Қозоғистоннинг Остона шаҳридаги бозорга хўжалик сумкасида ташлаб келтилган жасаднинг 26 яшар ўзбекистонлик муҳожир аёлники экани аниқланди. Остона полициясининг Озодликка билдиришича¸ бу аёлни ташлаб кетган шахс ушлаган ва ҳозирда тергов амалиëтлари давом этмоқда.
Остона Ички ишлар департаменти расмий вакили София Қолишбекованинг Озодликка айтишича, 30 яшар ўзбекистонлик эркак марҳума билан Қозоғистон пойтахтида никоҳсиз яшаб келган.
- Туркистон вилоятида яшовчи 30 яшар бу шахс ҳибс этилди. Унинг сўзларига кўра, улар бирга 3 йилча никоҳда бўлишган. Уларда ҳатто боласи ҳам бўлган – 2 яшар ўғил бола ҳозирда шаҳар болалар шифохонасига жойлаштирилди. Никоҳлари қайддан ўтмаган экан. Бу ерда қотиллик бўлмаган - аёл жасади экспертизадан ўтказилиб, унинг сил касалидан нобуд бўлгани маълум бўлди, дейди полиция расмийси.
Исми сир тутилаётган бу одам сўроқ пайтида оғир ва узоқ вақт хаста бўлган аёлнинг ижарага олинган ётоқхонада жон берганини сўзлаб берган.
Кўмишга етарли маблағи бўлмаган туркистонлик эркак мурдани сумкада кўчага ташлаб кетишга қарор қилган, дея давом этади София Қолишбекова:
- Кеча берган кўрсатмасига биноан, аёли ўлганидан кейин у нима қилишни билмасдан боши қотган. Молиявий томондан қийин яшаётганини айтган бу шахс сумкада ўликни узоқ бўлмаган “Шанхай” бозорига ташлаб келишга қарор қилган. У қочиб кетади, аммо полиция ходимларимиз уни топиб, Туркистон вилоятида қўлга олишди. Ҳозир бу шахс тергов изоляторида, тергов давом этаяпти, деди Остона полиция вакиласи.
Бу одам 2 яшар ўғлини танишларига ташлаб кетгани аниқлангач, назорат инспекторлари болани олиб, Остона шаҳар болалар шифохонасига жойлаштирган
26 яшар ўзбекистонлик аёл жасади Остонанинг “Шанхай” бозорига туташган Алаш шоссеси бўйида 13 сентябрь куни кечки соат 8 ларда топилган эди.