Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:22

Озодлик шарҳловчиси: Лукашенко ўз одамларининг жиноятларини тан олди ва асл башарасини кўрсатди


Беларусь президенти Александр Лукашенко Британиянинг ВВС медиаширкатига интервью берди. Мухбир Стив Розенберг билан ярим соатлик суҳбат давомида у бир неча марта такаллуфни унутиб қўйди, Ғарб уни легитим ҳисоблайдими, йўқми, унинг учун фарқсизлигини айтди, шунингдек, Путин Навальний билан битта столга ўтирганидан кейингина Светлана Тихановская билан гаплашишини билдирди.

Ғарб чегарада вужудга келган миграция инқирозида Беларусь ҳукуматини айблаётгани ҳақидаги савол Лукашенконинг жаҳлини чиқарди, айни чоғда, у Беларусь кучишлатар идоралари мигрантларнинг Польша чегараси оша ЕИ ҳудудига ўтиб олишига кўмаклашган бўлиши мумкинлигини тан олди.

У президент сайловидан кейинги намойишларда қўлга олинганларни тергов ҳибсхоналарида калтакланганига ҳам, ниҳоят, иқрор бўлди. “Кераги йўқ, кераги йўқ. Мен буни тан оламан, – жавоб берди Лукашенко. – Окрестинада ҳам калтаклашган, бошқа жойларда ҳам... Аммо милициянинг ўзи улардан калтак еганди, аммо сизлар бунга кўз юмдингиз”, дея ўпкалаган у ВВС мухбиридан.

Беларусда нодавлат-нотижорат ташкилотлар ёппасига йўқ қилинаётганига доир маълумотни эса у қисқа қилиб шундай изоҳлаган: “Сизлар пул билан таъминлаб келаётган барча ярамасларнинг уруғини қуритамиз!”

Оммавий намойишлар, ялпи ҳибслар, қамоқ ва қатағонларга уланиб кетган 2020 йилги президент сайловидан сўнг ғарблик раҳбарлар Лукашенкони легитим президент сифатида тан олмай, у билан гаплашмай қўйган эди. Аммо Польша билан чегарада миграция инқирози зўрайганидан кейин Германия канцлери вазифасини бажарувчи Ангела Меркель унга қўнғироқ қилди, сўнгги ойларда CNN ва BBC сингари етакчи медиаширкатлар ундан интервью олди.

Озодлик радиоси беларус хизмати сиёсий шарҳловчиси Дмитрий Гурневич фикрича, Беларусь мухолифати Ғарбнинг етакчи оммавий ахборот воситаларининг Лукашенкодан интервью олаётганини, яна-тағин уни “президент” деб атаётганини оғир олаётган бўлса-да, бу интервьюлар Беларусь раҳбарининг қандай одамлигини, қандай фикрлашини, ўзини қандай тутишини, нақадар адекватлигини кўрсатиш учун олинаётганини айтди, айнан адекват мулоқот масаласида Лукашенкода жиддий муаммолар мавжуд.

“CNN ва BBCда чиққан ана шу интервьюлар туфайли Ғарбдагилар Лукашенконинг асл юзини кўрди, чунки бу интервьюларда ҳиссиётли иддаолардан бўлак ҳеч нарса йўқ. Одам эмоцияга берилишдан ўзини тия олмайди, саволларга жавоб бераркан гўё ерга думалаб оёқларини типирчилатмоқчидек туюлади, ўдағайлайди, қўлини пахса қилади. Ғарб етакчиларидан биронтаси ўзини шунақа тутишини тасаввур қилиш маҳол”, дейди шарҳловчи.

Гурневичга кўра, Лукашенко Окрестина ҳибсхонасида маҳбуслар калтакланганини тан олган бўлса ҳам, эртага гапидан тониб, фақат милицияга ҳужум қилган намойишчиларгина калтак еган, дейишдан қайтмайди. Муайян фактлар ҳақида гап кетганда у айнан нимани назарда тутганини тушуниш қийин. Бироқ, барибир, бу тан олиш “сюрприз” бўлгани рост, чунки у илгари “одамлар думба ва елкаларига бўёқ суркаб олиб, милиция урди, деб дод солишяпти”, дея иддао қилиб келган.

“Қолаверса, ВВС мухбири одамларнинг калтакланаётгани акс этган видеолавҳаларни қўйиб беришини айтганида Лукашенко қўрқиб кетиб, тилидан беихтиёр шу гаплар учган бўлиши ҳам мумкин, чунки ўша кадрларни ўзи ҳам бир неча марта кўргани аниқ”, давом этади Озодлик шарҳловчиси.

Лукашенконинг миграция инқирозига доир саволларга жавоби ва муносабатига тўхталаркан, Гурневич бу инқирозни унинг ўзи Польша ва Болтиқ мамлакатларига таъсирини ўтказиш, ЕИни у билан мулоқот қилишга мажбурлаш мақсадида атай ўйлаб топганини, бироқ пировардида муроса қилиб бўлмас ва тўнг сиёсатчи эканини яна бир карра кўрсатганини айтади.

“Роман Протасевич ва учоқ воқеасида ҳам худди шундай бўлган эди – ўйлайманки, улар бу амалиётдан тамом бошқа натижа кутишган, лекин пировардида воқеа Беларусга қарши катта санкциялар жорий этилиши билан тугади. “Белавиа” касод бўлаёзди, ширкат лизингга олган учоқларини қайтаряпти.

Миграция инқирозида ҳам Лукашенко минглаб одамларни аёзда қолдириш билан ўзига қандайдир сиёсий наф чиқаришни кўзлаганди. Лекин бутун дунё унинг аксари тушуниксиз дивидендларни деб ҳар қандай бемазагарчиликдан тоймаслигини кўрди”, мулоҳаза қилади Гурневич.

Озодлик шарҳловчиси айтишича, ушбу интервьюлар туфайли миграция инқирози билан боғлиқ вазият тўлиқ ойдинлашган. Чунки Лукашенко “Ҳа, бизнинг кучишлатар ходимлар чегарадан ўтиб олишда мигрантларга ёрдам берган бўлиши мумкин”, деб тан олди. Гурневич буни Беларусь раҳбари ўз одамларининг жиноятларини тан олди, деб баҳолайди, негаки Беларусь давлат чегарасини бу томондан беларуслик чегарачилар қўриқлаши лозим. Мигрантлар польшалик аскарларни тошбўронга тутгани учун ҳам Беларусь кучишлатар идоралари жавобгардир.

Гурневич Россиянинг ушбу миграция можаросидаги роли хусусида ҳам ўз фикрини билдирди. Шарҳловчига кўра, инқирозни тўхтатишга Лукашенкони Путин мажбурлагани бу шунчаки ўйин, чунки Польша ва ЕИ мамлакатлари бу можарони иккови ўйлаб топганини айтишади. Яъни, муаммо сунъий яратилган, сўнгра қандайдир фойда чиқариш учун у гўёки биргаликда ҳал этилган‑у, лекин оқибатда Лукашенко барибир қуруқ қолган.

Озодлик шарҳловчиси Меркель ва Ғарб матбуотининг Лукашенко билан мулоқотларидан сўнг миграция инқирози тамоман бартараф бўлишига ишонмаслигини айтади.

“Чегара ёнида турган бу одамлардан яна фойдаланишади, Лукашенкога яна керак бўлиб қолгани ҳамон инқироз қайтадан зўраяди”, дейди Гурневич.

XS
SM
MD
LG