Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:27

"Чимкент-Тошкент" велопойгасида қатнашган ўзбекистонликлар велосипеди чегарадан ўтказилмади


Чимкент-Тошкент велопойгасининг элликдан зиёд иштирокчиси велосипедлари ортилган фура  “Ғишткўприк” божхона постида тўхтатиб қолиниши сабаб пойгада тўлиқ қатнаша олмади.
Чимкент-Тошкент велопойгасининг элликдан зиёд иштирокчиси велосипедлари ортилган фура  “Ғишткўприк” божхона постида тўхтатиб қолиниши сабаб пойгада тўлиқ қатнаша олмади.

Чимкент-Тошкент велопойгасининг элликдан зиёд иштирокчиси велосипедлари ортилган юк машинаси “Ғишткўприк” божхона постида тўхтатиб қолиниши сабаб пойгада тўлиқ қатнаша олмади.

30 март кунги биринчи халқаро велопойга Қозоғистоннинг Чимкент шаҳри марказидан то Тошкентдаги Қозоғистон элчихонаси олдидаги финиш чизиғигача бўлган 130 километрли масофада ташкил қилинди.

Озодликка маълум бўлишича, ўзбекистонлик велосипедчилар Чимкентдан "Ғишткўприк" чегара постигача автобусда олиб келинган ва пойганинг Қозоғистон элчихонасигача бўлган қолган 22 километрлик қисминигина велосипедда босиб ўтган.

Пойга қатнашчиларидан бири, тошкентлик велоспортчи Юрий Храмовнинг Facebook саҳифасида ëзишича, спортчиларга ўзбек-қозоқ чегарасида “Яшил коридор” ваъда қилинганига қарамай, велосипедлар тўхтатиб қолинган.

"50 иштирокчи 30 март эрталаб 5.00да велосипедларимизни фурага ортдик, ўзимиз автобусга ўтириб, бизга “Яшил коридор” ваъда қилинган Черняевка (ҳозирги “Ғишткўприк”) чегара пости томон йўл олдик. Лекин ваъда қилинган коридор бўлмади. Чегарадаги туш-чиқлар билан вақт йўқотиб¸ Чимкентдаги старт чизиғига етиб келдик. Лекин, бизга велосипедлар ортилган фура етиб келмаганини айтишди. Пойгага старт берилди, бизни эса автобусда чегара постига олиб келишди".

Велосипедлари чегарада ушлаб қолинган ўзбекистонлик спортчилар божхона постида саккиз соат турганларидан сўнг уларга велосипедлари берилган.

"Автобусдан тушиб, чегаранинг Ўзбекистон томонига ўтдик, велосипедларимизни кутаяпмиз. Соат 14.00да Чимкентдан велосипедда йўлга чиққан пойгачилар чегара постида йиғила бошлади. Биз улардан велосипедларимиз келишини кутиб туришни сўрадик. Шу пайт фура етиб келди, велосипедларимизни туширдик ва бошқа пойгачиларга қўшилиб, финиш чизиғи томон йўл олдик"¸ деб ёзди Юрий Храмов.

Чимкент-Тошкент велопойгасига ташкилотчилик қилган Қозоғистон Велосипедчилар уюшмаси раҳбари Саулет Байкенов Озодлик билан суҳбатда ўзбек спортчиларининг велосипедлари чегара постида ушлаб қолинганини тасдиқлади.

- Шундай муаммо бўлди. Энди божхоначилар ўз вазифаларини бажаришаяпти. Биз божхонадаги расмиятчиликлар вақт олишини ҳам ҳисобга олмабмиз. Лекин, чегарада тиқилиб қолган бошқа фуралар қолиб, пойга қатнашчилариникини тез-тез ҳал қилишга ҳаракат қилишди. Лекин барибир кечикиш бўлди. Шунинг учун айрим спортчилар пойгага чегара постида қўшилишга мажбур бўлди, - деди Байкенов.

Озодлик ўзбекистонлик пойгачиларнинг велосипедлари чегарада тўхтатиб қолиниши юзасидан изоҳ олиш учун Қозоғистоннинг "Жипек-жўли" божхона постига боғланди.

Исми очиқланмаслигини истаган қозоқ божхоначиси пойгачиларнинг фураси юк хати бўлмагани учун тўхтатиб қолинганини айтди.

- Обичний процедура, фурани ичида юк бўлса, ҳужжати ҳам бўлиши керак, лекин юк ҳужжати йўқ эди, - деб жавоб қилди қозоқ божхоначиси.

Ўзбекистон Велоспорт федерациясининг исми очиқланмаслигини истаган мулозими эса ташкилий жараëндаги бу муаммони маъмурий тушунмовчилик билан изоҳлади:

- Спортчиларнинг велосипеди бўлса, қанақа юк ҳужжати бўлиши керак! Биз бу ҳақда таможнийга Вазирлар Маҳкамасини "Яшил коридор" сўралган хатини жўнатганмиз. Мени ўзим ҳам бориб кузатдим, "Яшил коридор" қилишди. Лекин, велосипедлар ортилган фура таможняни фуралар ўтадиган томонидан ўтиши керак экан-да. Уларга хат келмаган экан, ҳужжат йўқ, деб нейтрал ҳудудга олиб қўйишган велосипедларни. Лекин, федерациянинг бирон хатоси йўқ бу ерда. Янаги сафар мана шу ҳолатларни эътиборга оламиз, - деди Ўзбекистон Велоспорт федерацияси расмийси.

Чегарадаги маъмурий процедуралар боис Чимкент-Тошкент велопойгасининг элликдан зиёд ўзбекистонлик қатнашчиси пойганинг Қозоғистон ҳудудидан ўтувчи 108 километрини автобусда, Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи қолган 22 километр масофани велосипедда босиб ўтди.

Ўзбекистонлик спортчилар марра чизиғига етиб келишганида аркани четлаб ўтишган.

"Бу бизнинг бойкотимиз эди. Кимларнингдир хатоси туфайли марафонда тўлиқ қатнаша олмаганимиздан кейин марра аркаси ичига киришга¸ тўғриси¸ уялдик"¸деб ёзди Юрий Храмов.

Ўзбек спортчилари марра аркасини четлаб ўтишган.
Ўзбек спортчилари марра аркасини четлаб ўтишган.

Ўзбек матбуоти Чимкент-Тошкент велопойгаси аъло даражада ташкил қилингани, божхона ва чегара бўйича муаммо бўлмагани ҳақида ёзди.

Юрий Храмов эса ўзбекистонлик велоспортчилар дуч келган муаммо ҳақида Тошкент ҳокимияти¸ қолаверса¸ маҳаллий журналистларга ҳам маълумот берганини айтади.

"Тошкент ҳокимлиги расмийларига чегарадаги муаммоларни айтдик. Маҳаллий газета ва телеканалларга ҳам пойганинг 110 километрини автобусда босиб ўтиб, чегарада пойгачиларга қўшилганимизни айтдик. Лекин, матбуот ҳаммаси аъло ўтди, ўзбекистонлик юз спортчи пойгада қатнашди, дейиш билан чекланди"¸ деб ёзди Юрий Храмов.

Беллашувда қозоғистонлик Алексей Седоренко марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтди. Иккинчи ўрин англиялик Мэтью Райтга насиб этди.

Учинчи бўлиб эса маррага ўзбекистонлик Шоҳруҳ Юнусов етиб келди.

Юнусов пойгани тўлиқ босиб ўтганми ёки у ҳам велосипедлари чегарада тўхтатиб қолинганлар орасида бўлганми, маълум эмас.

Ўзбекистон Велоспорт федерацияси расмийлари, камида етти ўзбекистонлик спортчи пойгани тўлиқ босиб ўтганини маълум қилди.

"Улар Чимкентга бир кун олдин велосипедлари билан етиб боришганди. Лекин, бу марафон жаҳон миқёсидаги мусобақа эмас, икки давлат дўстлигининг ифодаси сифатида ўтказилган рамзий мусобақа эди", деди Ўзбекистон Велоспорт федерациясининг Озодлик гаплашган мулозими.

Айни пайтда Қозоғистон Велосипедчилар уюшмаси ҳам¸ Ўзбекистон Велоспорт федерацияси расмийлари ҳам бу охирги пойга эмаслиги, Чимкент ва Тошкент орасида бунақа пойгаларни ҳар йили ўтказишга келишиб олганликларини айтишди.

XS
SM
MD
LG