Россияда ишлаётган ва айни пайтда блогер сифатида танилган ўзбекистонлик Искандар Македонскийнинг Озодликка айтишича, у блоглари туфайли жиддий таҳдидларга учрамоқда. Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ўзининг баҳсли видеочиқишлари билан танилган ўзбек блогери дўқ-пўписаларга қарамасдан блогерликни ташламаслигини айтди.
(Озодликдан муҳим эслатма: Мавзу моҳияти тўлиқ ёритилсин учун ушбу материалда Искандар Македонскийнинг Youtubeдаги блогларига олиб чиқадиган ишораларни бердик. Искандар Македонскийнинг видеоблогларида сўкинишлар борлигини эслатиб қўймоқчимиз. Видеоблоглар мазмуни учун Озодлик масъул эмас)
Искандар Македонский номи билан ижтимоий тармоқларда, айниқса, Youtube канали орқали танилган 25 ёшли Искандар Қодиров анчадан буён Россияда ўқиб, меҳнат қилади.
Озодлик билан суҳбатда ўзини “сўз эркинлиги ҳимоячиси” ва “эркин дунёқараш тарафдори”, деб атаган Искандар охирги пайтларда таҳдидлар жиддий тус олганини ҳис эта бошлаганини айтди:
- Ўзбеклар одатда муҳокама қилмайдиган мавзуларда, масалан, ҳажда бўлганлар ҳақида гапирган эдим. Кўпчилик, айниқса радикал бўлган одамлар ўша видеони қабул қила олмасдан, менга ҳар-хил таҳдидлар қила бошлади. Бир-иккитаси видеоларида адрес-расмларимни чоп этиб, “Уни топсаларинг ўлдиринглар!” деб чиқди. Охирги пайтларда жиддий таҳдидлар бўлаётганини ҳис эта бошладим. Менга телефон қилиб, “Сени ўлдираман, сўяман, пичоқ ураман!” деган гапларни қилишаяпти. Бир нечтасининг гапидан ҳис қилдим – улар шунчаки гап эмас, олдига конкрет мақсад қўйган кишилар. Асосан, таҳдидлар диний томонидан радикал бўлганлардан келаяпти. “Искандар, Тюмень шаҳридан Сургутга сизни сўраб, қидириб келди”, деди танишларимдан бири.
Искандар Македонский таҳдид қилаётганларнинг барчаси унинг роликларда айтилган фикр-мулоҳазаларига қарши чиқаётганини билдирди.
Искандар Македонский шов-шувга сабаб бўлган видеоблогларидан бирида Арабистоннинг муқаддас шаҳарларини АҚШнинг Лас-Вегасига қиёслаган ва оддий диндорлар у ерда “фирибгарлар” қурбони бўлаётганини гапирган.
Видеочиқишларида сиёсий мавзуларни ҳам кўтариб турадиган блогер, хусусан “ватанпарварлик” ва “ватанпарварлар”ни танқид остига олиб, “Ватан” ва “давлат” тушунчасини фарқлаб олишни тавсия қилади.
Чиқишларида ўзининг мустақил фикри борлигини такрор-такрор уқтирадиган Искандар Македонский, Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон ҳукумати қабул қилаётган айрим қарор-қонунларини танқид остига олади.
Охирги пайтларда, айниқса, дин намояндаларининг гап- сўзларию ҳатти-ҳаракатларини танқид қила бошлаган Искандар Македонский, меҳнат муҳожирларининг юриш-туриши ва меҳнатига бағишланган видеолавҳаларни тайёрлай бошлади.
Македонскийнинг видеороликлари ва уларда билдирилган мулоҳазалар кўплаб бошқа блогерлар ва оддий Интернет фойдаланувчилари ғазабини қўзғади. Хусусан, блогерлардан бири “Маккани сўккан ва Шавкат Мирзиёевни устидан кулган” бола топилганини ва унинг шахсий маълумотларини эълон қилса, бошқаси уни “бу йўлдан қайтаришга” даъват этаётганини кўриш мумкин.
Искандарнинг мулоҳазалари ёқмаган бошқа бир диний воиз уни фақат “қонун доирасида” жазога тортиш ва судга беришни тавсия қилди.
Искандар Қодиров охирги вақтларда уни қидириб, кимлардир сўраб келаётгани ва хавф остига унинг яқинлари ҳам тушганидан хавотир билдирди:
- Мен гапларим муаммо келтириб чиқаришини билгандим, аммо бу даражада эканини тасаввур қилмасдим. Одамлар 21- асрда гап-сўз учун шундай хаёлларга боришини тасаввур қилмасдим! Менга таҳдид қилаётганлар ҳам менинг ота-онам, оилам ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ҳис қилиб турганига умид қиламан. Ахир, биз эркин давлатда, сўз эркинлиги устувор мамлакатда яшаяпмиз. Мақсадим – ўзимга ўхшаган дунёқарашимиз бир одамлар билан фикр алмашиш, Youtubeдан даромад олиш эмас. Мен ҳар қайси вазиятга ақл-идрок билан ва реал қарашга чақирмоқчиман одамларни. Пропаганда, иллюзияни рад этиб, “розовий” кўзойнакларни ечишга чақираман!
Видеоблогер таҳдидлар тўхтамаётганига қарамасдан, ўз фаолиятини тўхтатиш ниятида эмаслигини айтди.
Маълум бўлишича, диний, сиёсий ва ижтимоий масалаларни кўтариб чиқувчи блогер Искандар Македонскийнинг Youtubeдаги саҳифасида ҳозирда 30 мингдан зиёд ўзбек тилли обуначиси бор.