Ўзбекистон Олий Суди 26 июн куни 2013 йилда судланиб узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган "MUVAD VIDEO" студияси раҳбари Абдушукур Исломов ва унинг икки акаси устидан чиқарилган ҳукмни бекор қилди.
Бу ҳақда Озодликка билдирган Абдушукур Исломовнинг айтишича, иш қайта кўриб чиқилиш учун жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига юборилган.
Ноҳақ айбланганлар уларга қўйилган тўқима айловларнинг тўлиқ олиб ташланишига, мусодара қилинган 3 миллион долларлик хусусий мулк қайтарилишига ва айбдорлар жазоланишига умид қилмоқда.
"MUVAD VIDEO" студияси раҳбари Абдушукур Исломовнинг Озодликка айтишича, узоқ йиллик азоб ва кутишлардан сўнг адолат қуёши кўриниб қолган:
- Олий Судда назорат тартибида суд бўлиб ўтди. Олий Суд аввалги суд чиқарган барча ҳукмларини бекор қилди. Бизга 13та оғир модда қўйган эди. Биз бу айбловларнинг тўқима эканлигини, уч миллион долларлик мол-мулкимизни қайтариб берилишини сўраган эдик. Менга 12 йил, икки акамга 11 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилган эди. Мен 4 йилу 3 ой, акаларим 3 йилдан ўтириб чиқдик. Жуда оғир кунларни бошимизга солишди. Яхшиям, замон ўзгариб, эл бошига адолатли президент келди. Худо хоҳласа, тўла оқланиб оламиз, деган ниятдамиз.
Абдушукур Исломовга кўра, уларга қарши гувоҳлик берганлар кучли тазйиқ ва қўрқитишлар остида шу ишни қилишга мажбур бўлганини айтган:
- Ўша ёлғон гувоҳлик берганлар, "мени урган, сени ҳам қамаймиз деб қўрқитган", деб айтишяпти. Кимларгадир бизнинг бизнесимиз керак бўлиб қолган, шу бизнесни олиш учун бизни шу кўйга солишди.
Абдушукур Исломов ва унинг икки акаси Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 167-моддасининг 3 қисми а,б бандлари ва 149-,178-, 179-, 210-, 243-моддалар асосида тадбиркор солиқдан қочиш, сохта тадбиркорлик, контрафакт маҳсулотларни тайёрлаш ва тарқатиш, лицензиясиз ишлаш каби қатор жиноятларда айбланган эди.
1990 йиллар бошларида Тошкентда очилган хусусий "MUVAD VIDEO" студияси Ўзбекистонда аудио ва видео ёзиб олиш фаолиятини бошлаган илк хусусий студия бўлган.
Ўзбекистонлик машҳур санъат юлдузларининг концерт дастурларини илк бор шу студия ёзиб олиб, тарқатган эди.
"MUVAD VIDEO" студияси фаолиятини кузатиб келаётган Озодлик манбасининг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримованинг эри Рустам Мадумаров "PanTerra Studio"ни ташкил қилганидан сўнг, у билан рақобатчи бўлган студияларга нисбатан сиқув бошланган эди.
"MUVAD VIDEO" студияси ҳам ана шу зарбага учраганлардан бири бўлган.
PanTerra эса Гулнора Каримовага тегишли Terra Group медиа ширкатига кирган.