Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:30

Қамашида 16 яшар йигит ўз жиянини қасддан бўғиб ўлдириш ва жасадни бекитишда айбланмоқда


Қашқадарё вилояти, Қамаши туманининг Баландчайла қишлоғидаги адирдан 20 апрель куни 40-умутаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси жасади топилди.

Жасади топилган ўспирин жорий йилнинг 26 март куни адирга мол боқишга чиққани бўйи бедарак йўқолган ва шундан сўнг яқинлари томонидан қидирилаëтган бўлган.

Бош прокуратура Матбуот хизматининг 23 апрель куни Озодликка билдиришича¸ қотилликда гумонланиб, марҳумнинг синфдоши қамоққа олинган.

(Озодликка марҳум ва қотилликда гумонланаëтган ўспирин исми-шарифи маълум - таҳр.)

Қамаши туманининг Баландчайла маҳалла фаолларидан бири Озодлик билан суҳбатда бутун қишлоқни ларзага солган қотиллик тафсилотларини ҳикоя қилди.

“Бу болалар шунчаки синфдош эмас, балки тоғавачча ва қалин ошна ҳам бўлган. Улар мол боқиш учун 26 март куни далага чиқишган. Ўша ерда ниманидир талашиб, уришиб қолишган. Болалардан бири ўртоғини чилвир билан бўққанда, у ўлиб қолган. Кейин нима иш қилганини тушуниб¸ ваҳимага тушган бола ўртоғини ўша далага кўмиб қўйган. Бу болани 25 кун давомида ҳамма қидирди. Бола топилган пайтда уни кўмилган жойидан шоқолми¸ тулкими кавлаб чиқариб, бир қўли ва оёғини еб қўйган экан”.

Воқеа тафсилотларидан яхши хабардор баландчайлаликлардан бирига кўра¸ ўлиги топилган боланинг яқинлари 26 мартдан бери уни қидираëтган бўлган.

"16 яшар бола¸ кимгадир аччиқ қилиб¸ Россия ë Қозоғистонга кетиб қолдимикан¸ деб юришди. Отаси ўтган йили Қамашидаги манзил колониясида ўлган¸ беш бола ëлғиз она қўлида қолган эди. Акаси 20 апрель куни адирда аввалига укасининг ëввойи ҳайвонлар чайнаган бир пой оëқ кийимини топган¸ кейин қараса¸ ғажилган оëқ чиқаб турган. Шундан кейин 26 март куни ким билан¸ қаерга кетганини қайтадан сўраб-суриштириш бошланди"¸ дейди марҳум оиласига яқин маҳалладошларидан бири.

23 апрель куни Бош прокуратура Матбуот хизмати Озодликка воқеанинг тергов давомида аниқланган тафсилотларини маълум қилди.

“26 март, соат 14.00 ларда Қамаши тумани, Баландчайла маҳалласида яшовчи вояга етмаган, 16 яшар 40-мактабнинг 10-синф ўқувчиси мактабдоши, 16 яшар бола билан мол боқиш навбатчилиги юзасидан ўзаро жанжаллашиб қолиб, натижада синфдошини узунлиги тахминан 70-80 сантиметр бўлган синтетик арқон билан бўғиб, қасддан ўлдирган. Мазкур ҳолат юзасидан 20 апрелда туман прокуратураси томонидан қотилликда гумонланган шахс ушланиб, унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган”.

Воқеа тафсилотларидан яхши хабардор Озодлик манбалари¸ ўлик топилган 20 апрель куниëқ у билан адирга мол боқишга чиққан синфдош йигит сўроқ қилинганини тасдиқлади.

"Айтишларича¸ жиянини ўлдирган бола уйига келиб отасига бўлган воқеани айтиб берган. Отаси жим юравер деган шекилли¸ адирда мендан кейин қолди¸ бошқа кўрмадим¸ деган гапни айтиб юрган. Лекин сўроқ пайтида қилмишига иқрор бўлган. Отаси билганини ҳам айтган шекилли¸ боланинг фермер отасини ҳам олиб кетишди¸ деган гап чиқти бугун"¸ дейди қамашиликлардан бири.

Жасади 20 апрель куни топилган бола 22 апрель куни дафн этилган ва бу воқеа Қамашида катта шов-шувга сабаб бўлган.

"Ҳоким 40-мактабда мажлис ўтказиб¸ ҳаммангни қамайман¸ деб пўписа қилган. Мактабдагилар қотиллик 26 март - Наврўз каникулида бўлган бўлса¸ бизнинг нима айбимиз бор¸ деяпти. Кимнидир жазолаш учун ҳокимият энди айбни мактабга тўнкашга уринаяпти"¸ дейди марҳум бола қишлоқдошларидан бири.

Ўз жиянини қасддан бўғиб ўлдириб¸ жасадни бекитиб қўйганликда айбланаëтган 16 яшар йигит айби маҳкамада исботини топса¸ у 15 йилдан 25 йилгача¸ ëки умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

XS
SM
MD
LG