Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят суди Оқ олтин тумани пахта тозалаш заводининг собиқ директори Ғанишер Бойбўсиновга чиқарилган ҳукм устидан апелляция ишини кўриб чиқмоқда.
47 яшар Ғанишер Бойбўсинов 2018 йилнинг 26 декабрь куни Ўзбекистон Жиноят Кодексининг бир неча моддаси билан айбланиб, 8 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.
Судланувчи яқинлари иддаосича, Ғанишер Бойбўсинов 2017 йил пахта мавсумида ифлос ва тупроқ қўшилган пахтани вилоят ҳокими ўринбосари ва ва Оқ олтин тумани ҳокимининг буйруғи ва босими билан қабул қилганини судда айтган ва бу ишнинг ташаббусчилари ҳам жавобгарликка тортилишини талаб қилган бўлса-да, суд бу важларни инобатга олмаяпти.
Вилоят ҳокими ўринбосари ва туман ҳокими бу хусусда Озодлик билан гаплашишдан бош тортди.
30 январь куни Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди пахта камомади бўйича чиқарилган ҳукм апелляциясини кўришни бошлади.
Оқ олтин туманидаги пахта тозалаш заводи директори Ғанишер Бойбўсинов 2018 йилнинг 26 декабрида суд ҳукми билан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 167 - ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, 205 - ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, 209 - ҳокимият ҳаракатсизлиги моддалари билан айбланиб, 8 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.
Айблов хулосасига кўра, Ғанишер Бойбўсинов ва унинг қўл остидаги беш нафар тарозибон 7,5 миллиард сўм миқдоридаги қарийб 7,5 минг тонна пахта камомадида айбланган.
Ғанишер Бойбўсинов бу ҳукм устидан апелляция аризаси киритган эди.
30 январь куни апелляция судида қатнашган Ғанишер Бойбўсиновнинг хотини Моҳидил Бойбўсинованинг Озодликка айтишича, унинг эри маҳкамада бу ишни ўз ихтиёри билан қилмагани, балки раҳбарларнинг тазйиғи остида бажаришга мажбур бўлганини айтган:
“Суд раиси бу кишига пахтани нотўғри қабул қилгансан, деяпти. Эрим эса вилоят ҳокимининг ўринбосари, туман ҳокимининг тазйиғи остида қабул қилишга мажбур бўлганман деяпти. Прокурор нега ўшанда хабар бермадинг бўлмаса, деб айтяпти. Шу ўринда адвокат туриб ҳокимлар бу топшириқни берганда прокурор ҳам милиция бошлиқлари ҳам ўша мажлисда ўтирган бўлса, кимга мурожаат қиларди, деб айтганда, прокурор жим бўлиб қоляпти”, дейди Моҳидил Бойбўсинова.
Унинг қўшимча қилишича, Ғанишер Бойбўсинов унга ноқонуний топшириқ берган мулозимларни судга чақиришни талаб қилган:
- Эрим судда айтди. Пахтатрест бошлиғи Азиз Исмоилов заводга бориб ётиб олган эди, деди. Кейин Оқ олтин тумани ҳокими Дилмурод Фозилов тазйиқ ўтказиб, ифлос, пўчоқ ва тупроқ қоришилган, бешинчи сортга мансуб пахтани юқори сортларда қабул қилишга мажбурлаганини айтди. Ҳоким Дилмурод Фозиловнинг мажбурлагани судда исбот ҳам бўлди. Фермерлар айтяпти, биз бу пахтани тердирмаймиз, бу бешинчи сорт бундан фақат зарар деса ҳам, ҳоким уларни мажбурлаб тергизиб, заводда ўтказишни ўз бўйнига олган экан. Лаборантлар ҳам, тарозибонлар ҳам бизни ҳоким мажбурлаган деб айтяпти, лекин суд бу мулозимларни судга чақирмаган ёки чақирса ҳам улар келмаган. Менда туман ҳокимининг бундай ифлос пахтани қабул қилиб олиш ҳақида вилоят ҳокими ўринбосари Комилжон Собировнинг буйруғи бор, деган записи ҳам бор, дейди Моҳидил Бойбўсинова.
Моҳидил Бойбўсинованинг айтишича, пахта режасини бажариб, президент олдида мақтаниш эвазига вилоят раҳбарлари ана шундай ноқонуний иш қилган, лекин буюрувчилар бир четда қолиб, бажарувчилар жавобгарликка ториляпти:
- Эрим ва яна беш нафар унинг қўл остида ишлаган тарозибон емаган сомсаси учун ўз умридан ҳақ тўлаяпти. Буйруқни ким берган, ҳоким ва бошқа мулозимлар. Эримни бошини ёриб шу ишни қиласан деган ким, ҳоким. Нега улар сувдан қуруқ чиқяпти? Ҳоким жиноят қилса ҳам уни жавбгарликка тортишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқми? Ўзларининг жиноятини ёпиш учун эрим ва бошқаларни булар ем қилиб юборишяпти, дейди Моҳидил Бойбўсинова.
Озодлик Сирдарё вилояти ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Комилжон Собиров билан боғланиб, унга нисбатан билдирилган иддаоларга муносабат сўради.
Ҳоким ўринбосари йиғилишда эканини айтиб, телефонни ўчириб қўйди. Комилжон Собиров Озодликнинг кейинги қўнғироқларига жавоб бермади.
Оқ олтин тумани ҳокими Дилмурод Фозилов Озодлик билан суҳбатда судга таклиф қилинмаганини айтди:
“Ҳеч ким мени чақиргани ҳам йўқ, адвокати олдимга келгани ҳам йўқ”, деган ҳоким алоқани узиб қўйди.
Дилмурод Фозилов билан яна боғланишнинг бошқа иложи бўлмади.
Жиноят ишлари бўйича апелляция судининг навбатдаги мажлиси 8 февралда бўлиб ўтади.
Ўзбекистонда 2018 йилги пахта териш мавсумида ҳам режани бажариш учун туман ҳокимлари томонидан қабул қилиш пунктларига қум, тош, темир солинган пахтани қабул қилиш ҳақида кўрсатма берилгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.
Жумладан ўтган йилнинг 16 октябрь куни Андижон вилоят, Бўз туманидаги пахта қабул қилиш пунктлари тарозиларида трактор прицепларида олиб келинаётган пахта орасига яширилган бир неча қоп қум ҳам топилган эди. Топширилаётган пахта вазнини кўпайтириб кўрсатиш учун ўйлаб топилган бу усул туман ҳокими томонидан мажбуран жорий қилингани иддао қилинганди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабарига кўра, прокуратура ходимлари ўтказган тезкор тадбир чоғида пахта топшириш маскани бригадири Фурқат Раҳимов “Шамсиддин-Дилдора” фермер хўжалигида терилган пахта хомашёси остига яширилган 1 тонна тупроқ ва қумни ўтказиб бериш эвазига Шуҳрат Усмоновдан 300 АҚШ доллари ва 400 минг сўмни олиб, қум ва тупроқни жамият ҳудудига тушириб чиққан вақтида ашёвий далиллар билан қўлга туширилган.