Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:30

Москвада илк бор мигрантлар учун бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилади


Вакансиялар ярмаркаси мигрантлар учун илк маротаба ўтказилмоқда
Вакансиялар ярмаркаси мигрантлар учун илк маротаба ўтказилмоқда

22 апрель куни Москвада илк маротаба меҳнат муҳожирлари учун бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтади. Унда йирик иш берувчилар вакиллари меҳнат муҳожирлари билан учрашади.

Анжуман доирасида миграция соҳаси экспертлари чиқишлари ва мастер-класслари, Москва ва Россиянинг бошқа минтақаларидан келган йирик ишлаб чиқарувчи ширкатлар вакилларининг мигрантлар билан учрашувлари бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка қўшимча маълумот берган Migranto.ru ахборот-рекрутинг портали раҳбари Светлана Саламова ярмаркада меҳнат муҳожирларига миграция соҳасига оид ҳуқуқий маслаҳатлар ҳам берилишини билдирди:

- Бугунга келиб меҳнат миграцияси бозори панада қолиб кетган. Айни дамда, жуда кўплаб иш берувчиларга ишчи муҳожирлар керак, уларни легал тарзда ишга жойлаштириш имкони бор. Бошқа томондан, ишга рухсатномаси бор кўплаб мигрантлар иш жойи тополмасдан ҳалак. Воситачилик қилаётган кўплаб шубҳали ширкатлар ва шахслар туфайли рекрутинг соҳасига ишонч қолмаган. Мен бу икки тарафни бир майдонда бирлаштиришни мақсад қилиб қўйдим.

Ярмарка ташкилотчиси Светлана Саламова айрим иш берувчилар таклиф қилинаётган иш шароитлари ва тартиби тўғрисида маълумот беради, қолганлари эса мигрантлар учун ўз маҳсулотларини таклиф қилади, деди. Масалан, Сбербанк мутахассислари пул жўнатмаларига оид янги таклифлар ва мигрантлар учун кредитлар берилиши, банкда ҳисоб рақамини очиш ва бошқа долзарб масалалар борасида маълумот беради.

Ярмаркада Migranto.ruдан ташқари Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги, Россия мигрантлар федерацияси, “Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой” жамияти ва бошқа ташкилотлар ҳам иштирок этади.

Махсус бўлимда хориж гражданларига Россияга кириш-чиқиш, маҳаллий миграция қонунчилиги янгиликлари ва киришга тақиқларни бекор қилиш масаласи бўйича маслаҳатлар берилиши кўзда тутилган.

Меҳнат муҳожирлари учун иш ўринлари ярмаркаси 22 апрель куни Москва шаҳри, Мир проспекти, 36 уй, 1 бинода ўтказилади. Барча иштирокчилар учун кириш бепул.

2018 йилда Москва шаҳар бюджетига меҳнат мигрантларига патент сотишдан 17 млрд рубль (~255 млн.АҚШ долл.) даромад тушган. Бундан бир йил олдин бу кўрсаткич 15,7 млрд. рубль (277 млн. доллар)ни ташкил этган.

2018 йилда ишга рухсатноманинг ойлик тўлови 4,2 мингдан 4,5 мингга, 2019 йилда эса 5 минг рублга етказилди.

Айни пайтда, мигрантларнинг кўтарилган ойлик ишга рухсатнома учун тўловлари 2018 йилда маҳаллий бюджетларга 57,3 миллиард рубль (қарийб 900 млн АҚШ долл.) миқдорида (2017 йилда – 51,3 млрд. рубль) даромад келтирди.

Бу тўловларнинг асосий қисми Ўзбекистон ва Тожикистон гражданларига тўғри келди.

XS
SM
MD
LG