Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:27

Ўзчивит Тошкентга “Olmazor city” лойиҳаси рекламасида суратга тушиш учун келган


Бурак Ўзчивит 16 февралда Тошкентда бўлиб ўтган “Olmazor city” лойиҳаси тақдимотида қатнашган.
Бурак Ўзчивит 16 февралда Тошкентда бўлиб ўтган “Olmazor city” лойиҳаси тақдимотида қатнашган.

Машҳур турк киноактёри Бурак Ўзчивит Ўзбекистонга Тошкентнинг Ўқчи-Олмазор мавзесида бузилган эски уйлар ўрнида қурилаётган “Olmazor city” лойиҳаси рекламасида суратга тушиш учун келган. Бу маълумотни лойиҳани амалга ошираётган "Bizning uylar" девелоперлик ширкати вакили Озодликка тасдиқлади.

Бурак Ўзчивит 16 февралда Тошкентда бўлиб ўтган “Olmazor city” лойиҳаси тақдимотида қатнашган. Шу маросимда турк актёри "лойиҳа қиёфаси" сифатида танланганлиги эълон қилинган, экранда у суратга тушган реклама ролиги намойиш этилган.

- Ўзчивит бизнинг рекламамизда суратга тушиш учун Тошкентга келган эди. У энди "Olmazor city" лойиҳасининг қиёфасидир, - деди "Bizning uylar" девелоперлик ширкати вакили.

Лойиҳа рекламасида "Бурак Ўзчивит билан биргалашиб фахр ва ифтихор билан сизга "Olmazor City" турар-жой мажмуаси лойиҳасини тақдим этамиз!", - деб ёзилган.

​Лекин, Ўзчивит қандай ҳақ эвазига "Olmazor city" рекламасида суратга тушишга кўнгани маълум эмас.

Ширкат вакили буни очиқлай олмаслигини айтди.

Лекин, турк актёрининг қанчага рекламага тушишига оид баъзи маълумотлар мавжуд.

Туркияда чиқадиган "Hurriyet" нашрига кўра, ўтган йили Ўзчивит Қувайт банки рекламасида суратга тушгани учун қарийб 3 миллион турк лираси миқдорида ҳақ олган.

Турк актёрининг Тошкентга келгани ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлди, турли гап-сўзлар тарқалди, фикрлар билдирилди.

Facebook фойдаланувчиси Муҳаббат Ибрагимова: "Ўзчивит Туркиянинг энг қиммат актёрларидан биттаси, ками 2 миллион долларсиз контрактга қўл қўймайди, энди унга бериладиган реклама ҳақини халқдан чиқазиб олинар эканда", - деб ёзди.

18 февраль куни баъзи нашрлар Ўзчивит фақат мухлиса аёллар билан зиёфатда иштирок этиш учунгина Тошкентга келгани ҳақда хабар берган эди​

Ўша хабарга кўра, турк актёри Тошкентда 2,5 соат Ўзбекистондаги нуфузли ва таъсир кучига эга шахсларнинг рафиқалари, тадбиркор аёллар ва модель қизлар билан кечки зиёфат устида учрашган ҳамда бунинг учун 379 минг доллар ҳақ олган.

Rusturkey.com ҳам Ўзчивит Тошкентга нуфузли одамларнинг рафиқалари билан 2,5 соат кечки зиёфатда иштирок этиш учун келганини хабар қилди.

"Новости Узбекистана" нашри эса, Ўзчивит ўзбек режиссёрлари билан сериалда суратга тушиш масаласини муҳокама қилгани ва ёш актёрларга маҳорат дарси ўтганини ёзди.

"Бизнинг уйлар" девелоперлик ширкати вакили: "Ўзчивит қаерда, ким билан зиёфат қилганини билмаймиз, лекин у бизнинг меҳмонимиз эди", - деб айтди Озодликка.

34 ёшли Бурак Ўзчивит “Муҳташам юз йил” кўп серияли фильмидаги Малқачўғли Болибей, "Чолиқуши" фильмидаги Комрон роллари орқали ўзбек томошабинига танилган.

Хабарларга қараганда, у 14-16 февраль кунлари Тошкентда бўлган.

"Olmazor city" лойиҳаси Тошкентда қарийб 1 миллиард долларлик "Toshkent city" лойиҳасининг бир қисми экани айтилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев "Tashkent City" инвесторларидан бири сифатида кўрилади.

Бурак Ўзчивит Ўзбекистонда рекламада суратга тушган биринчи турк актёри эмас.

2012 йилда "Муҳташам юз йил" филмида Султон Сулаймон ролини ижро этган Ҳолид Эрганч Тошкентга Гулнора Каримованинг Guli бренди коллекциялари рекламасида суратга тушган ва Guliнинг “GULI VICTORIOUS” эркаклар атрининг қиёфаси бўлган эди.

XS
SM
MD
LG