35 мингдан ортиқ фаластинлик қочқин Ғазо жанубидаги чодир лагерида яшамоқда
Исроил армияси ўтган ҳафта қамал остидаги Ғазо секторининг шимолий ярмидаги тинч аҳолини жанубга кўчиб ўтишга буюрганидан бери 35 мингдан ортиқ фаластинлик қочқин Ғазо жанубидаги Хон Юнус шаҳридаги чодир лагеридан бошпана топди.
Хон Юнусдаги Ал-Мавасси лагерида БМТнинг Яқин Шарқдаги Фаластинлик Қочқинларга ёрдам ва Ишлар Агентлиги асосан Ғазо шимолидаги Жабалия ва Байт-Лахидаги қочқинлар лагерларидан эвакуация қилинган оилалар учун ўнлаб чодир қурди.
"Сув йўқ, совун ҳам йўқ, кўрпа ҳам йўқ. Бу ерда биз учун ҳеч нарса йўқ", - дейди Жабалиядан келган қочқин Ум Муҳаммад.
Лагердаги одамлар ёқилғи, электр энергияси ва интернетга эга эмас. Уларга консерва пакетлари бир неча кунда бир марта берилади.
Муҳаммад ва унинг хотини ўн нафар оила аъзосини боқиш учун товуқ шўрва пиширишга муваффақ бўлишди. Унинг айтишича, улар Исроил ҳаво ҳужумлари туфайли қочишга мажбур бўлган.
"Мен Ғазо шимолидан, Байт-Лахияданман. Биз Исроил ҳаво ҳужумлари давом этаётган маҳалламиздан қочиб кетяпмиз. Газ ва фосфордан қочдик. Болаларимизни ва ўзимизни портлашлардан ҳимоя қилиш учун Хон Юнусга келишга мажбур бўлдик”, деди у.
Шанба куни Миср Рафаҳ ўтиш жойини қайта очиб, гуманитар ёрдам ортилган 20 юк машинасини қамалдаги Ғазога киришига рухсат берди. Бироқ, БМТ учун ёрдамни саралаш ва тарқатиш учун бир неча кун керак бўлади.
БМТнинг Яқин Шарқдаги Фаластинлик Қочқинларга ёрдам ва Ишлар Агентлиги медиа маслаҳатчиси Аднан Абу Ҳаснанинг айтишича, Ғазо эҳтиёжларини қондириш учун кунига камида 100 та ёрдам юк машинаси керак.
ҲАМАС-Исроил можаросининг сўнгги босқичи бошланган октабрдан бери давом этаётган Исроил ҳужумлари натижасида 1,6 миллионга яқин одам, яъни Ғазо аҳолисининг камида 60 фоизи уй-жойини тарк этди.
Исроил танклари Ғазо чегараси яқинига жойлашди
Бугун тонгда Исроилнинг Ғазо билан жанубий чегарасига танклар жойлаштирилди. Исроил анклав шимолига ҳужумларни кучайтиришини билдирган.
Ўтган кечада Исроилнинг Ғазога берган ҳаво ҳужумларида камида 50 нафар фаластинлик ҳалок бўлгани хабар қилинди.
Исроил Ҳамаснинг 7 октабрдаги ҳужумларидан кейин Ғазони «тўлиқ қамал» ни бошлади. Ҳамас ҳужумида 1400 исроиллик, асосан тинч аҳоли ҳалок бўлди.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилнинг ракета ҳужумлари оқибатида ҳозиргача 4385 фаластинлик, жумладан, юзлаб болалар ҳалок бўлганини, бир миллиондан ортиқ одам ўз уйини тарк этганини маълум қилди.
БМТ расмийлари: Ғазо барқарор таъминотга муҳтож
БМТ расмийлари Ғазога гуманитар ёрдам етказишга чақирмоқда. Анклавга кеча 20 та юк машинасида гуманитар ёрдам етказилди.
Бироқ бу эҳтиёжларни қоплаш учун етарли эмас.
Миср, Халқаро Қизил ярим ой жамияти, БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури ва ЮНИCЕФ ҳомийлигида тиббий жиҳозлар, озиқ-овқат ва сув ортилган юк машиналари Ғазо секторининг жанубий қисмига етказилди.
ЮНИCЕФ ушбу ёрдам дастурини 44 000 шиша сув билан таъминлади. Бу Ғазонинг 22 000 аҳолисига бир кунга етади, холос.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Аденом Гебрейесус Ғазо эҳтиёжлари юборилган ёрдамдан анча юқори эканлигини айтди.
Жаҳон озиқ-овқат дастури Ижрочи директори Синди Маккейн Ғазодаги “фавқулодда озиқ-овқатга қарам миллионлаб одамлар” учун юборилган ёрдамдан “барқарор ва хавфсиз” фойдаланишни таъминлашга чақирди.
БМТ Ғазодаги асосий эҳтиёжларни қондириш учун кунига 100 та юк машинасида ёрдам кераклигини айтди. Синди Маккейн урушдан олдин Ғазога ҳар куни 400 га яқин юк машинаси келганини қўшимча қилди.
Икки фуқароликка эга фаластинликлар Рафаҳ чегара пунктида эвакуацияни кутмоқда
Исроилнинг қуруқликдан кутилаётган ҳужуми олдидан ўнлаб фаластинлик Миср ва Ғазо сектори ўртасидаги ягона ўтиш жойи Рафаҳ чегара пунктида тўпланган. Улар чегара очилишини кутмоқда.
Исроилнинг чегара яқинига қатор ҳаво ҳужумларидан сўнг, Миср ҳукумати 10 октябр куни чегара пунктини ёпди.
Бир неча кундан бери қочқинлар Рафаҳ чегара пункти ташқарисида тунамоқда. Улар орасида 10 ёшли Швеция фуқароси Ғазал Абу-Муссалим ҳам бор. У ва отаси Маҳмуд Абу-Муссалим саккиз ойдан бери Ғазода яшаб келаётган ва можаро бошланишидан олдин шу ерда қолишни режалаштирган эди.
«Биз хавфли вазиятдамиз, чегара яқинида ҳаво ҳужумлари содир бўлмоқда. Қизим болалар, аёллар ва қариялар ўлганини кўрди. Болам тунда портлашдан уйғониб кетиб кўчага югуриб, жароҳат олди. Мен унга қўрқма, Швеция элчихонаси бизга ёрдам беради, деб айтаман”, дейди ота.
Икки фуқароликка эга бошқа фаластинликлар ҳам Ғазо секторини имкон қадар тезроқ тарк этиш мақсадида чегара яқинида бошпана топган.
Исроилнинг эвакуация талаби ортидан Ғазо шимолида яшовчи бир миллиондан ортиқ фаластинлик ўз уйини тарк этди.
Миср фаластинликлар ўз ҳудудида қолиши кераклигини айтар экан, Ғазога инсонпарварлик ёрдамини ўтказишга ҳаракат қилмоқда.