Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:30

"Москва" бозорида ҳамюрти ҳимоясига чиққан юзга яқин тожикистонлик ҳибс этилди (ВИДЕО)


"Москва" Савдо маркази
"Москва" Савдо маркази

20 сентябрь куни Москвадаги савдо марказларидан бирида ўз ватандошининг қўриқчилар томонидан қаттиқ калтаклаганидан норози бўлган юзлаб тожикистонлик муҳожир воқеа жойига тўпланди. Савдо маркази қўриқчилари билан муҳожирлар ўртасида юзага чиққан оммавий тартибсизлик оқибатида 100 га яқин тожикистонлик полиция бўлимларига олиб келинди.

Россия пойтахтининг Люблино мавзесида жойлашган “Москва” Савдо марказида 20 сентябрь куни соат кечки 9 ларда оммавий муштлашув содир бўлди.

Айтилишича¸ бу жанжалга савдо маркази қўриқчиларининг тожикистонлик 27 яшар аравакаш йигитни калтаклаб¸ чала ўлик қилгани сабаб бўлди.

Муҳожир йигитнинг калтакланганини эшитган 200 га яқин тожикистонлик муҳожир савдо мажмуаси парковкасига йиғила бошлаган ва Каримовни калтаклаганлар жавобгарликка тортилишини сўраган.

Айни пайтда, ижтимоий тармоқлар ва айрим Россия нашрларида калтакланган 27 яшар Наврўз Каримов калтакланганидан кейин оқ матога ўраб, савдо мажмуаси ташқарисига ташлаб кетилгани, шифохонага олиб келинганидан кўп ўтмай нобуд бўлгани тўғрисида хабарлар тарқалди.

Можародан хабар топган Москва шаҳар полицияси воқеа жойига ўнлаб ОМОН ва Росгвардия жангчиларини ташлади.

- 20 сентябрь куни кечки пайт полиция ходимлари томонидан Тихорецкий бульваридаги савдо маркази ёнида оммавий тартибсизликлар олди олинди. Маҳаллий полиция бўлимларига 90 зиёд одам келтирилди. Ҳодиса ортидан аниқланган жиноят аломатлари юзасидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 213- моддаси (“Безорилик”) асосида жиноий иш очилди, дея хабар тарқатди Москва полицияси.

Жабрланган Наврўзнинг амакиси Шарифжон Ғуломов журналистларга берган интервьюсида қўриқчиларнинг жиянидан қўшимча пул талаб қилиб калтаклаганини айтди:

- Укам бу ерда “толкатель”, яъни аравакаш бўлиб ишлаб келган. “Витязь” қўриқчилари келиб, уни офисга олиб кетишган ва гўё ташиган тележкасидан 800 сўм кам берган деб¸ шу арзимаган пул баҳонасида олиб бориб уришган, деди Шарифжон.

Ҳодиса ҳақида Озодлик мухбирига қўшимча хабар берган Тожикистон элчихонаси вакили Аҳмад Иброҳимов тожик дипломатлари “Москва” савдо мажмуасига боргани ва вазиятни назорат қилиб турганини билдирди.

Youtubе порталида полиция ходимларининг бозор стоянкасида йиғилган муҳожирларни тарқатаëтгани акс этган видео пайдо бўлди:

Тожикистон консуллиги расмийси Сарвар Бахти Озодликка Наврўз Каримовнинг ўлдирилгани тўғрисидаги миш-мишларга асос йўқлиги, у ҳозирда 68-сонли шаҳар шифохонасида қолаётганини маълум қилди:

- Вазияти яхши – биз ўзимиз кириб кўрдик. Реанимацияда эмас, оддий палатага ётқизилган. Баданида кўзга ташланадиган жароҳат кўринмайди. Мия чайқалиши деган ташхис қўйишган. Саволларимизга ўзи жавоб берди. Унинг айтишича, бозор тартибларига кўра, ҳар бир олиб кирган ё чиққан юк учун муайян миқдорда ҳақ берилиши керак экан. Бу бола юкни олиб кириб пулини берибди ё бермабдими – қўриқчилар тушунмасдан бировнинг юкини уники дебдими, хуллас, уни хилват жойга олиб бориб калтаклашибди. Уни ахлатхонага ташлашгани ҳам ёлғон бўлиб чиқди. Калтакланганидан кейин у ўзи шериклари ёнига келиб, “Бошим оғрияпти”, деб, йиқилибди, деди Сарвар Бахти.

Тожикистонлик ҳуқуқ фаоли Каримжон Ëровнинг Facebook саҳифасида шифохонага келтирилган жабрланувчи Наврўз Каримовнинг видеотасвири пайдо бўлди.

Тожикистон ваколатхонаси расмийлари полицияга олиб кетилган 100га яқин одамдан “Люблино” полиция бўлимида 14 киши қолаётгани ва улар ҳам сўроқ қилинганидан кейин қўйиб юборилишини айтди.

Ҳозирча тасдиқланмаган хабарларга кўра, тожик муҳожирини урган қўриқчи ҳам ҳибсга олинган ва сўроқ қилинмоқда. Полиция бошқармасида қўриқчиларга нисбатан 116-модда, яъни “Калтаклаш” моддаси асосида жиноий иш қўзғатилиши мумкинлигини билдиришди.

Озодлик Россиянинг бошқа бозорлари, қабристон ва қурилиш майдончаларида оммавий муштлашув ва тартибсизликлар олдин ҳам бўлиб тургани тўғрисида хабар берган.

XS
SM
MD
LG