Исроил Сурия ҳарбий тузилмаларига ҳаво зарбаларини йўллади
Исроил мудофаа армияси Сурия ҳудудидан бўлган ҳужумларга жавобан суриялик ҳарбийларга тегишли инфратузилма объектларига ва миномёт қурилмаларига зарба берди, дея маълум қилади ЦАХАЛ телеграм-канали.
Исроил ҳарбийларига кўра, сўнгги ҳужум 24 октябрда бўлган, Суриядан отилган икки ракета Исроилда очиқ жойга тушиб, портлаган. ЦАХАЛ бунга артиллериядан ўт очиш билан жавоб берган.
Айни чоғда Сурия томони Исроил ҳарбийлари икки марта – 12 ва 22 октябр кунлари Дамашқ ва Халаб аэропортларига ҳужум қилишди, демоқда.
АҚШ мудофаа вазирлиги матбуот котиби, бригада генерали Патрик Райдер эса шу кунларда Яқин Шарққа АҚШдан F-16 қирувчи учоқлари эскадрильяси борганини маъум қилди.
Пентагон эскадрилья айнан қаерга жойлашишини ҳозирча очиқламаяпти. Райдерга кўра, учоқларнинг минтақага ташланиши Яқин Шарқда АҚШ манфаатларига таҳдид сезиларли даражада кучайгани билан боғлиқ.
Ғазо жануби аёвсиз бомбардимон қилинди
Дунё етакчилари қамал остидаги анклавга ёрдам етказилиши учун ўт очишни тўхтатишга чақирганига қарамай, Исроил ҳарбийлари ўтган кеча Ғазо жанубини аёвсиз бомбардимон қилди.
Сешанба куни 704 фаластинлик қурбон бўлди, улардан 305 нафари болалар дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Бу можаро бошланганидан бери бир кун ичида қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир, дейди гуманитар ёрдамни мувофиқлаштириш маркази.
Ҳамас жангарилари 7 октябр куни Исроил жанубидаги шаҳарларга ҳужум қилиб, 1400 кишининг умрига зомин бўлди. Ўшандан бери Исроил Ғазони тинимсиз ўққа тутмоқда.
Айни пайтда, Исроил Ҳамас нишонларига ракета зарбалари бергани акс этган тасвирларни эълон қилди. Видеода Исроил армияси ҲАМАСга тегишли туннеллар, ҳарбий қароргоҳлар, қурол-яроғ омборлари, шунингдек, миномёт ва танкка қарши ракеталарга зарба бергани айтилади.
Ҳужум оқибатида юзага келган вайроналар Ғазонинг жанубий қисмига ўтишда тўсиқлар пайдо қилган. Исроил армияси ҳам буни тасдиқлади.
Рейтерс агентлиги видео жойлашуви ва санасини мустақил равишда тасдиқлай олмади.
ҲАМАС-Исроил ўртасида бошланиб кетган урушда қарийб 1400 киши ўлди, ҳозирда 300 га яқин одам шифохоналарда даволанмоқда, 5132 киши тиббий ёрдам олди.
ҲАМАС назоратидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотида бўлгада жами 5087 киши ўлгани, 15 минг 273 киши яралангани айтилади.
АҚШ: Яқин Шарққа АҚШдан F-16 қирувчи учоқлари эскадрильяси борди
АҚШ қамалдаги Ғазо сектори аҳолисини озиқ-овқат, сув, дори-дармон ва электр энергияси билан хавфсиз таъминлаш учун Исроил-Ҳамас урушида гуманитар пауза қилишга чақирди.
«Бошидан айтганимдек, биз тинч аҳолини ҳимоя қилишнинг барча чораларини кўришни хоҳлаймиз. Вақтинчалик пауза буни амалга оширишга имкн беради. Бу ўт очишни тўхтатиш дегани эмас. Ўт очишни тўхтатиш Ҳамас учун қўл келади деб ҳисоблаймиз”, деди Жон Кирби.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил ҳаво ҳужумлари натижасида бир кечада 700 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлганини маълум қилганидан кейин, Ғазога ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро босим кучайди.
"Ёнилғи Ғазодаги ҳаёт ва барқарорлик учун, у ердаги Фаластин халқи учун муҳим эканлигини бот-бот айтяпмиз. Биз Ғазога ёнилғи келишини давом эттириш учун ҳаракат қиламиз. Бироқ, кеча айтганимдек, Исроилнинг Ҳамас ёнилғини қўлга киритиб, ўз мақсадлари йўлида фойдаланилиши ҳақидаги хавотирларини ҳам албатта тушунамиз. Чучук сув олиш учун Ғазодаги сув тозалаш насосларини ишлаши керак. Буларнинг барчаси муҳим ва биз минтақадаги ҳамкорлар билан ёнилғини олиб кириш устида ишлаяпмиз”, деди Жон Кирби, Оқ уй матбуот котиби.
Исроилнинг БМТдаги доимий вакили БМТ бош котиби истеъфосини талаб қилди
24 октябрь куни Нью-Йоркда БМТ Хавфсизлик кенгашининг Яқин Шарқдаги можаро юзасидан йиғилиши бўлиб ўтган. Ташкилот бош котиби Антониу Гутерриш ҲАМАСнинг Исроил жанубига уюштирган ҳужумини “мудҳиш” деб атаган, бироқ шу билан бирга ҳужум “йўқ ердан келиб чиқмагани”ни қайд этган. БМТ бош котибига кўра, Ғазо секторидаги Фаластин аҳолиси бир неча ўн йилдан буён зўравонликка дучор бўлган, иқтисодиёт барбод қилинган, одамлар эса кўчирилган.
Бунга жавобан Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гутерришнинг истеъфосини талаб қилган. Исроил фуқароларига қарши амалга оширилган, устига устак террорчи деб эълон қилинган ташкилот томонидан амалга оширилган энг даҳшатли хатти-ҳаракатларни тушунишини айтаётганларни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди ёки улар билан гаплашишнинг маъниси йўқ”, деб ёзган Гилад Эрдан X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида.
Ўз навбатида, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен БМТ Хавфсизлик кенгашида қилган чиқиши чоғида мажлис иштирокчиларини ҲАМАС ва одамларга ҳужум қилаётган бошқа гуруҳларни қуроллантираётган ва дастаклаётган мамлакатларни қоралашга чақирган. Блинкен жиҳодчиларнинг 7 октябрдаги ҳужуми натижасида ҳалок бўлганлар орасида 30 дан зиёд мамлакат фуқаролари ва камида 33 нафар америкалик бўлганини эслатган.