Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:26

Европа инсон ҳақлари суди Навальний иши бўйича Россияга қарши ҳукм чиқарди


Россия мухолифати раҳбари Алексей Навальний 15 ноябрь куни Страсбургда суд ҳукми ўқилгандан сўнг журналистлар билан суҳбатлашмоқда.
Россия мухолифати раҳбари Алексей Навальний 15 ноябрь куни Страсбургда суд ҳукми ўқилгандан сўнг журналистлар билан суҳбатлашмоқда.

Европа инсон ҳақлари суди (ЕИҲС) Россия мухолифатининг танилган етакчиси Алексей Навальний фойдасига ҳукм чиқарди. Суд ҳукмига кўра¸ Россия ҳокимият идоралари бир қанча айблов эълон қилиш ва қамоққа ташлаш билан Навальний ҳақларини поймол қилган ва бу айбловларга унинг сиёсий фаолияти сабаб бўлган.

Франциянинг Страсбург шаҳрида жойлашган Европа инсон ҳақлари суди 15 ноябрь куни ҳукмини эълон қилди. Унда ўтган сафар Навальний фойдасига чиқарилган ҳукм устидан Россия берган шикоят аризаси рад этилади.

Суднинг сўнгги ҳукми билан олдинги ҳукм ўз кучида қолдирилди.

Ҳукмда қайд этилишича¸ Россия ҳокимият идоралари 2012 ва 2014 йилларда Навальнийни етти марта қамоққа олиш ва икки марта суд олдидан ҳибсхонада ушлаб туриш билан унинг ҳақларини топтади, бу чораларнинг “ҳуқуқий мақсади бўлмаган” ва улар “демократик жамият табиатига зид ҳолатлардир”.

Россия Конституцион суди олдинроқ, агар ЕИҲС суди ҳукмлари Россия конституциясга зид бўлса, ҳокимият вакиллари уларни бажармаслиги мумкинлиги хусусида қарор чиқарган эди.

Россия Страсбург судида бир неча шов-шувли ишни ютқазди ҳамда сиёсий сабабларга кўра очилган ўнлаб иш учун отнинг калласидай товон пули тўлашга буюрилди.

Россия президенти Владимир Путиннинг энг машҳур танқидчиларидан бири Навальний Страсбургдаги суд мажлисида иштирок этди ва Инстаграмга укаси Олег билан тушган суратини қўйди.

Аввалроқ¸ 13 ноябрь куни Навальнийнинг Москвадан чиқиб кетишига рухсат этилмагани хабар қилинган эди.

Федерал суд нозирлари хизмати (ФСНХ) вакили унинг “Кировлес” давлат ёғоч саноати компаниясидан қарзи борлигини ва шу сабабли чиқиб кетиши тақиқланаётганини айтди. Навальний сиёсий сабабларга кўра ушбу жиноий иш бўйича икки марта судланди.

ФСНХ вакили кейинчалик жарима тўлангани сабабли Навальнийнинг чет элга сафар қилишига чекловлар олиб ташланганини билдирди.

Навальний ФСНХни “ноқонуний амали” учун судга бериб, ундан кўрган 29,542 рубллик молиявий зарарини қоплашни талаб қилмоқчи экани ҳақида баёнот берди. У билан адвокати ФСНХнинг қарорига кўра бир оз муддат чет элга чиқа олмай қолган эди.

42 яшар Навальний 2001 йили қатор йирик норозилик намойишларини ташкил қилди ҳамда Путиннинг атрофидагиларни коррупцияда айбловчи бир қанча ҳисоботлар эълон қилди.

У намойишларни тартибга солувчи қонунларни бузганликда айбланиб, қайта-қайта 10 кундан бир неча ҳафтагача қамоққа ташланди.

"Навальний 2011 йилдан бери тахминан 200 кун қамоқда ўтирди, шулардан 140 кунини 2018 йил мартидаги президент сайловида Путинга қарши номзод бўлишга ҳаракат қилгани учун панжара ортида ўтказди", деди унинг матбуот котибаси.

Сайлов ўтказувчи идоралар Навальнийнинг гўё иккита молиявий иш бўйича айбдор эканини баҳона қилиб, сайловда қатнашишига йўл бермади.

XS
SM
MD
LG