30 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади. Бу ҳақда ЎзА ахборот агентлиги хабар қилди.
"Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма етти йиллиги байрами арафасида халқимизга хос меҳр-шафқат, инсонпарварлик, бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик каби эзгу фазилатларни янада юксак намоён этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига мувофиқ, Фармон билан қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 261 нафар фуқаро афв этилди", дейилган агентлик хабарида.
Фармонга мувофиқ, 215 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинади, шунингдек, 46 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади.
Афв этилганларнинг 5 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 135 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Фармонга кўра, афв этилган шахсларнинг ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиши учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.
Ўзбекистон президенти биринчи марта Рамазон ҳайити муносабати билан афв эълон қилинган эди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 12 июнда имзоланган "Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида"ги фармонига асосан 226 нафар маҳбус афв этилганди.
Афв этилган шахсларнинг 102 нафари жазодан тўлиқ озод қилиниши, 71 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниши, 39 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилиши, 14 нафар шахсга тайинланган қамоқ жазосининг муддатлари қисқартирилиши айтилган.
Афв этилганларнинг 40 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 39 нафарини чет эл фуқаролари, 37 нафарини аёллар, шунингдек, 51 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этгиши айтилган.