Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:31

Чегарадан ноқонуний ўтишда совуқ урган ўзбек муҳожирлари Қозоғистонда ҳибсга олинди


Россия- Қозоғистон чегарасини 20 даража совуқда ноқонуний тарзда кесиб ўтишга уринган беш нафар ўзбек муҳожири Ғарбий Қозоғистон областининг “Муқатай” заставаси чегарачилари томонидан ҳибсга олинди.

Қозоғистон Чегара хизмати матбуот бўлимига кўра¸ оëқ-қўлини совуқ урган мигрантлар Даринск қўрғонида жойлашган туман шифохонасига олиб келинган.

- Давлат чегарасини бузганлар чегара заставаси қўриқчилари назорати остида Зеленовский тумани Даринск қўрғони шифохонасида қолмоқда, дея хабар қилди Қозоғистон чегарачилари.

Озодлик Даринск туман касалхонаси хирургия бўлими ходимлари билан боғланиб, беш ўзбекистонликдан бирининг аёл экани ва унинг оғир аҳволда қолаётганини аниқлади.

Озодлик гаплашган шифокорнинг айтишича¸ тиббий ёрдам кўрсатилганидан кейин ўзбекистонликлар чегарачилар томонидан номаълум томонга олиб кетилган:

- Кеча олиб келишган эди. Бирининг оёқларини совуқ уриб кетган, яна бирига пневмония ташхиси қўйилди. Уларни кейин КНБ (Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси-таҳр.) ходимлари олиб кетди. Қаерга олиб кетгани ва қаерда сақлаётганини билмайман. Менимча, уларда ўзларининг тиббий муассасалари бор. Улар орасида болалар йўқ - 4 эркак ва бир аёл эди. Шу аёл оёқларини музлатиб олган, аҳволи жуда жиддий, деди исмини очиқламаган Даринск туман касалхонаси хирурги.

Қозоғистон Чегара хизмати ўзбек муҳожирларининг нима сабабдан чегарани ноқонуний тарзда кесиб ўтганига ҳозирча аниқлик киритмади.

Сариоғочдаги “Қоплонбек” заставаси назорат камераларига тушган ўзбекистонлик муҳожир.
Сариоғочдаги “Қоплонбек” заставаси назорат камераларига тушган ўзбекистонлик муҳожир.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси таркибига кирувчи Чегара хизмати олдинлари ҳам Россия билан чегарани ноқонуний кесиб ўтаётганида қўлга олинган ўзбек муҳожирлари билан боғлиқ вазиятлар тўғрисида хабар берган.

Россия ва Қозоғистон чегарасини асосан Россиядан депортация қилинган, қидирувда бўлган ёки ҳужжатлари жойида бўлмаган мигрантлар кесиб ўтиши айтилади. Озодлик гаплашган муҳожирлар Қозоғистон ва Россия чегара ҳудудларида депорт қилинган муҳожирларни чегарадан ўтказиб қўйишнинг сердаромад “бизнесга” айланганини айтган.

XS
SM
MD
LG