Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:36

Иш берувчиси томонидан алданган ўзбек муҳожири жавобгарликка тортилди


Иш берувчиси томонидан тақдим этилган патенти қалбаки бўлиб чиққан 27 яшар жиззахлик Ғолиб Омонқулов Москва полицияси томонидан тўрт кун ҳибсга олинди ва иши баробарида¸ яшаб турган жойидан ҳам айрилди.

Россияга атиги 4,5 ой олдин иш излаб келган Ғолиб Омонқулов, ўз иш берувчи менежери томонидан алдангани ортидан жиддий муаммоларга дуч келганини айтади:

- Москвада “Алматинский” метро ёнида квартирага жойлашдим ва “Ашан” гипермаркетига ишга кирдим тележка ташувчи бўлиб. Менежеримга документларимни, паспортимни, фотосурат бердим. У менга ишлашим учун патент билан бейжик тайёрлаб берди. “Ойлигинг 25 минг, патент қилиб берганим учун мен ҳар ой 4 мингдан олиб қоламан”, деди. Рози бўлдим. Яқинда бир охранник билан тортишиб қолдим. У мелиса чақиртирди ва ҳужжатларимни текширди. Ҳамма тўловларим яхши чиқиб, патентим қалбаки бўлиб чиқди. Улар мени отделга олиб кетди, дейди Ғолиб.

Ўзбек муҳожирининг айтишича¸ шундан сўнг Москванинг Братеево туман полиция бўлимида тўрт кун ушлаб турилган.

Қалбаки патент қилиб берган “Ашан” гипермаркети менежери эса Ғолибни унга қарши кўрсатма бермасликка кўндирган:

- Бояги менежерим “Бўйнига олсин, "патентни ким қилганини билмайман", деб ёзсин – ўзим чиқариб оламан!”, деган хотинимга. Шуни ўйлаб, ҳужжатларга қўл босдим... Мана бир ой бўлаяпти, 18 мартдан бери на қўйвормаяпти, на суд бўлаяпти. Ҳужжатсиз эса иш йўқ. Мен оилам билан келгандим – келинингизнинг ошқозони оғриб қолди. Нима қилишни, қандай чиқиб кетишни билмаяпмиз, деди Ғолиб.

Ғолиб икки нафар фарзанди билан қишлоқда қолган онасининг аҳволи ёмонлашгани сабабли Россиядан чиқиб кетишга қарор қилганини билдирди.

Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонлик муҳожирнинг рафиқаси ҳам патентнинг қалбаки бўлиб чиқиши ортидан ночор аҳволда қолганларини айтади:

- Биз ҳозир отделда ўтирибмиз. 2-3 кундан бери квартирамиздан ҳам чиқарворган – сарсон бўлиб юрибмиз. Паспорт-документларини ололмаяпти, шуни ҳар куни кутиб ўтирибмиз, деди ўзбекистонлик аёл.

Братеево туман полиция бўлимига бир ой давомида қатнашга мажбур бўлган эр-хотин рус тилини яхши билмаслиги сабабли тергов нега бунча узоқ чўзилаётганини тушунмаётганини айтади.

Ғолиб билан суҳбат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:33 0:00
Бевосита линк

Братеево туман полиция бўлимининг Ғолиб иши билан шуғулланаëтган терговчиси Наталья Павленко ўзбек муҳожирига нисбатан жиноий иш очилгани сабабли паспорт ва бошқа ҳужжатлари вақтинчалик мусодара қилинганини билдирди.

У “қалбаки ҳужжатдан фойдаланиш” моддаси асосида жавобгарликка тортилган”, деди полиция ходимаси:

- Ҳужжатлар текшириш учун мусодара қилинган. Чунки биз 327-модда 3- қисм, яъни “қалбаки ҳужжатдан фойдаланиш” моддаси асосида жиноий иш очилганмиз. Битта ҳужжати қалбаки чиққани сабабли, қоида бўйича, қолганларини ҳам текшириб кўришимиз лозим. Уни тайёрлаш бўйича алоҳида жиноий иш очилган.

Тушунаман, улар жуда қийналиб қолган. Биз бўлимимизда эр-хотинга вақтинчалик иш топиб бериш масаласини кўриб чиқаяпмиз. Тергов чўзилиб кетганига эса Ўзбекистондаги паспорт бўлими ходимлигининг лоқайдлиги сабаб бўлмоқда. Биз бир ой олдин жўнатган Ғолибнинг паспорт олганини тасдиқловчи маълумотнома ҳақидаги сўровномамизга улар “ана жўнатдик-мана жўнатдик”, “йўлда йўқолибди” ёки “сўровнома олганимиз йўқ” деган баҳоналарни қилмоқда, деди терговчи Наталья Павленко.

Полиция расмийси Ғолиб Омонқулов иши юзасидан терговнинг яқин орада якунланиши ва унинг ҳужжатларини қайтариб беришларини билдирди.

Наталья Павленко полиция суддан Ғолибга қамоқ жазоси тайинламасдан, энг кам миқдорда жарима сўрашини ҳам маълум қилди.

XS
SM
MD
LG