Ғазо секторидаги уйга бомба тушиб портлаши оқибатида 20 киши ҳалок бўлди
Шанба куни маҳаллий вақт билан 16:00 атрофида) Ғазо сектори марказидаги Дайр ал-Балаҳ шаҳрида уй бомбардимон қилинди.
Бу уйда Ал-Ажрамийлар оиласи ва уларнинг Ғазо шаҳридаги уйларидан кўчирилган қариндошларининг яна 10 оиласи яшаб турган эди.
Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги, портлаш оқибатида ўнлаб жароҳатлардан ташқари, аксарияти болалар дохил 20 киши ҳалок бўлганини эълон қилди.
Портлашдан омон қолганларнинг сўзларига кўра, нишонга олиш ҳеч қандай огоҳлантиришсиз амалга оширилган.
Тўрт ёшли Фулла Ал-Лаҳам Хон Юнис касалхонасида ёлғиз уйғонди. Исроил ҳаво ҳужуми натижасида вайрон бўлган уйдан биргина ал Лаҳам омон олиб чиқилди. Оиланинг қолган 14 аъзоси ҳалок бўлди.
Ғазо соғлиқни сақлаш расмийлари Исроил ҳужумларида 2300 дан ортиқ одам ўлгани, 10 мингга яқин инсон эса яралангани, уларнинг тўртдан бири болалар эканини билдирди.
Ал Лаҳамнинг бувиси Ум Муҳаммад набираси тирик қолганини кўриб бироз бўлсада кўнгли ёришди.
«Ўғилларим, набираларим ва ўғлимнинг қайнонаси уйда ўтиришган бўлган. Тўсатдан уйни бомбардимон қилишган. 14 киши ҳалок бўлди. Фақат шу қиз, набирам Фулла омон қолди. Умид қиламанки, у тузалиб кетади. Ўлганларнинг руҳлари ором топсин. Худо одамларга сабр-тоқат бергувчи зот», дейди Ал Лаҳамнинг бувиси.
Исроил Ғазога денгиздан ҳужум қилди
Кеча Исроил Ғазога ҳам ҳаводан, ҳам денгиздан ҳужумга ўтганини маълум қилди. Исроил кучлари кутилаётган қуруқликдаги ҳужум олдидан Ғазо билан чегарага танкларни ҳам жойлаштирган.
Исроил Мудофаа Кучлари «Ҳамас ҳарбий объектини биринчи марта "Саар 6" типидаги ракетадан нишонга олгани ва Ўртаер денгизидан Ғазодаги нишонларга зарба берилгани акс этган видеони эълон қилди.
Ҳамаснинг Исроилга 7 октабрдаги қонли ҳужумидан сўнг, Исроил Ғазони реактив самолётлар ва артиллериядан бомбардимон қилмоқда. Исроилнинг тинимсиз ҳужумлари 2,3 миллион фаластинлик яшайдиган анклав ҳудудни қамал ичида қолдирди.
ЦАХАЛнинг Ғазо бўлгасидаги ерусти амалиёти об-ҳаво туфайли кечиктирилиши мумкин
Исроилда тўққиз кундан бери уруш давом этмоқда. У еттинчи октябр тонггида Ғазо бўлгасидан террорчиларнинг ялпи ракета зарбалари, ҲАМАС ва “Ислом жиҳоди” гуруҳлари жангариларининг Исроил ҳудудига кириб, камида 120 кишини гаровга олиши билан бошланган эди.
Сўнгги қайдларга кўра, ҳужум натижасида 1300 дан зиёд исроиллик ҳалок бўлган, 3400 нафарга яқин киши яраланган. Исроил жавобан Ғазо бўлгасига бир неча кундан буён кетма-кет авиазарбалар бермоқда.
Бироқ ЦАХАЛнинг шу дам олиш кунлари бошланиши режаланган ерусти амалиёти айрим сабаблар, жумладан об-ҳаво шароити туфайли бир неча кунга кечиктирилди.
Бу ҳақда, Исроил мудофаа армиясидаги юқори мартабали манбаларига таяниб The New York Times газетаси хабар қилмоқда.
Манбаларга кўра, ерусти амалиёти қолдирилишига Исроил учувчилари ҳамда дронлар операторлари имкониятларини чеклаб қўйиши мумкин бўлган булутли об-ҳаво “қисман сабаб бўлган”.
Мазкур амалиётга қуруқлик қўшинларининг ўн минглаб аскари, шунингдек танклар, сапёрлар ва махсус кучлар, авиация ва артиллерия жалб қилиниши кутиляпти.
14 октябр оқшомида ЦАХАЛ матбуот хизмати Исроил армияси ерусти амалиётига шайлигини маълум қилган эди. Бундан олдин ҳарбийлар Ғазо тинч аҳолисини бўлгадан жанубга кўчиб кетишга чақиришган эди, ҲАМАС эса одамларни Исроилнинг чақириғига қулоқ солмасликка даъват қилмоқда.
Исроил армияси 15 октябрга ўтар кечаси Ғазо бўлгасига йўлланган авиазарбалар натижасида ҲАМАСнинг “Нуҳба” жангарилар ротаси командири Билол Ал-Кедра ўлдирилганини билдирди.
Исроил ҳарбийлари чегара яқинидаги Нирим Кибуцида юз берган хунрезликлар “Нуҳба” командири буйруғига кўра амалга оширилган, деб ҳисоблашади. Тунги авиазарбаларда ҲАМАС ва “Ислом жиҳоди”нинг бошқа жангарилари ҳам йўқ қилинди, дейилади ЦАХАЛ хабарномасида.
Кеча оқшом чоғи ва кечаси ЦАХАЛ Ғазо бўлгасидаги юздан ортиқ ҳарбий объектларга зарбалар берди.
Хусусан, ҲАМАС қўмондонлик марказлари, ҳарбий комплекслар, ракета отиш қурилмалари ва кузатув масканлари нишонга олинди.
Шунингдек, “Ислом жиҳоди”нинг қўмондонлик марказлари ҳам ўққа тутилди, дея маълум қилди Исроил Мудофаа армияси.
Аввалроқ New York Times Исроил ҳарбийларига ҳавола берган ҳолда, мамлакат Ғазо шаҳрини босиб олиш ва бўлга раҳбариятини “йўқ қилиш” учун 10 минг аскар жўнатишни режалаётгани ҳақида хабар қилган эди.
Ҳисоботларда бу 2006 йилги Иккинчи Ливан урушидан бери энг йирик ҳужум бўлиши, ЦАХАЛ Ғазо бўлгасининг бир қисмини лоақал вақтинча ўз қўлида тутиб туришга ҳаракат қилиши айтилади.
Бироқ кейинроқ хабар қилинишича, Исроил об-ҳаво туфайли ерусти амалиётини кечиктириши мумкин.
Ғазога қилинган ҳужумлар натижасида 2, 2 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди, 8, 7 минг киши яраланди - Фаластин ҳукумати
Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган зарбалари оқибатида камида 2215 киши ҳалок бўлган ва 8714 киши жароҳатланган.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, Ғарбий Соҳилдаги тўқнашувлар ортидан 54 киши ҳалок бўлган, 1100 киши яраланган.