Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:26

Фарғонада сомсахона ва лағмонхоналарга эшак гўшти етказиб берганлар ушланди (ВИДЕО)


Эшакнинг гўшти Исломга кўра¸ ҳаром саналади.
Эшакнинг гўшти Исломга кўра¸ ҳаром саналади.

Фарғона вилоятида умумий овқатланиш муассасаларига эшак гўшти етказиб берган бир гуруҳ шахслар қўлга олинди.

Жорий ой бошида содир бўлган бу воқеа тўғрисида Озодликка етиб келган маълумотни Қўштепа туман ҳокими ҳамда Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги ахборот-таҳлилий мультимедиа маркази мулозими тасдиқлади. Лекин, мулозим бу ҳақда қўшимча маълумот беролмаслигини айтди.

Озодлик мухбирининг аниқлашича, эшаклар вилоятнинг Қўштепа туманидаги хонадонлардан бирида сўйилиб, гўшти Фарғона шаҳрида ва Тошлоқ туманидаги сомсахона ва лағмонхоналарга тарқатилган.

Фарғона вилоят, Қўштепа туман ветеринария бўлими мулозимининг Озодликка айтишича, эшакларнинг тунда ҳанграётганидан безовта бўлган аҳоли шикоятлари асосида улар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан шу ой бошида рейд ўтказган.

Рейд ўтказилган хонадонда кўриниши ва ҳидидан сифатсиз кўринган ва шубҳали аҳволда сақланган 140 килограмдан зиёд гўшт маҳсулотлари ва сўйилган эшак калла-почалари ашёвий далил сифатида мусодара этилган.

- Қўштепа туманида Қора қушчи маҳалласи бор, воқеа ўша маҳалладаги ховлилардан бирида бўлган. Девор билан ўралган катта ховли. Ҳеч ким кирмасин, деб ховлига итларни ҳам қўйиб қўйишган. Эшаклар шу ховлида сўйилган. Ўша ерда яшайдиганлар эшакларни олиб келиб туришган, сўйишган, сўйилган эшак гўштини Фарғона шаҳридаги ва Тошлоқ туманидаги сомсахона ва лағмонхоналарга тарқатишган. Улар тўрт киши бўлган, ҳаммаси қўлга олиниб, тергов қилиняпти, - деди Қўштепа туман ветеринария бўлимининг исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган мулозими.

Қўштепа туманида қўлга олинганлар қачондан бери эшак гўшти сўйиб сотиш билан шуғулланган ва улар тарафидан жами қанча миқдорда эшак гўшти Фарғонадаги тамаддихоналарга тарқатилган?

Қўштепа туман ҳокими Баҳромжон Жумонов Озодликнинг бу саволларига жавобан бу бўйича ҳозирда Ўзбекистон Бош прокуратураси суриштирув олиб бораётганини билдирди.

"Селекторда бу масала муҳокама қилинди. Прокуратура суриштирув олиб боряпти. Ҳаммаси қўлга олинган", - деди Қўштепа ҳокими.

Ўзбекистон бош прокуратураси мулозими ҳам Қўштепада эшак гўшти савдоси бўйича иш очилиб, ​тергов бораётганини тасдиқлади.

"Тўрт одамга нисбатан Жиноят Кодексининг 186-моддаси, 1-қисми - «Истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш»ни содир этганлик бўйича жиноий иш қўзғатилган ва ҳозирда тергов давом этмоқда", - деди прокуратура расмийси.

Прокуратура Ахборот-таҳлил мультимедиа марказининг Озодликка маълум қилишича, Фарғонадаги "Эшак гўшти воқеаси" ҳақидаги махсус кўрсатув 23 март куни соат 18:00да "Ўзбекистон-24" телеканалида эфирга узатилади.

Ўзбекистонда эшак энг арзон уй ҳайвонларидан бири ҳисобланади. Бир бош сара эшакни 300-500 минг сўмгача сотиб олиш мумкин.

Бинобарин, эшак гўшти мол гўштидан қарийб тўрт баравар арзонга тушади.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам эшак гўштидан тамаддихоналарда таом пиширилгани ва у колбасаларга қўшилгани ҳақида олдин ҳам хабарлар берилган.

Ўтган ой Наманган вилоятининг Уйчи тумани Соку қишлоғида йигирмата эшакни келтириб, сўйишни бошлаган бир гуруҳ шахс қўлга олингани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Наманганда эшаклар гўшти учун эмас, териси учун сўйилган.
Наманганда эшаклар гўшти учун эмас, териси учун сўйилган.

Озодлик мухбири бу эшаклар гўшти учун эмас, териси учун сўйилганини аниқлаган.

Ўтган ой Наманган вилоятининг Уйчи тумани Соку қишлоғида йигирмата эшакни келтириб, сўйишни бошлаган бир гуруҳ шахс қўлга олингани ҳақда Озодлик хабар берган эди.
Ўтган ой Наманган вилоятининг Уйчи тумани Соку қишлоғида йигирмата эшакни келтириб, сўйишни бошлаган бир гуруҳ шахс қўлга олингани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Ўтган йил декабрида Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкентдаги “Шаршара” колбаса цехига Хоразмдан 69,6 кило эшак гўшти олиб келинганини расман тақдиқлаган эди.

2016 йилнинг декабрида самарқандлик блогер Тошпўлат Раҳматуллаев Хишрав посёлкаси яқинида номаълум мақсадда сўйилган эшаклар қабристони ҳақида ёзган эди.

2015 йилнинг январида Қирғизистоннинг Бишкек шаҳри четида эшак боқиб сўйиладиган фермани қирғиз журналистлари ошкор этган эди. Бу ферма раҳбарлари эшак гўшти зоопарклардаги йиртқич ҳайвонларни боқиш учун хорижга экспорт қилинишини айтган эди.

Марказий Осиë¸ хусусан¸ Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти ўзини мусулмон деб билади ва хонаки эшакнинг гўшти Исломга кўра¸ ҳаром саналади.

XS
SM
MD
LG