Вазир Саидов Яқин Шарқ давлатлари элчилари билан Ғазо масаласини муҳокама қилди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 27 октябрь куни Тошкентдаги ТИВ биносида Бирлашган Араб Амирликлари, Жазоир, Иордания, Кувайт, Миср, Қатар, Фаластин, Саудия Арабистони ва Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиларини қабул қилган. Бу ҳақда вазир Саидов ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.
Мулозимга кўра, у яқин шарқлик дипломатлар билан бошқа масалалар билан бир қаторда Ғазо секторидаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашган.
“Биз яна бир бор барча томонларни тинч аҳоли орасида минглаб инсонлар, жумладан, болалар қурбон бўлаётган қуролли можарони тўхтатишга, ечим топиш учун фақат дипломатик воситалар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан фойдаланишга чақирамиз”, дейилган Бахтиёр Саидов хабарномасида.
Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон ТИВ 18 октябрь куни Ғазо секторидаги “Ал-Аҳли” касалхонасига уюштирилган ҳужумни кескин қоралаб, баёнот тарқатгани ҳақида хабар қилган эди.
ҲАМАС гаровдагиларнинг 50 нафари ҳалок бўлганини маълум қилди
Фаластиндаги ҲАМАС радикал гуруҳи вакили Абу Ҳомид “Коммерсантъ” газетасига “Исроилнинг Ғазо секторидаги бомбардимонлари натижасида шу пайтгача 50 нафар асир ҳалок бўлган”ини маълум қилди.
Газета манбаси 26 октябрь куни ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Абу Марзук бошчилигида Россия пойтахтига борган делегация таркибида бўлган.
Абу Ҳомид ҲАМАС урушнинг илк кунларидан “фуқаровий асирлар”ни озод қилиш ниятини билдиргани, аммо гуруҳга 7 октябрь куни Ғазога келиб қолганларни қидириб топиш учун вақт кераклигини урғулаган.
ҲАМАС вакили Россияни “Фаластин халқи учун дўст мамлакат” деб атаган. Унга кўра, Исроил томони ўт очишни тўхтатмас экан, гаровдагилар озод қилинмайди.
Исроил расмийлари 23 октябрь куни ҲАМАС жангарилари 222 нафар кишини гаровда тутиб туришгани ҳақида маълум қилган эди. Ўша баёнотдан кейин радикал гуруҳ исроиллик икки қари аёл – 85 ёшли Йохевед Лифшиц ва 79 ёшли Нурит Куперни озод қилгани билдирилган.
Исроил армияси Ғазо сектори шимолида рейд ўтказди
Ўтган тунда Исроил армияси пиёдалар ва танкларни ишга солган ҳолда Ғазо сектори шимолида рейд ўтказган.
ЦАХАЛ маълумотига кўра, қўшинлар жиҳодчиларнинг ўзлари, уларнинг инфратузилмалари ва танкка қарши бошқарилувчи ракеталар отадиган мавқеларига зарба беришган.
Рейд якунланганидан кейин аскарлар у жойни тарк этиб, Исроил ҳудудига қайтишди, дейилган хабарномада.
Рейд Фаластиндаги ҲАМАС ва “Исломий жиҳод” гуруҳларини йўқ қилиш учун жанговар ҳаракатларнинг кейинги босқичига ҳозирлик доирасида ўтказилган.
Аввалроқ Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу телемурожаатида Исроил армияси қуруқликдаги ҳужумга тайёргарликни давом эттираётганини билдирган, бироқ амалиёт бошланишига оид аниқ санани айтган эмас.
Reuters агентлиги куни кеча Исроил қақшаткич жанговар ҳаракатларга ҳозир экани, бироқ мамлакат расмийлари ҲАМАС назорати остида бўлган Ғазо сектори билан нима қилиш ҳақида тасаввурга эга эмасларини ёзган эди.
Бундан ташқари, қуруқликдаги амалиёт ҲАМАС гаровда ушлаб турган кишиларни озод қилиш бўйича музокараларга вақт бериш учун АҚШ илтимосига кўра кечиктирилгани айтилган.
Эрдўғон ҲАМАСни “мужоҳидларнинг озодлик гуруҳи” деб атади
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Фаластиндаги радикал ҲАМАС гуруҳини террорчи ташкилот деб атаётган мамлакатларни танқид қилди. Эрдўғон фикрича, ташкилот “ўз ерлари ва ўз фуқаролари мудофааси учун курашаётган муҳожидларнинг озодлик гуруҳи”дир. Бу баёнотни Туркия президенти мамлакат парламентида қилган чиқиши чоғида берган.
Бундан ташқари, Исроилга сафарини бекор қилишини билдирган. Президент Анқара Исроил билан алоқаларни тўлалигича яхшилаш ниятида бўлганини, бироқ у турк томонининг хайрихоҳлигини суиистеъмол қилиб, жавоб қадамларини қўймаганини қайд этди.
Шу билан бирга, Эрдўғон Туркия Исроил билан можарони изга солишда Фаластин томони учун кафолатчи давлат ўлароқ чиқишга тайёрлигини урғулади.
Ўтган йил якунида Исроил ва Туркия ўз алоқаларини элчилар даражасида тўла тиклашган эди. Айни пайтда Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Анқара фаластинликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этишини билдирган.
Исроил билан Туркия ўртасидаги алоқалар 2010 йилда – Ғазо секторига йўл олган турк кемаси Исроилнинг махсус топшириқлар бажарадиган отряди томонидан қўлга олингани ортидан кескин ёмонлашиб кетган эди. 2018 йилнинг май ойида Исроил ташкил топганининг 70 йиллиги ва АҚШ элчихонасининг Тель-Авивдан Қуддусга кўчирилиши манзарасида Ғазо секторида бўлиб ўтган норозилик акциясидан кейин Анқара Исроилнинг Туркиядаги элчисига мамлакатни тарк этишни таклиф қилган. Ўша пайтдаги тўқнашувларда 60 га яқин фаластинлик ҳалок бўлган эди.