Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:26

Тажрибага тушган аёллар. Сирдарёда аёл ҳоким кенгаш раислигидан кетди


Сўнгги 2 йил ичида тайинланган 7 ҳокима (юқоридаги қатор чапдан ўнгга) Гавҳар Алимова, Шавкат Мирзиёев, Зулайҳо Маҳкамова, Санобар Носирова, ( пастдаги қатор чапдан ўнгга) Дилфуза Ўралова, Мақсуда Мустафоева, Наргиза Неъматова, Садбархон Мамитова (марҳума).
Сўнгги 2 йил ичида тайинланган 7 ҳокима (юқоридаги қатор чапдан ўнгга) Гавҳар Алимова, Шавкат Мирзиёев, Зулайҳо Маҳкамова, Санобар Носирова, ( пастдаги қатор чапдан ўнгга) Дилфуза Ўралова, Мақсуда Мустафоева, Наргиза Неъматова, Садбархон Мамитова (марҳума).

Сирдарё вилояти Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Ўролова Ўзбекистонда маҳаллий кенгаш раислигидан кетган илк ижро ҳокимияти раҳбари бўлди.

Туман ҳокимлиги матбуот хизмати 7 февраль куни тарқатган хабарда айтилишича, бундан буён кенгашга депутатлардан бири раҳбарлик қилади.

Маълум бўлишича, Боёвут туманида маҳаллий кенгаш раиси тажриба тариқасида депутатлар орасидан сайланмоқда.

Тажрибанинг қанчалик кенг қўлланиши маълум эмас.

"Бир умрлик орзу"

7 февраль кунги сессияда Дилфуза Ўролова маҳаллий кенгаш раислигини топшириш "бир умрлик орзуси" бўлганини айтган.

“Тажриба тариқасида Боёвут туманида маҳаллий кенгаш раиси депутатлар орасида сайланади. Бир умрлик орзуйим шу, энди биринчи сектор раҳбари сифатида кенгаш мажлисида секторлар қаторида пастда ўтириб, нейтрал ҳисобот топшираман, яъни ўзим кенгаш раиси вазифасини амалга оширмайман”, дея Ўролованинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда туман ҳокимлиги матбуот хизмати.

Амалдаги тартибга кўра, вилоят ёки туман ҳокимлари ўз қарорларини маҳаллий кенгашларга тақдим қилади ва айни ҳокимлар, кенгаш раиси тариқасида, ўзлари киритган қарорни ўзлари тасдиқлайдилар.

Ҳокимларнинг маҳаллий кенгаш раислигидан кетиши нима учун айнан аёл ҳокимадан бошлангани маълум эмас.

Дилфуза Ўролова Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан Ўзбекистонда туман ҳокими лавозимига тайинланган 7 аёлдан бири.

Ҳокималар

Воёвут тумани ҳокими маҳаллий кенгаш раислигидан кетгани эълон қилинишидан бир кун аввал яна бир аёл ҳамкасби - Қарши туман ҳокими Мақсуда Мустафоева эса ўз аризасига биноан вазифасидан кетгани маълум қилинди.

Туман ҳокимлиги матбуот хизмати берган баёнотга кўра, Мустафоева танқидлар ортидан лавозимидан озод қилинган.

Ҳокимнинг ишдан олинишига жумладан, у раҳбарлик қилган даврда аҳолидан шикоятлар кўпайгани, ҳоким оғир участкалар билан қизиқмагани сабаб бўлгани айтилмоқда.


Мустафоеванинг 2020 йил март ойида ҳокимликка тайинланиши президент ташаббуси ва гендер тенглик кўриниши сифатида тақдим қилинганди.

Туман ҳокими матбуот котиби Аҳрор Содиқовнинг Озодликка билдиришича, камчиликлар боис ишдан олинган собиқ ҳокимага нисбатан суриштирув ёки жиноят тергови бормаётир, у меҳнат таътилида ҳамда тез орада кейинги фаолияти ҳақида хабар берилади.


Айни пайтда тармоқларда Мустафоеванинг юқори лавозимга тайинланиши эҳтимоли ҳақида ҳам гапирилмоқда.

Қарши туман ҳокими матбуот котиби Аҳрор Содиқов эндиликда собиқ ҳокимнинг тақдири билан боғлиқ хабарларни шарҳлай олмаслигини билдирди.

Тажрибага тушган аёллар

Шавкат Мирзиёев президентликка келгач, муқаддам фақат эркаклардан иборат бўлган ҳокимлар сафига аёлларни ҳам қўшиш ташаббуси билан чиқди.

2019 йил 27 декабрида Тошкентдаги учрашувлардан бирида президент, илм аҳли ва раҳбар аёлларни кўпайтириш зарурати ҳақида гапирган, шу жумладан аёл раҳбарлар кўпайса, “коррупция камроқ, халқ билан мулоқот кўпроқ” бўлишини таъкидлаган эди.

Президентнинг сўзларидан кейин ҳозиргача 7 нафар аёл ҳокимликка тайинланди. Уларнинг баъзилари жойларда чексиз ҳокимиятга эга эркак ҳамкасблари билан бўлгани каби можаролар марказида қолишди.



Жумладан, Мақсуда Мустафоева 2020 йилнинг 4 мартида лавозимга тайинлангач қатор жанжаллар, жумладан Қарши тумани ҳокимлигида йиғилган хайрия маблағларидан 100 миллион сўмининг ноқонуний ўзлаштирилишига алоқадорлик учун танқид қилинган, ҳайфсан олган эди.

Ўша йилнинг сентябрида Қашқадарё вилояти собиқ ҳокими Зоир Мирзаев журналистларга берган суҳбатида Мақсуда Мустафоевани ҳокимлик лавозимига тавсия қилганидан афсусда эканини ҳам айтган.

Андижон вилояти Бўстон туманининг марҳум ҳокимаси Садбархон Мамитова эса, фермерларни уятли сўзлар билан ҳақорат қилгани қайд этилган ёзув ошкор бўлиши билан танилган. Озодлик бу ҳақда хабар қилган ва бунинг ортидан Мамитова Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновдан огоҳлантириш олганди.

“Териси юпқа” ҳокималар

Андижон вилоятидаги маҳаллий органлардан бирида узоқ йиллар ишлаган собиқ мулозимга кўра, аёл ҳокимлар теграсидаги жанжаллар ёки бошқарув услубининг эркак ҳокимларникидан катта фарқи йўқ.

“Фақат булар аёл киши бўлгани учун кўпроқ эътиборни тортяпти. Бундан ташқари, аёлларнинг “териси бироз юпқалик” қиляптиям. Бу ҳокимликда ишлайдиганларнинг “бети қаттиқ”. Бақир-чақир, сўкиш-уриш, бировнинг ҳаққини юлиш, ёлғон гапириш, ўғирлаш, коррупция - ҳаммасидан бор ҳокимиятда. Аёллар бунақа муҳитда раҳбар бўлганидан кейин ўрнини топиб олиши янаям оғир бўляпти. Шунинг учун, ҳар мақомга тушиб кетишяпти. Аслида, гап кўпам ҳокимнинг аёл ёки эркаклигидамас, ўша вилоятдаги муҳит ва вилоят ҳокимларининг қанақа раҳбарлигига боғлиқ”.

20 йилдан ортиқ далада ишлаган андижонлик фермер аёл, умри давомида 15 нафардан зиёд ҳокимни кўргани, булардан икки нафари аёл киши бўлганини айтади.

Ўзининг сўзларига кўра, у ҳокимлар сафида аёллар пайдо бўлганидан аввалига севинган, аммо севинчи узоққа бормаган.

“Аёл оилани севади, ўз оиласини севгандай юртини ҳам севади, деб хато ўйлаган эканман. Мана, ҳозир бизнинг туманда ҳоким опа, битта кластернинг тарафини олиб, фермерларни бошқа кластер билан ишлашига қаршилик қиляпти. Неча марта арз қилдик. 15 та ҳоким билан ишлаган бўлсам, хулосам шуки, ҳокимлик структурасининг ўзи ўзгармаса, аёл ҳоким келадими, эркак келадими - натижа бир хил бўлаверар экан”.

Президент Мирзиёев ҳокимлар маҳаллий кенгаш раислигидан кетиши ва ҳатто умумхалқ сайловларида сайланишини ваъда қилган, аммо бу ваъдалар ҳануз амалга ошгани йўқ.

Иккинчи муддатга сайланган Мирзиёевнинг муҳокамага қўйилган 5 йиллик тараққиёт стратегиясида маҳаллий кенгаш раислигига номзод кўрсатиш тартибини ўзгартириш ҳақида сўз боради, холос.

XS
SM
MD
LG