Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:23

Маданият вазирлиги рэперларни қўллаб, улар ижодини ривожлантирмоқчи


Маданият вазирлигидаги рэпчилар йиғилиши
Маданият вазирлигидаги рэпчилар йиғилиши

Ўзбекистон маданият вазирлиги 14 май куни “Рэп ва шу каби йўналишларда миллий қадриятлар уйғунлиги” мавзусида ижодий учрашув ўтказди. Учрашувга рэперлар, санъатшунослар таклиф қилинди.

Вазирлик матбуот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаеванинг Озодликка билдиришича¸ “рэп йўналишида ижод қилаётган кўпчилик ёшларга нисбатан салбий қарашларга барҳам бериш” мақсадида бу учрашув ўтказилган.

Суҳбатдошга кўра¸ бу жанрни ривожлантириш йўлидаги илк қадам сифатида Тошкентда рэп фестивали ўтказилади:

- Жорий йилнинг август ойида Тошкент шаҳрида рэп ва диджейларнинг Халқаро фестивалини ўтказиш белгиланди. Мақсад рэп ижрочиларини саралаш, уларнинг ижодини баҳолаш, мастер-класслар ўтказиш, миллий форматдаги оригинал қўшиқлар яратишларига кўмаклашиш. Чунки ëшлар мақом эшитмайди. Ëшлар рэп¸ рок ва поп қўшиқларни эшитади.

Маданият вазирлиги матбуот хизмати раҳбарининг яна айтишича¸ ижтимоий тармоқларда рэп йўналиши бўйича рэп-лейбл, Телеграм-бот очиш ва уларни янгиликлар билан тўлдириб бориш ҳам вазирлик режасига киритилган:

- Биласизми, етакчи нашрларнинг аксарият мухаррирлари ëши катта одамлар. Уларнинг кўпчилиги рэп ëки жаз мусиқий йўналишини тушунмайди ва севмайди. Шу боис кўпинча бу йўналишлар ҳақида салбий мақола ëзилади. Бу тўғри эмас. Бу кемтикни тўлдириш учун рэп жанрини матбуотда тарғиб қилиш ва шу жанрдаги яхши ижроларни клип қилиб суратга олишни йўлга қўямиз.

Африқонинг назмий ритмлари

RAP – бу “Rhythmical African poetry”, яъни “Ритмли Африка поэзияси ” сўзларининг қисқартма шакли ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг яқин тарихида ташкил бўлган рэп-бандлардан бири бўлган Ал -Вакил гуруҳи артистлари қотилликда айбланиб, жазога тортилгани ортидан гуруҳ тарқалиб кетгани айтилади.

ДАДО рэп жамоаси раҳбари Рустам Мадумаров эса уюшган жиноий гуруҳ тузишда айбланиб жазо ўтамоқда.

Дунë тажрибасида рэп ўқийдиган санъаткорларнинг криминал дунëга яқин бўлиши одатий ҳол сифатида кўрилади.

Ўзини рэп қўшиқлари бўйича мусиқашунос деб таништирган 30 яшар Timb Shredz (Темур Рўзметов) Озодлик билан суҳбатда ўзбекча рэп яратиш самарасига шубҳа билдирди:

- Аҳолининг кўпчилиги рэпга скептик қарайди. Сўров қилинса камгина одам рэпни танлайди. Чунки кўпчилик назарида рэп негатив. Мисол учун ФБ даги ўзбек юзерларининг Ғарб маданияти ҳақидаги фикри асосан негатив. Рэп бу 100% Ғарб маданияти. Мен доимо рэп, РНБ,Хип хоп эшитаман¸ практически ҳар куни. Лекин биронта ўзбек рэпини мунтазам эшитмайман. Чунки улар рэп деб айтаëтган нарса рэп эмас. Американский рэп эшитиб нимани тушунасан деган савол бўлиши мумкин. Мен уни ҳис қиламан. Улар ўзлари яратади. Ҳеч кимдан ўғирламайди. Жонли овоз ва асосийси одамга нечукдир мотивация барадиган атмосфера яратади. 50 cent, Eminem, Snoop dogg,Wizz khalifa ва хоказо. Ўзбек рэпда бу химия йўқ, ҳатто рус рэперларини хам профессионал даб айтиш қийин¸ дейди рэп ишқибози.

Темур Рўзметовнинг ишонишича “астойдил ҳаракат қилинсагина Ўзбекистонда рэп гуруҳ яратса бўлади”:

- Хулоса оддий - рэп Америкадан бошқа давлатлар учун мутлақо бегона маданият. Нафақат ўзбек, балки руслар учун ҳам. Чунки ҳақиқий рэп фақат АҚШда яралган (west coast) . Лекин шу билан бирга Ўзбекистонда ривожлантирса бўлади. Факат ҳақиқий талантли йигитларни топиб креатив ўзбек рэп яратса бўлади.

Ҳақиқат излаëтган ўзбек рэпчилари

Ўзбекистон телеканаллари ва расмий саҳналарида бу рэпчилар ижоди деярли тақдим қилинмайди.

Ўзбекистондаги телеканаллардан бирида ишлайдиган ва исми айтилишини истамаган мусиқа муҳарририга кўра, бу рэперлар ижро этаëтган матнларда сўкиш сўзлар бисëр.

Бундан ташқари суҳбатдош назарида бу рэп қўшиқлар Тошкент ўзбеклари ва Самарқанддаги тожиклар шевасида айтилиб, адабий тил нормаларидан жуда узоқ.

Озодлик мухбири рэп қўшиқларида Ўзбекистон ҳаëтининг расмий матбуотда ëритилмайдиган жиҳатлари танқидий кўз қарашда тараннум қилинаëтганлигини аниқлади.

Бу қўшиқлардан бири порахўр домлаларга аталади.

"Эй домла сен соққа олавериб ўзингни тубан аҳволга туширдинг. Мен пул бермаганим учун сен менга икки қўйдинг, бу инсофданмас" деб куйланади Youtube.com порталида машхур бўлган рэп ашулада:

Талабалар эшитинглар икки қўйишди,

Бу домлалар пул оламан деб просто ейишди.

Ҳўв домлалар эсларингни еб қўйдинглар,

Ўзингларни ўзинглар соққа билан сўйдинглар.

Рэпчилар Тошкентлик киракашлар муаммосини ҳам қўшиққа солишган:

Бизларга фарқи йўқ, фарқи йўқ.

Ўзбек киракашларининг тенги йўқ, тенги йўқ.

Йўл ëпиқми, светофор бузуқми,

Ўта олмайдиган жойлардан ҳам ўтиб кетаверамиз.

Гаиларга битта сигнал берамиз, қўлни кўтариб қўямиз

Биз таксичиларни трассада хурмати баланд. Ҳей...

Шу билан бирга ўзбек рэперлари ижросида ҳақиқат ва адолатни излашга интилиш бор:

Атрофни ўраган қора булут зулмат,

Разилликларга энди қила олмайман тоқат.

Ҳаммада савол туғилади охир оқибат

Ким жавоб бера олади, қайда ҳақиқат?

XS
SM
MD
LG