Францияда мактаб ўқитувчиси пичоқлаб ўлдирилди
Жума куни Франция шимолидаги ўрта мактабда бир эркак ўқитувчини пичоқлаб ўлдириб, икки кишини яралади. Ҳужум эҳтимолий террорчилик сифатида текширилмоқда.
Террорчиликка қарши кураш бўйича прокурорлар Париждан 185 километр шимолда жойлашган Арра шаҳридаги Гамбетта ўрта мактабига уюштирилган ҳужум бўйича тергов ўтказишаётганини айтди.
Воқеа жойига биринчилардан бўлиб келган полиция зобити Слиман Ҳамзининг айтишича, ҳужум қилган собиқ мактаб ўқувчиси араб тилида “Аллоҳу Акбар” – “Аллоҳ буюкдир” деб бақирган.
Ички ишлар вазири Жералд Дарманиннинг айтишича, ҳужум қилганликда гумон қилинган шахс қўлга олинган. Президент Эммануэл Макрон ички ишлар ва таълим вазирлари билан воқеа жойига борди. Ҳукумат расмийлардан Франция бўйлаб барча мактабларда ҳушёрликни кучайтиришни сўради.
Францияда мактабларга бундай ҳужумлар кам учрайди. Ҳужум сабаби аниқ эмас. Бу Ҳамаснинг Исроилга ҳужуми ва ҳар икки томондан юзлаб тинч аҳоли ўлимига сабаб бўлган Исроилнинг ҳарбий жавоби туфайли дунё бўйлаб кескинлик кучайган пайтга тўғри келмоқда. Исроилнинг Ғазо секторини тўхтовсиз бомбалаши юзасидан жума намозидан кейин мусулмон мамлакатларида оммавий норозилик намойишлари ўтказишга чақириқлар янграган.
Дарманин пайшанба куни маҳаллий ҳукуматларга яҳудийларга қарши ҳаракатлар кучайган бир пайтда Фаластинни қўлловчи барча намойишларни тақиқлашни буюрди.
Франция яҳудийлар сони бўйича дунёда Исроил ва АҚШдан кейин учинчи, мусулмонлар сони бўйича Ғарбий Европада биринчи ўринда туради.
Дунё бўйлаб Исроил ва Фаластинни қўллаб намойишлар ўтмоқда
Жума куни дунёнинг турли бурчагида Исроил ёки Фаластинни қўлловчи кўплаб намойишлар ўтказилди. Жумладан, Ироқдаги шиа мусулмонлари етакчиси Муқтада ас-Садрнинг минглаб тарафдорлари жума намозидан кейин Бағдодда Ғазодаги фаластинликларни қўллаб-қувватлаб намойиш ўтказди.
Ироқнинг олий шиа уламоси Оятуллоҳ Али ас-Систоний дунёни Ғазода содир бўлаётган «даҳшатли ваҳшийлик»ка қарши туришга ва Исроилнинг Фаластин халқига зулмини олдини олишга чақирди.
АҚШда эса минглаб одамлар Исроилни қўллаб-қувватловчи намойишларга чиқди.
Исроил тарафдорлари Лос-Анжелес, Маями-Бич, Хобокен ва Ню-Йоркнинг Шарқий Медоу шаҳарларида митинглар ўтказди.
Намойишчилар Исроил байроқлари ва рамзларини кўтариб чиқишган.
Пайшанба (12 октябрь) куни Нью-Йоркдаги Колумбия университетида эса Фаластин ва Исроилга тарафдор бўлган талабалар бир вақтда иккита митинг ўтказди.
Кампусда кетма-кет ўтказилган иккала митингга ўнлаб талабалар қўшилган.
Тўпланганлар бир бирларидан алоҳида турган, ҳар икки томон бир-бирларига "уят сизларга" деб бақирганда қисқа муддат ўртада таранг вазият пайдо бўлган. Ҳар икки томон Исроил ва Фаластин байроқларини кўтариб олган.
Ғазо аҳолисидан 24 соат ичида уйларини ташлаб чиқиш талаб қилинди
Исроил армияси Ғазодаги 1 миллиондан ортиқ тинч аҳолини 24 соат ичида жанубга кўчиб ўтишга чақирди.
Исроил Мудофаа вазирлиги ва армияси - ЦАХАЛ Ғазо бўлгаси аҳолисини жанубга эвакуация қилиш зарурлиги тўғрисида БМТни хабардор қилган.
БМТ эса бу каби катта кўламдаги эвакуация “оғир гуманитар оқибатларсиз” бўлмаслигидан хавотир билдирди.
Исроил қуруқликдан ҳужумга ўтиши кутилаётган бир пайтда Исроил Ғазо томон танклардан ўқ уза бошлади.
2,3 миллион аҳоли истиқомат қиладиган ва Исроил томонидан қамалда қолган Ғазо секторига қуруқликдан бостириб кириш жиддий хавф туғдиради.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гуманитар ёрдам идораси Ғазода 400 мингдан ортиқ одам ўз уйини тарк этгани ва 23 нафар ёрдамчи хизматчилар ҳалок бўлганини маълум қилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин Қочқинлар Агентлиги ўзининг амалиёт бошқармаси маркази ва халқаро ходимларини сектор жанубига кўчирганини маълум қилди ва Исроилни бошпаналарга ҳужум қилмасликка чақирди.
Ҳамас жангариларининг ўтган ҳафта охирида 1300 дан ортиқ исроиллик ўлимига сабаб бўлган ҳужумига жавобан Исроил жанговар учоқлари Ғазо секторини бомбалар экан, “Ҳозир уруш вақти”, деди пайшанба куни Мудофаа вазири Йоав Галлант.
Исроил ҳарбийлари яқин кунларда Ғазо шаҳрида «ўта муҳим» амалиёт ўтказишини ва тинч аҳоли фақат "тавсия қилинганда" қайтиши кераклигини айтди. Жавоб ҳужумларида аллақачон 1500 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.
HRW Исроилни Ғазога қарши оқ фосфорли ўқ-доридан фойдаланганликда айблади
Human Rights Watch ташкилоти Исроилни Ғазо ва Ливандаги ҳарбий амалиётларида оқ фосфорли ўқ-дорилардан фойдаланганликда айблаб, бундай қуроллардан фойдаланиш тинч аҳолига жиддий ва узоқ муддатли жароҳатлар етказишини айтди.
Исроил ҳарбийлари «ҳозирда Ғазода оқ фосфорли қуроллар қўлланилганидан хабардор эмаслигини» таъкидлаб, ушбу айбловга изоҳ бермади.
Human Rights Watch ташкилоти Ливан ва Ғазода фосфорли қуроллар қўлланилгани акс этган тасдиқланган видеоматериаллар борлигини билдирди.
Ғазо бўлгасининг аҳоли тиғиз ҳудудларида оқ фосфор ишлатиш халқаро гуманитар ҳуқуққа зиддир. Можаро томонлари тинч аҳолининг яраланиши ёки ҳалок бўлишига йўл қўймаслик учун барча эҳтиёт чораларини кўришлари лозим, дея урғулайди HRW.
2013 йилда Исроил армияси 2008-2009 йиллардаги Ғазога ҳужуми пайтида қўлланилган оқ фосфорли қуроллардан фойдаланишни босқичма-босқич тўхтатаётганини айтган.
Ўшанда ҳарбийлар душман позицияларини йўқ қилиш учун мўлжалланган фосфорли қуроллардан фойдаланишни қайта кўриб чиқилиши ҳақида ҳеч нарса демаган.