Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:40

Лукойл Болгарияда қандай қилиб миллионлаб даромад олади, лекин деярли солиқ тўламайди


1963 йилда Қора денгиз соҳилидаги Бургасда Болгариянинг биринчи нефтни қайта ишлаш заводи ишга тушганида, Болгариянинг ўша пайтдаги коммунист раҳбари Тодор Живков “Нефт ва кимё саноатимиз таянчи” дея мақтанган эди.

Орадан олтмиш йил ўтиб Болгариянинг режали иқтисодиёти аллақачон йўқ бўлиб кетди, аммо таянч деб аталган компания нефт маҳсулотларини қайта ишлашда давом этмоқда. Бу нафақат Болгариядаги, балки бутун Болқон минтақасидаги энг йирик энергия компанияси.

Бироқ, бир муҳим жиҳат ўзгарганини таъкидлаш лозим: Эгалик масаласи. Бургасдаги нефтни қайта ишлаш заводи энди Болгариягагина тегишли эмас. Россиянинг энергетика гиганти Лукойл ҳам ҳозирда заводга эгалик қилади.

Деярли барча кўрсаткичларга кўра, “Лукойл Нефтохим Бургас” деб аталмиш компания сўнгги 15 йил ичида Болгариядаги энг муваффақиятли компанияга айланди. У 40 миллиард евродан (45,7 миллиард доллар) кўпроқ даромад келтирган магнат бўлди. Компания Болгария бозорида ҳукмронлик қилмоқда. Мамлакатнинг монополияга қарши комиссиясига кўра, Болгария йўлларида деярли барча автомобиллар Бургасдаги нефтни қайта ишлаш заводидан олинган ёнилғида юради.

Болгария коммунист раҳбари Тодор Живков 1963 йилда Бургас нефтни қайта ишлаш заводини расман очиб берган.
Болгария коммунист раҳбари Тодор Живков 1963 йилда Бургас нефтни қайта ишлаш заводини расман очиб берган.

Аммо, Россияга тегишли нефтни қайта ишлаш заводи мунтазам равишда Болгарияда даромадлари эмас, йўқотишлари ҳақида эълон қилиб келади.

2006 йилдан бери компания бир неча истисноларни ҳисобга олмаса ҳар йили молиявий йўқотишлар ҳақида ҳисобот беради. 2020 йилда бу миқдор 500 миллион левни (292 миллион доллар) ташкил этди. Фойданинг йўқлиги ҳақидаги ҳисобот айни дамда Болгария давлат ғазнасига даромад солиғи тушмаслигини ҳам билдиради.

“Болгария бозорида гигант бўлсангиз‑у, ўн йил фойдасиз ишлаш... бу мумкинми?" Яқинда Миллий даромад агентлиги раҳбари Румен Спецов савол билан юзланди.

Сўнгги ойларда молия вазири ва солиқ агентлиги раҳбари экспертлар “трансфер нархлари” деб номлайдиган бухгалтерия ҳисобидаги муғомбирлик билан боғлиқ бўлган катта солиқ бўшлиғини ёпиш чораларини кўришга чақирди. Натижада ҳужжатлардаги даромад Болгариядан Россияга ўтказилди.

Лукойлнинг Болгарияга келиши

Бургас нефтни қайта ишлаш заводи тарихидаги ҳал қилувчи палла 1999 йилда ҳукумат Нефтохим-Бургасни хусусийлаштириш учун завод капиталининг 58 фоизини сотишни маъқуллаган пайтга тўғри келади. Тендер иштирокчиси Россия энергетика конгломератининг шўъба корхонаси бўлган “Лукойл Петрол” компанияси эди, ва ўшанда компания завод акциялари учун 101 миллион доллар тўлаган.

Россиянинг Газпромдан кейин иккинчи йирик энергетика компанияси бўлган Лукойл нефть ва газ конларини, нефтни қайта ишлаш заводларини бошқаради ва уларга эгалик қилади, ўнлаб мамлакатларда энергия савдоси билан шуғулланади.

Хусусийлаштириш вақтларида Болгария Бош вазири бўлган Иван Костовнинг айтишича, Бургас нефтни қайта ишлаш заводини сотиб олишга фақатгина Россия компаниялари қизиқиш билдирган.

Болгариянинг ўша пайтдаги Бош вазири Иван Костов (ўнгда) Лукойл президенти Вагит Алекперов (чапда) ва Россиянинг Болгариядаги ўша пайтдаги элчиси Леонид Керестидян билан 1999 йил октябрь ойида Бургасни хусусийлаштириш шартномаси имзолангандан кейинги сурат.
Болгариянинг ўша пайтдаги Бош вазири Иван Костов (ўнгда) Лукойл президенти Вагит Алекперов (чапда) ва Россиянинг Болгариядаги ўша пайтдаги элчиси Леонид Керестидян билан 1999 йил октябрь ойида Бургасни хусусийлаштириш шартномаси имзолангандан кейинги сурат.

Бунинг ажабланарли ери йўқ, чунки Бургас Совет давридаги технология билан жиҳозланган ва қайта ишлаш учун Россиядан импорт қилинадиган нефтга қарам эди. София янги хусусийлаштирилган заводнинг олтин улушини сақлаб қолганига ишонч ҳосил қилди ва бу эса заводнинг ҳар қандай стратегик қарорларида овоз беришни кафолатларди. Аммо, орадан 20 йилдан кўпроқ вақт ўтгани ҳисобга олинса, ҳукумат Лукойл Болгарияда қабул қилган қарорларда камдан-кам ҳолларда ўз овози билан қатнашгани кўринади.

Лукойл йиллар давомида Бургас устидан назоратни кучайтирди, хусусийлаштириш вақтида ходимларга берилган кўпгина акцияларни ҳам сотиб олди. Бугунги кунда Лукойл Нефтохим Бургаснинг асосий акциядори 89.97 фоиз билан “Litasco” ва 9.88 фоиз билан “Lukoil Oil Company” ҳисобланади. (Қолган 0,15 фоизи 7700 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларга тегишли.)

“Litasco” Лукойлнинг Швейцарияда рўйхатга олинган шўъба корхонаси ҳисобланади. У халқаро бозорда Лукойлнинг эксклюзив харидори ва сотувчиси сифатида қатнашади.

Ноль ставкадаги солиқ?

Доминант бозор позицияси, юқори талаб, мустаҳкам даромад. Буларнинг барчаси ҳар қандай бизнес учун мойдек ёқимли кўринади. Лукойлнинг Болгариядаги фаолияти эса буларнинг барчасидан баҳраманд. Бироқ Россия энергетика концерни бухгалтерия ҳисоботида кўрсатилишича, компания Болгарияда зарарга ишламоқда. Ўз навбатида бу ҳол Софияни ташвишга солган, чунки бу Лукойл ҳеч қандай даромад солиғи тўламаслигини англатади.

2011 йилда ўша пайтда Болгария божхона агентлиги раҳбари Ванё Танов нефтни қайта ишлаш заводи “ноль солиқ тўловчи” эканидан шикоят қилган эди. Тановнинг айтишича, божхона агентлиги Лукойл Нефтохим Бургас Швейцарияда рўйхатдан ўтган “Litasco” шўъба корхонаси томонидан қуритилган ёки йўқлигини текширмоқда.

"Бу компания нефть хомашёси нархини ҳам, экспорт қилинадиган миқдорни ҳам белгилайди. Эҳтимол, фойда бу фирмада йиғилиб, Лукойл зарар кўрувчи компаниядек кўринаётгандир", дея таъкидлаган эди Танов ўша пайтда Болгария ОАВларига берган интервьюсида.

Кейинчалик Танов нефтни қайта ишлаш заводига қанча нефть тушаётганини назорат қилишни яхшилаш мақсадида Бургас нефтни қайта ишлаш заводига уланган қувурларга ҳисоблагичлар ўрнатиш бўйича саъй-ҳаракатларга бош-қош бўлган.

2011 йилда Божхона агентлиги “мамлакатимизни олигархия бошқараётгани ҳақида шубҳа уйғотган” мисли кўрилмаган баёнот билан чиққан эди.

"Бугун тунда хорижий манфаатларнинг оғир сояси Европа Иттифоқи ва НАТО аъзоси елкасига тушди", дея қайд этилган Божхона агентлиги баёнотида.

"Сайёрадаги ягона зарар кўрувчи нефть компанияси"

Охирги 15 йил ичида Бургас нефтни қайта ишлаш заводи фақат уч йил фойда билан чиққан: 2007, 2016 ва 2017 йилларда. Қолган барча йилларда Бургас фақат зарар кўрган.

2016 йилда Лукойлнинг Болгариядаги ўша пайтдаги вакили Валентин Златев Болгария парламенти Миллий ассамблеяси қўмитасига фирманинг шубҳали молиявий натижалари бўйича хавотирларни кўриб чиқиш учун чақирилган.

“Лукойл Нефтохим Бургас” 78 миллион евро эквивалентда корпоратив солиқ тўлаган, “лекин сўнгги уч йил давомида (2013, 2014, 2015) компания зарар кўрди”, таъкидлаган ўшанда Златев.

Болгариянинг кўплаб сиёсий элитаси, жумладан собиқ президент Георгий Парванов ва собиқ бош вазир Бойко Борисов билан дўстона муносабатда бўлган Златев, “Афсуски, нефть шу қадар қимматлашиб, ҳатто ундан олинадиган ёқилғи нефтдан арзонроқ бўладиган пайтлар ҳам бўлади”, деган эди.

Болгариянинг собиқ бош вазири Бойко Борисов (чапда), Валентин Златев (ўртада) ва Вагит Алекперов
Болгариянинг собиқ бош вазири Бойко Борисов (чапда), Валентин Златев (ўртада) ва Вагит Алекперов

2020 йилда нефтни қайта ишлаш заводининг молиявий муаммолари яна парламентда муҳокама қилинди.

Болгария социалистик партиясидан депутат Румен Гечев ўша пайтда ассамблеяда “Лукойл Нефтохим Бургас”ни – сайёрадаги фойда кўрмаётган ягона нефтни қайта ишлаш заводи”, деб атаган.

Ўша пайтдаги молия вазири Владислав Горанов Миллий даромад агентлиги нефтни қайта ишлаш заводида икки марта катта салбий натижалар қайд этганини тушунтириб берди. Болгария қонунчилигига таяниб Горанов бу йўқотишлар беш йил ичида ушлаб қолиниши ёки қопланиши мумкинлигини таъкидлади.

Горановнинг тушунтириши, айниқса, ўша пайтдаги мухолифат “Демократик Болгария” коалицияси аъзолари орасида шубҳа билан қарши олинди. Улар мамлакат даромад агентлигидан "Лукойл Нефтохим Бургас" компаниясига нисбатан ўтказилган молиявий текширувларни эълон қилишни талаб қилди.

Суд Миллий даромад агентлигига ушбу текширувларни эълон қилишни буюрди. Журналистларнинг сўровларига қарамай, шу кунгача агентлик талабларни бажармаган.

Йўқотишлар ҳақидаги ҳисобот қандай тузилди

Экспертлар “Лукойл”нинг Болгариядаги фаолияти мамлакат қонунчилигига зид эмаслигини ва уни бузмаётганини айтади. Бу бухгалтерия ҳисоби юритилишига боғлиқ кўринади: трансферт нархлари. Молиявий муғомбирликдек кўринадиган нарса хомашёни етказиб беришдан тортиб то якуний маҳсулот ва уни сотишгача бўлган бутун ишлаб чиқариш жараёнини назорат қилувчи компаниялар томонидан тез-тез қўлланади. Бу Лукойлнинг Болгариядаги фаолиятини бенуқсон қилиб кўрсатади.

“Лукойл” компанияси нефть хомашёси ишлаб чиқаради, уни Бургасдаги нефтни қайта ишлаш заводига етказиб беради, кейин эса ёнилғи сотади”, дейди Софиядаги Демократияни ўрганиш маркази таҳлилчиси Maртин Владимиров Озодлик радиосининг Болгария хизматига.

Демократик Болгария ҳамраиси Христо Иванов 2020 йилда Лукойл трансфер баҳоси туфайли 500 миллион евро солиқ тўлашдан қочган бўлиши мумкинлигини маълум қилди.

“Litasco” транзакцияларнинг асосий иштирокчиси, дея тушунтиради Владимиров. У Россиянинг Лукойл компаниясидан нефть хомашёси сотиб олиб, кейин Бургас нефтни қайта ишлаш заводига сотади. Алоҳида кўринган бу учта компания ортида Лукойл турибди. “Litasco” воситачи сифатида паст нархда сотиб олишга ва юқори нархда сотишга интилади.

"Ҳаммаси Швейцарияда рўйхатдан ўтган “Litasco”гa бориб тақалади, у ерда даромад солиғи жуда паст ва бу фойда солиққа тортилмаслиги ва тўғридан-тўғри Россияга боришига имкон берувчи қонуний вариантлар мавжудлигини англатади", деб тушунтирди Владимиров.

Давлат назорати ҳақида нима дейиш мумкин?

Лукойлнинг Бургас нефтни қайта ишлаш заводини назорат қилган йиллар давомида Болгария ҳукумати озчилик манфаатдор томон қаторида компаниянинг корпоратив кенгашидаги ўрнини сақлаб қолди. Ўша йиллар Болгария сиёсий элитаси Лукойлнинг болгар вакиллари билан яхши алоқаларга эга эди.

2011 йилда 2009-2021 йилларда Болгария бош вазири лавозимида ишлаган Борисов Лукойлнинг Болгариядаги собиқ вакили Валентин Златевга ишора қилиб, “Златев менинг дўстим” деган эди. Лукойл президенти Вагит Алекперов Болгарияга сафар қилиб, Болгариянинг юқори мартабали амалдорлари билан учрашган чоғида унга деярли қироллик оиласига бўлганидек муносабатда бўлишган.

Озодлик радиоси Златевдан Болгария расмийлари у билан солиқ масаласини кўтарган-кўтармаганлиги ҳақида изоҳ сўради. У жавоб бермади.

1999 йилда нефтни қайта ишлаш заводи хусусийлаштирилганидан сўнг бошқарув кенгашидан ўрин олган биринчи болгар вакил Спас Гарневски Озодлик билан суҳбатда “Лукойл дастлаб давлат бюджетига энг катта солиқ тўлаган компания эди, кейин эса кўп йиллар давомида бу кўрсаткич пасайиб кетди”, дея таъкидлади.

2013-2017 йилларда нефтни қайта ишлаш заводи директорлар кенгашида Болгария вакили сифатида ишлаган Румен Овчаров Лукойлнинг Болгарияга киритган катта сармояси компанияга маълум имтиёзлар келтирганини айтди. Овчаров Озодлик билан суҳбатда “компаниянинг молиявий ҳисоботларини чуқур ўрганиш имкони бўлмаганини” таъкидлади.

Болгарияда сиёсий босим кучайиб бораётган бир пайтда, Лукойл 2021 йилда трансфер нархини белгилаш бўйича бухгалтерия амалиётини тўхтатишини ёки Миллий даромад агентлигининг 260 миллион евро солиқ тўлаши кераклиги ҳақидаги хулосаси устидан шикоят қилиши ҳақида эълон қилди.

Аммо, бу даргумон, чунки компания ўтмишда эълон қилинган зарар ҳақидаги ҳисоботлардан яна фойдаланиши мумкин.

Спецов 2021 йилнинг ноябрида унинг агентлиги Лукойлнинг Болгариядаги операциялари устидан кенг кўламли текширув ўтказаётганини маълум қилди.

Болгария молия вазири Арсен Василев Озодлик билан суҳбатда “Лукойл Нефтохим Бургас” компанияси аудити ҳали якунланмаганини айтди. У Бош вазир Кирил Петков ва бошқа юқори лавозимли амалдорлар 2021 йил декабрида “Лукойл”нинг биринчи ижрочи вице-президенти Вадим Воробёв билан учрашганини қўшимча қилди.

Демократияни ўрганиш маркази ходими Владимиров текширувларга қарамай, нимадир ўзгаришига ишонмайди.

“Бу бутун Россия компаниялари томонидан амалга оширилаётган глобал схема. Даромад эса доим Россияга йўналтирилади”, деди Владимиров.

XS
SM
MD
LG