21 сентябрь куни Москвадаги “Фарғона Уйида” ўзбек шоири, “Фарғона авангардчилар гуруҳи” аъзоси Ҳамдам Зокировнинг янги шеърий тўплами тақдимоти бўлиб ўтди. Ҳозирда Ҳелсинкида истиқомат қилаётган асли риштонлик Ҳамдам Зокиров “Дословно” деб номланган тўплами ҳақида сўзлаб, Озодликнинг бошқа саволларига ҳам жавоб берди.
Москванинг қадимги Сретенка мавзесидаги жинкўчалардан бирида жойлашган “Фарғона Уйи”да Фарғона авангард поэзиясини Европа адабиëт салонларида тамсил қилган ўзбекистонлик шоир Ҳамдам Зокировнинг рус тилида чоп этилган “Дословно” (“Сўзма-сўз”) шеърий тўплами тақдимоти бўлиб ўтди.
Кечани олиб борган таржимон ва муҳаррир Александр Скидан кечага йиғилганларга Ҳамдам Зокировни таништириб, ”Фарғона мактаби” тўғрисида сўзлади:
- Мен бу китобнинг чоп этилганидан жуда хурсандман. Гап шундаки, 80-чи йилларда пайдо бўлган ”Фарғона мактаби” рус адабиёти, шеърияти кўринишига жуда катта ўзгартишлар киритди. Бу мактаб асосчиси ва етакчиси Шамшод Абдуллаев “Звезда Востока” журналида шеърият бўлимини бошқараётган пайтда ўта замонавий, жаҳон шеъриятига ҳамоҳанг ёш шоирлар гуруҳи вужудга келган эди. Рус тилида ёзувчи ўзбеклар жамоаси фаолияти 80- йиллар охири, 90- йиллар бошида “Звезда Востока” журналининг гуллаган даврига тўғри келди.
1980- йиллар охирларида Москва, Петербург ва ва бошқа шаҳарларда советлар даврида яширин тарзда фаолият юритган махфий босмахоналар Ўзбекистондан юборилган қўлёзмаларни ола бошлаган.
Шу тариқа, Шўролар империясининг чеккасида жойлашган Фарғонада эркин вазнда ижод қилувчи ва совет адабиётидан ҳазар қилишини намоён қилган авангардчи-шоирлар гуруҳи юзага келди. Гуруҳ етакчиси Шамшод Абдуллаев бошчилигидаги ёш санъаткорлар Европа, Шимолий ва Лотин Америкаси шеъриятини яхши билиши билан бошқа гуруҳлардан ажралиб турарди.
Бу гуруҳнинг энг кўзга кўринган намояндаларидан бири шоир Ҳамдам Зокиров бўлди. Цензурадан ҳоли Шамшод Абдуллаев, Ҳамдам Зокиров, Даниил Кислов асарлари аввалига “самиздат” яширин босмахоналарида, кейинроқ эса “расмий” нашрларда пайдо бўла бошлади.
90-чи йиллар бошларигача муҳаррир Собит Мадалиев бошқарган “Звезда Востока”нинг “эркинлик” ва “ўзгача фикрлаш” даври Ўзбекистонда ҳокимиятга Ислом Каримов келиши ва демократия нишоналарининг йўқ қилиниши билан ўз якунига етди: “Звезда Востока”нинг эрксевар таҳририяти тарқатиб юборилди, унинг қошида улғайган “Фарғона мактаби” вакиллари эса Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлди.
Эмиграцияга кетганлар орасида Ҳамдам Зокиров ҳам бор эди.
Ҳамдам Зокиров 1966 йилда Риштон шаҳрида таваллуд топган. Оилада тожик ва ўзбек тилида сўзлашган Ҳамдам рус мактабини битиради ва Ленинград ҳарбий инженерлар билим юртини, Тошкент ва Фарғона университетларини тамомлайди.
1994-2001 йилларда шеъриятни тарк этмаган Ҳамдам Зокиров Москвада яшайди, тирикчилик учун бизнес билан шуғулланади. 2000-йиллар бошларида Финляндиянинг Ҳелсинки шаҳрига доимий яшашга кўчиб ўтган Ҳамдам Зокиров ўзининг ноёб услубида шеърий асарларни яратишни давом этади.
"Ўзбек адабиёти жаҳон учун очилиши керак!"
52 ёшли Ҳамдам Зокиров ҳозирда “Фарғона кутубхонаси” ва “Рус Қавофиёнаси” интернет-лойиҳалари мувофиқлаштирувчисидир.
Шоир Ҳамдам Зокиров шеърият, муҳожирлик, Ҳелсинки ва “Фарғона мактаби” тўғрисидаги Озодлик саволларига жавоб берди:
- Мен кичкиналигимда онам билан Риштондан Фарғонага кўчиб келдим. Улкан, кўпмиллатли Фарғона менга жуда ғаройиб туюлди. Онам ўзбек, тожик ва рус тилларида равон гапирарди. Советлар даврида қабул қилинганидек, мени рус мактабига жўнатдилар, чунки “келажак” ўша вақтда айнан рус тили билан боғлиқ эди. Натижада, мен рус тилида ёзувчи ва сўзлашувчига айландим. Ленинградда ҳарбий инженерлик мактабини тамомладим. Ҳарбий бўлишни истамадим ва Тошкентнинг журналистика факультетига ўқишга кирдим ва Даниил Кислов орқали Шамшод ва “Фарғона гуруҳи” билан танишдим. Шу даврдан бошлаб мен шеъриятга берилдим. Оғир 90-чи йилларда Ўзбекистонда иш топа олмасдан Москвага келдим ва кўп касблар билан шуғулландим. Ниҳоят, мен асли финляндиялик рафиқам билан танишдим ва бирмунча вақтдан Ҳелсинкига кўчиб ўтдим.
Суҳбатдош шоирларга “Шеърларингизни тушунтириб беринг!” ёки “Мана бу мисраларингизда нима демоқчи эдингиз?” дея тушунтириш талаб қилишни “ахмоқлик” деб атади. У ҳар бир мисра ҳаётининг бир лаҳзасида яратилган фикр ва туйғу эканини гапиради:
- Ҳар бир шеър малака, билим ва мулоҳаза яратувчи ҳаётнинг бир қисмидир. Шу сабабли “Сўзма-сўз” асарлар тўплами шунчаки бир ном остида бирлаштирилган, аммо улар турли фикрлар, ҳиссиётлар таъсири остида яратилган. Шеърият шунчаки ички оламимнинг инъикосидир. Шу боис шоир учун қайси тилда уни ифода этиш – муҳим эмас. Фарқи нима – рус, ўзбек ё тожик тилидами: мен учун ягона шеърият мавжуд, холос.
Ҳамдам Зокиров ҳозирда кўпчилик эътиборини қаратаётган ва қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарган Шерзод Қудратхўжаев билан боғлиқ можарони кузатиб бораётганини билдирди.
У бундай баҳсларда ҳар бир томонда ўзининг ҳақ-ноҳақ тарафлари бор, дейди.
- Бу масаланинг икки томони мавжуд. Бир томондан жаноб Қудратхўжаев ҳақ – сен яшаётган мамлакатинг тилини билишинг шарт! Бошқа томондан, бу масаланинг аҳлоқий кўриниши мавжуд. Танбеҳ ахлоқий нормалардан чиқиб, ҳақоратга ва камситишга айланмаслиги керак. Шахсан мен қайси мамлакатда яшаётган бўлсанг ўша ер жамиятига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишинг лозим, кичкинагина вакуум яратиб, чегараларни ёпиб, бошқалардан ажралиб олмаслигинг керак, деган фикрдаман. Бундай муаммо ҳозирда кўплаб мамлакатларда, хусусан Финляндияда яшовчи рус жамоаси, Ҳолландияда қўним топган сомалилик ёки бошқа халқларнинг маҳаллий одат-қоидаларни тан олмаслик муаммоси мавжуд. Мен ўзбек адабиёти ҳам бошқалар учун очилиши ва, ўзлигини сақлаган ҳолда, жаҳон адабиёти билан бирлашиши керак, деган фикрдаман, дея якунлади Ҳамдам Зокиров.