“Ундай бўлиши мумкин эмас, улар шартнома тузган бўлса, сизга иккинчи нусхасини кўрсатсин эди. Бундай шикоят бўлишини мен биринчи марта эшитиб турибман”, деди Шерзод Мирзаев.
Озодликнинг “агар сиз бухгалтериядаги мутахассис бўлсангиз, ишчиларнинг қанча маош олишини билмайсизми”, деган саволига Шерзод Мирзаев:
“Ҳозир бизда шундай вазиятки, энди қурилиш кетаяпти, энди иш бўлаяпти. Масалан мен, қўшни хонадаги мутахассислар неча сўм маош олишини ҳам билмайман. Менда тегишли бўлимим бор, бу бўлимга допуск йўқ менда. Ҳисоб-китобларимиз аксарияти ҳозир Тошкентда, марказлашган, ўша ерда олиб борилади. Бизларда фақат шу ўзимизга тегишли, қурилиш материалларига оид кирим-чиқимлар олиб борилади. Тўғрисини айтсам, менда иш ҳақи бўйича маълумот йўқ”, деди Шерзод Мирзаев.
Корхона офиси ҳали тўла қурилиб битмагани сабабли у ерга стационар телефон ҳали олиб кирилмаган.
Корхона ижрочи директори Олим Жумаевнинг мобил телефони ўчирилгани боис у билан боғланишнинг имкони бўлмади.
“Bukhara Cotton Textile” қўшма корхонаси қурилиши 2018 йилда бошланган.
Бу корхонада қарийб 700 нафардан ортиқ монтажчи ва қурувчи ишламоқда.
Корхонанинг калава ишлаб чиқариш ва тикувчиликдан иборат иккита цехи қурилмоқда. Айни пайтда, калава ишлаб чиқариш цехида монтаж ишлари олиб борилмоқда, тикувчилик цехи қурилиши давом этмоқда.