Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:39

Ўзбекистонлик аёлнинг вояга етмаган ўғлини Россиядан бадарға қилишмоқчи


17 яшар Муҳсинжон Наимов ватинча сақлаш марказида 5 ойдан буён ушлаб турилибди.
17 яшар Муҳсинжон Наимов ватинча сақлаш марказида 5 ойдан буён ушлаб турилибди.

Ўзбекистонни тарк этиб, Россиянинг Қозон шаҳрида яшаётган Маърифат Худойназарова вояга етмаган ўғли 5 ойдан буён вақтинча сақлаш марказида ушлаб турилганидан Озодликка шикоят қилди.

Она ўғлининг Тошкентга бериб юборилишидан хавфсирамоқда.

Худойназарованинг иддаосича, унинг оиласини Навоий вилоят махсус хизматлари диний айбловлар билан таъқиб қилмоқда, ўзи ҳам, эри ҳам Ўзбекистонда ички қидирувда.

Татаристон пойтахти Қозон шаҳридан Озодликка мурожаат қилган 40 ёшли навоийлик Маърифат Худойназарова бир неча йилдан буён Россияда қочқинлик сўровчилар мақомида яшаб келаётганини айтди.

Икки йил олдин эри Россиядан депортация қилинган. Ўзи эса, 4 боласи билан Қозонда қолган.

Худойназарованинг айтишича, жорий йилнинг апрелида унинг 17 яшар катта ўғли Муҳсинжон “миграция қонунчилигини бузганлиги” важи билан Эш-Ўрам мавзесидаги Хорижликларни вақтинча сақлаш марказига жўнатилган:

- Биз 4 ой бўлаяпти ўғлимни чиқармаяпти, соғлиги яхши эмас. Исми Наимов Муҳсинжон, ҳали 18 ёшга кирмаган вояга етмаган болани ушлаб ўтиришибди, деди аёл.

Худойназарованинг иддао қилишича, уларнинг оиласи Ўзбекистонда намоз ўқигани учун тақиб қилинган, таъқиблардан безор бўлганидан эри Россияга ишлашга кетган, унинг ортидан оила ҳам Россияга келган.

Қочқин аёл Ўзбекистонда уни ва эрини “ваҳҳобийлик” ёки “ҳизбчиликда” айблашаётганини билдирди.

17 яшар Муҳсинжон Наимов изоляторда 5 ойдан буён
17 яшар Муҳсинжон Наимов изоляторда 5 ойдан буён

Худойназарованинг айтишича, у Қозон полициясининг Миграция бўлимига 4 яшар, 13 яшар ва 16 яшар қизлари ҳамда 17 яшар ўғли номидан қочқинлик мақоми сўраб ариза топширган.

Маърифат Худойназаровани махфий хизматлар уларнинг Навоийда қолган яқинларига босим ўтказа бошлаганидан кейин Озодлик орқали расман мурожаат қилишга қарор қилгани маълум қилди.

- Ҳарбий формадаги 3-4 киши бориб, акамга “Синглингиз Туркияга кетган. Бизлар исботлаб берамиз!” деб айтишган. Қандай исботлаб беради, Туркияда бўлмасак?! Акамга “Келинг бизни кўринг – биз Россиядамиз”, деб айтганман. Акам уларга ишониб йиғлаб гапирди “Энди кўриша олмаймизми?”, деб. Бизнинг айбимиз – намоз ўқишимизда! Бизларни “Ҳизб-ут Таҳрир”га, “ваҳобийларга”, “террористларга қўшилган” деган гап етказишаяпти. Биз сиёсатга умуман аралашмаганмиз. Мурожаатим шуки, бизни ҳеч бўлмаса мана шу ерда, туҳмат қилмасдан, тинч қўйишсин. Бировни туҳмат қилиб қамаш осонмикан?! – деди Маърифат.

Маърифат Худойназарованинг иддаолари юзасидан Ўзбекистон махсус хизматларидан изоҳ олиш имконсиз.

Маърифат Худойназарова билан тўлиқ суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:56 0:00
Бевосита линк

Маълум бўлишича, 17 яшар Наимов Муҳсинжон вақтинча сақлаш марказига Қозон шаҳар Приволжский туман суди қарори билан “миграция қонунчилигини бузгани” учун жойлаштирилган.

Татаристон Олий Суди Муҳсинжоннинг суд қарори устидан қилган шикоятини қондирмади.

1999 йилнинг 24 августида туғилган Ўзбекистон ватандоши Наимов Муҳсинжон Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 18.8 моддаси 1.1 қисми асосида маъмурий жавобгарликка, яъни 2000 рубллик жаримага тортилгани ва Россия Федерацияси ҳудудидан бадарға қилиниши юзасидан берган шикояти қондирилмасин, унга нисбатан қўлланилган жазо ўзгаришсиз қолсин”, дейилади Татаристон Олий суди қарорида.

Муҳсинжон Наимов ишини олиб бораётган адвокат Гули Баллафендиева Худойназарова ва унинг фарзандлари ҳолати борасида Олий Суд ва Бош прокуратурадан тортиб маҳаллий Болалар Омбудсманигача маълумот етказганини билдирди.

Озодликнинг “Вояга етмаган болани 5 ойдан буён изоляторда сақлаш қанчалик қонунийдир?” саволига ҳимоячи бундай жавоб берди:

- Россия Маъмурий Кодексига мувофиқ улар болани ушлаб туришлари мумкин экан – мен атайлаб кўриб чиқдим, шундай модда бор экан. Август охирларида Олий судда бошқа шикоятимиз кўриб чиқилишини кутяпмиз. Муҳсинжон ҳозир мақом олиш жараёнида ва шу боис уни ҳеч ким чиқариб юборишга ҳаққи йўқ. Фақат қочқинлик мақомини олиши даргумон бўлиб турибди. Биз бу ишга жалб қилиш мумкин бўлган барча идораларни тортдик, маълумот етказдик. Улар 16 ёшли болаларни ҳам ушлаб туришганига гувоҳ бўлдим, деди адвокат Гули Баллафендиева.

Адвокат Гули Баллафендиева билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:06 0:00
Бевосита линк

Ҳуқуқ ҳимоячиси Маърифат Худойназарова ва унинг фарзандларига Россия қочқинлик мақомини беришдан бош тортса, улар иши юзасидан Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига ариза ҳозирланишини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG