Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:22

ИИБ ходимлари Нурафшон ҳокими дам олаётган кафедан ўнлаб одамни чиқариб юборди (ВИДЕО)


Нурафшон кафеси
Нурафшон кафеси

15 январь оқшомида ички ишлар ходимлари туғилган кунни нишонлашга тўпланган ўнлаб аёл ва болаларни Нурафшон шаҳридаги “Нурафшон” кафесини зудлик билан тарк этишга мажбурлади.

Бу воқеанинг қисқа кўриниши Озодликка етиб келган видеода акс этган.

Кафедан одамларнинг ҳайдалиши ўша оқшом у ерда шаҳар ҳокими ҳам бўлгани билан боғлиқлиги айтилди.

Ички ишлар ходими 15 январь оқшомида "тинчлик ва тартибни сақлаш учун кафега гуруҳ чақирилганини" айтди.

"Нурафшон" кафеси ходими 15 январь оқшомида Нурафшон шаҳар ҳокими меҳмон бўлганини тасдиқлади.

Оилавий тадбир мезбонларидан бирининг даъво қилишича, кафе ходимлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кечага тўпланган ўнлаб одамни "Нурафшон ҳокими яхши дам олсин деб", "Нурафшон" кафесидан чиқариб юборган.

Озодлик суҳбатлашган гувоҳларга кўра, ҳодиса 15 январь куни соат тунги 10 дан кейин юз берган.

Нурафшон ресторанида юз берган ҳодиса
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:45 0:00

Туғилган кунни нишонлаш тадбирига келган меҳмонларни "Нурафшон" кафесидан чиқариб юборишга иштирок этган ички ишлар ходими Озодликка "тинчлик ва тартибни сақлаш учун кафега чақирилган гуруҳ" кафега тўпланган меҳмонларга нисбатан куч ишлатмаганини айтди.

"Нурафшон" кафеси ходимлари ходимлари ҳодисага изоҳ беришни истамади.

Озодлик икки кун давомида Нурафшон шаҳар ҳокимлигидан изоҳ ололмади.

"Нурафшон ҳокими яхши дам олсин деб..."

Ҳодисага гувоҳ бўлган нурафшонликлардан бири Озодликка аёлларнинг кафедан чиқариб юборилаётгани тасвирланган видеони йўллади.

45 секундлик ушбу видеода ўрта ёшлардаги аёл ички ишлар ходимлари томонидан кафедан чиқариб юборилаётганига овозини баландлантиб, эътироз билдиради:

-"Нурафшон" кафесида Нурафшон ҳокими ўтирибди. Мен қамоқда беш йил ўтириб чиқдим. Мени ички ишлар ходимлари кафедан уриб, ҳайдаб чиқариб юбораяпти бола чақам билан. Нурафшон ҳокими яхши дам олсин деб.... Бунга сизлар қандай қарайсизлар? – дея бақиради аёл.

Видеони Озодликка Telegram мессенжери орқали йўллаган шахс ҳодисани қуйидагича тасвирлади:

"Нурафшон марказида жойлашган Нурафшон кафесининг биринчи қаватида ўтирганимизда иккинчи қаватдан ўндан зиёд эркак ва аёллар тушиб келди ва кафе ходимлари билан тортишиб кетди. Ўша одамларнинг ичида Санобар деган аёл иккинчи қаватда Нурафшон ҳокими ва унинг таниши аёллар билан ўтирганлиги ҳамда уларга халақит бермасликлари учун уларни тушириб юборганликларини айтиб бақираётган эди. Шунда милиция ходимлари ва Нурафшон прокурори келди ва улар билан ҳам тортишиб кетишди. Кафе ташқарисида Нурафшон ва Олмалиқ шаҳар ҳокимларининг хизмат машиналари турарди",- деб ёзди ҳодисага гувоҳ бўлган нурафшонлик.

"Ҳокимнинг айтганини қиламиз"

Озодлик видеода ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ўз эътирозларини билдирган Санобар Искандаровани топишга муваффақ бўлди.

53 яшар Санобар Искандарова ўзи, опаси ва синглиси бир ойи кам беш йилни панжаралар ортида ўтказиб, ўтган йил ноябрида озодликка чиққани, озодликка чиқиши ва қизининг туғилган куни муносабати билан "Нурафшон" кафесига қариндош-уруғлари ва уларнинг фарзандлари билан тўпланганини билдирди.

(Cанобар Искандарова Озодликка билдиришича, ўзи, опаси ва синглиси иқтисодий жиноятларда айбдор деб топилиб, 2013 декабридан 2018 йил ноябрига қадар жазо ўтаган)

Санобар Искандарова айни кафега келган ҳокимнинг эътирози сабаб туғилган кун кечаси жанжал билан якун топганини айтди:

- Ўтириш сўнгида подаркаларни йиғиб, машиналарни чақиртираётсак, невараларим йиғлаб келди. "Бизни ҳайдаб чиқариб юборди," деди. Кейин бордим:"Нега ҳайдайсиз?" десак, "Ҳа мана бизнинг залда ҳоким ўтирибди. Қаерга борсангиз боринг, биз ҳокимнинг айтганини қиламиз," деди. "Ҳа, хўп, лекин биз беш йилда энди келдик бу ерга," дедим. Шу билан синглим билан айтишиб қолган, уришиб қолган. Мен пастда эдим, бир маҳал ўша ППСлар (пост-патрул хизмати ходимлари - Озодлик изоҳи) келди. Уруш тўпаланг бўлиб кетди. Бошқа нарсани эслай олмайман, - деди Санобар Искандарова.

У ўша оқшом айни кафеда Нурафшон шаҳар ҳокими меҳмонлари билан бирга хордиқ чиқарганини қўшимча қилди.

Санобар Искандарованинг синглиси, 52 яшар Манзура Аҳмедова туғилган кун кечасига келганларни ички ишлар ходимлари шаҳар ҳокими буйруғи билан кафедан ҳайдаб чиқарганини иддао қилди:

- Болаларимизни уриб, ҳайдаб юборипти. ППС ҳам келди. Ҳоким ППСга "ҳайдаб юбор", деганда.

У Озодликнинг "ҳоким сизларнинг олдингизга чиқиб, "кетинглар" дедими?" деган саволига Манзура Аҳмедова "Ҳа", дея жавоб қайтарди.

"Нурафшон" кафесининг ўзини таништирмаган ходимларидан бири кафеда 15 январь оқшомида Нурафшон шаҳар ҳокими меҳмон бўлганини тасдиқлади, аммо юз берган ҳодиса юзасидан "телефонда изоҳ бера олмайман" деб айтди.

"Уни тинчлантириб бўлмади"

Профилактика инспектори Фарҳод Ҳошимов Санобар ва унинг синглиси илгари сурган иддаоларни рад этди.

У ҳамкорлари ва прокуратура ходимлари билан воқеа жойига ички ишлар навбатчисидан қўнғироқ бўлганидан кейин борганини билдирди:

- Бақир-чақир, жанжал, тўполон қилаяпти экан. Кейин опанинг олдига бордим: "Опа, тинчланинг, бўлди, бақир-чақир қилманг бўлди, уят бўлади," деб секин олдига бориб тинчлантиришга ҳаракат қилдим. У яна бақир-чақир кўтаришда давом этти-да. Хуллас, уни тинчлантириб бўлмади. Кейин прокурор келди. Кўрди, гаплашди. У билан гаплашмади, ёнидаги қизлар билан гаплашди. Ҳақиқатан ҳам бўлган ҳолат шу, - деди профилактика инспектор Фарҳод Ҳошимов.

Профилактика инспектори шаҳар ҳокимининг буйруғини бажаргани ҳақидаги даъволарни инкор қилди.

Озодликнинг икки кун давомида Нурафшон ҳокимлигидан бўлиб ўтган ҳодисага изоҳ олиш уринишлари натижа бермади.

Дастлаб Нурафшон ҳокими изоҳини олиб беришга ваъда қилган ҳокимлик ходими Нурлан Алданов Озодлик қўнғироқларига бошқа жавоб бермади.

2017 йил 25 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўн биринчи ялпи мажлисида Тошкент вилоятидаги Тўйтепа шаҳри номини Нурафшон деб ўзгартириш қарори қабул қилинганди.

Бу шаҳарга Усмон Раҳмонов ҳокимлик қилади.

XS
SM
MD
LG