Товламачиликда гумон қилинаётган уч ўзбекистонлик Россиянинг Қозон шаҳрида ушланди. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган хабарга кўра, ўзини “орган ходимлари” деб таништирган айбланувчилар Бухоро ёғ-мой заводи директоридан 1 млн. доллар талаб қилиб, 500 минг доллар ундирган.
Товламачиликда гумон қилинаётган уч ўзбекистонлик Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги талаби билан 2018 йилнинг апрели ўрталарида Татаристон пойтахтида ҳибсга олинди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмий сайтида хабар қилинди..
- Бухоро вилоятининг Когон шаҳри фуқаросидан бир миллион АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилган ва ниҳоят 500 минг долларни олган жиноий тўда аъзолари ушланди. Улардан уч нафари Қозон шаҳрига қочиб кетишга улгурганди, дейилади ИИВ тарқатган расмий хабарда.
Татаристон Ички ишлар вазирлигидан олинган маълумотга кўра, Қозон шаҳрида ушланган самарқандлик С.М., М.Ю. ва А.М. ларни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш бўйича тайёргарлик ишлари кетмоқда.
Мазкур иш бўйича бухоролик Б.К. ва яна бир самарқандлик П.Г. Ўзбекистонда ушлангани маълум бўлди.
Татаристон ички ишлар вазирлигининг исмини очиқламасликни сўраган мулозими Озодликка ушбу жиноий ишнинг баъзи тафсилотларини сўзлаб берди.
Унинг тергов материалларига таяниб айтишича, Когон шаҳридаги Ёғ-мой комбинати директори А.Ўлжаевнинг уйига 5 киши бостириб кирган. Ўзларини “Давлат Хавфсизлик хизмати ходимлари”, деб таништирган ва "ҳужжатларини" кўрсатган шахслар директор устидан жиноят иши очилганини билдирган.
Товламачилар ундан “жиноий ишни тўхтатиш учун” 1 млн доллар талаб қилгани, қўрқитиш ва босимлардан кейин 500 минг АҚШ доллари миқдорида пулни олиб, ғойиб бўлганини комбинат директори кейинроқ милиция терговчиларига сўзлаб берган.
Бухоролик изқуварлар тез орада сохта ДХХчилардан икки нафарини Ўзбекистонда қўлга олгани, яна учтаси шу кунларда Татаристон пойтахти Қозонда ушлангани маълум бўлди.
Жиноятда айбланаётган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг қатор моддалари асосида жиноят иши очилган.