Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:31

Фарғоналиклар Иркутскка энди самолётда бориб-келиши мумкин


ИрАэро учоғи
ИрАэро учоғи

Шу йилнинг 18 декабридан “ИрАэро” авиакомпанияси Иркутск-Фарғона-Иркутск йўналишида доимий қатновларни йўлга қўяди.

Айни пайтда Ўзбекистон билан Россия ўртасида бошқа транспорт воситалари ҳаракатланадиган бошқа янги йўналишлар ҳам очилмоқда.

Россиянинг “ИрАэро” авиаширкати Иркутск-Фарғона-Иркутск йўналиши бўйича қишки мавсумда ўз учоқлари парвозларини йўлга қўйишини маълум қилди.

Иркутскдаги “ИрАэро” компанияси вакили Владислав Озодликка Фарғона йўналиши бўйича учоқлар ҳафтасига бир марта амалга ошиши тасдиқлаб, деди:

- Билишимча, Иркутскдан фақат Тошкентга парвозлар уюштирилган. Айрим маълумотларга кўра, бизнинг авиакомпания Иркутскдан Тошкентга парвозларни ташкиллаштирган “Якутия” авиакомпаниясидан бу йўналишни олди. Аллақачон икки маротаба Тошкентга бориб келдик. Энди доимий равишда “ИрАэро” Ўзбекистонга бориб келади. Мана, декабрдан энди Фарғонага учоқлар бориб келиши тўғрисида келишувлар бор.

“ИрАэро” расмий хабарига кўра, Иркутск-Фарғона йўналиши бўйича авиақатнов 2018 йилнинг 18 декабридан бошланади: парвозлар ҳафтасига бир марта - сешанба куни амалга оширилиши режалаштирилди.

“ИрАэро” расмий сайтида учоқ эрталабки 8:50-да Иркутскдан чиқиб, Фарғонага маҳаллий вақт билан соат 9:30-ларда етиб келиши маълум қилинди. “3 соату 40 дақиқа вақтни олувчи парвозлар Россиянинг замонавий Superjet100 авиамашиналарида амалга оширилади”, дейилади хабарномада.

Авиакомпания бу йўналиш бўйича қатнов фақат қишки мавсумга ташкиллаштирилгани ва келаси йилнинг 26 мартигача амалга ошишини маълум қилди. Мутахассислар Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги охирги пайтларда авиақатновлар сонининг ошишини Россияга бориб келаётган ўзбек муҳожирлари оқими катталиги билан изоҳламоқда.

“ИрАэро” ширкати​ Иркутск-Фарғона йўналиши бўйича парвоз қиладиган учоқ учун чипта нархи (бир томонга) ўртача 15,5 минг рублни (~230 АҚШ долл.) ташкил этишини эълон қилди.

Бундан олдинроқ “ИрАэро” ширкати Красноярск-Фарғона йўналиши бўйича янги рейсларни йўлга қўяётганини хабар қилганди, бироқ ҳозирга келиб бундай рейслар йўқлиги маълум.

Бугунга келиб “ИрАэро”дан ташқари Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги авиақатновларни “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Аэрофлот”, UTair, S7 Airlines ва “Нордвинд” авиаширкатлари амалга ошириб келмоқда.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ҳам жорий йилнинг 2 ноябридан Наманган - Санкт-Петербург - Наманган йўналиши бўйича мунтазам йўловчи қатновларини қайта тиклаши борасида Озодлик хабар берган эди.

Шу йилнинг октябри охирларида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси биринчи марта ўз рейсларини Москванинг Внуково аэропортидан Тошкентга бажара бошлади. Аэропорт маъмурияти меҳнат мигрантлари фаоллашган қишки мавсумда Внуководан Самарқанд, Наманган, Термиз, Фарғона, Урганч, Нукус ва Навоий шаҳарларига ҳам маршрутлар бўлиб туришини таъкидлади.

Ўзбекистон ва Россия темир йўл ва автобус қатновини ҳам ривожлантирмоқда

Охирги пайтларда икки давлат ўртасида темир йўл ва автобус қатнови сони ошгани ҳам кузатилмоқда.

Жумладан, 14 декабрдан бошлаб, Тошкент-Москва-Тошкент йўналишида ҳафтада бир марта - ҳар жума янги поезд қатнови йўлга қўйилади.

"Ўзбекистон темир йўллари" ширкатининг маълум қилишича, 8 декабрдан бошлаб Россиянинг Қозон шаҳрига ҳам поезд қатнови йўлга қўйилади.

Поезднинг плацкарт вагонларига чипта нархи 1 млн 175 минг сўмни, купе учун эса - 1 млн 570 минг сўмни ташкил қилиши билдирилди.

Россия ва Ўзбекистон Қозон-Тошкент йўналиши бўйича халқаро автобус маршрутини ҳам очгани хабар қилинди. Шу йилнинг 23 ноябрида 2,6 минг километр йўл босган автобус 43 соат йўл юриб, Тошкент шаҳрига етиб келди. Ташувчи компания ҳафтасига икки марта қатнаётган автобуслар чиптаси 500 минг сўм ёки 5,5 минг Россия рублига сотилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги мунтазам автобус қатнови шу йилнинг 14 сентябрида очилган бўлиб, биринчи рейс Россиянинг Нижний Новгород шаҳрига амалга оширилган эди.

XS
SM
MD
LG