Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:14

Президент амакиваччасининг собиқ хотини зиённи қоплагач, унга нисбатан жиноий таъқиб тўхтатилди


Президентнинг амакиваччаси Аббос Мирзиëев ва унинг собиқ хотини Наргиза Жумаева. (Суратни Озодликка Наргиза Жумаеванинг яқинлари тақдим этди)
Президентнинг амакиваччаси Аббос Мирзиëев ва унинг собиқ хотини Наргиза Жумаева. (Суратни Озодликка Наргиза Жумаеванинг яқинлари тақдим этди)

Ҳозирда Н.Ж.га нисбатан қўзғатилган жиноят иши ЖПКнинг 84-моддаси, 5-қисми, 1-банди асосида тугатилди. Хусусан, айбланувчи ўз розилиги билан тергов вақтида жиноят натижасида етказилган зиённи ихтиёрий қоплаганлиги хамда шахс ижтимоий жиҳатдан хавфли бўлмай қолган, деб эътироф этилганлиги асосида унга нисбатан жиноят иши айблилик масаласи ҳал қилинмай тугатилган.

Бу ҳақда Озодликка Бош прокуратура матбуот хизмати 16 март куни хабар қилди.

Прокуратура айтаётган Н.Ж. жиззахлик 44 яшар Наргиза Жумаевадирки, у Зарбдор туман пахта тозалаш корхонасида йўл қўйилган камомадда айбланиб, 9 март куни ҳибсга олингани,маҳаллий суднинг 11 март кунги қарори билан вилоятдан чиқиб кетмаслик ҳақида тилхат олиниб, уйига қўйиб юборилгани тўғрисида 11 март куни Озодлик хабар қилган эди.

Наргиза Жумаева 2013 йили ажрашган эри, 52 яшар "Аббос Мирзиëевдан тўрт фарзанди учун алимент талаб қилгани боис тазйиққа учрагани" ва жиноий жавобгарликка тортилиши ортида "собиқ эрнинг қўли борлигини" унинг яқинлари иддао қилган эди.

Озодликнинг 11 март кунги материалида Наргиза Жумаева билан боғлиқ воқеани ўрганган журналист Улуғбек Ҳайдаровнинг айтганлари ҳам келтирилган эди. Журналист Наргиза Жумаеванинг айтганларига таяниб, Жумаева ўз собиқ эридан алимент талаб қилиб, уни судга бергани учун тазйиқ қилинмоқда, деган фикрни билдираркан, бундай деган эди:

- Аббос Мирзиёев Ўзбекистон республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг қариндоши, амакиси Асрор аканинг ўғли бўлади. 2013 йилда хотини Наргиза Жумаева билан ажрашиб кетган. Ўртада 4 нафар фарзанд бор ва улар она қарамоғида қолган. Уларнинг ажрашиб кетганига 6 йил бўлган бўлсада, Аббос Мирзиёев ўз болалари учун алимент бергани йўқ. Бир ой олдин Жумаева алимент тўлаш ҳақида судга ариза берганидан кейин собиқ эрининг ғазабига учради¸ - деди Улуғбек Ҳайдаров.

16 март куни Озодлик Бош прокуратура матбуот хизматидан Наргиза Жумаева иши бўйича қуйидаги тушунтирмани олди (Прокуратурадан олинган матнни тўлиқ келтирамиз):

"Зарбдор туман прокуратурасига “Зарбдор пахта тозалаш” акциядорлик жамияти раиси Р.Б. жамият бош ҳисобчиси Н.Ж. томонидан ҳақдорлиги мавжуд бўлмаган 12 та фермер хўжалигига 211 млн. сўм миқдоридаги маблағ ноқонуний ўтказиб юборилганлиги ҳақида мурожаат қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан 2018 йил? 19 декабрь куни “Зарбдор пахта тозалаш” акциядорлик жамияти бош ҳисобчиси Н.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши юзасидан 2019 йил, 6 январь куни ҳужжатли тафтиш тайинланиб, ижроси вилоят молиявий назорат бошқармасига юклатилган.

Ўтказилган тафтиш жараёнида “Зарбдор пахта тозалаш” АЖ бош ҳисобчиси Н.Ж. харид қилинган пахта хом ашёси учун жамият ҳисоб рақамидан 2018 йил, 27 ноябрда ҳақдорлиги мавжуд бўлмаган 10 та фермер хўжалигига ўзи имзолаган тўлов топшириқномалари билан ноқонуний равишда жами 196,6 млн. сўм миқдоридаги пул маблағини “Агробанк” АТБ Зарбдор филиали орқали мазкур фермер хўжаликларининг ҳисоб-рақамларига ўтказиб юбориб, жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, жамият томонидан ҳақдорлиги мавжуд бўлмаган 69 та фермер хўжалигига жамият раиси Р.Б. ва бош ҳисобчиси Н.Ж. томонидан имзоланган тўлов топшириқномалари асосида “Агробанк” АТБ Зарбдор филиали орқали жами 152,4 млн. сўм пул маблағи ноқонуний ўтказиб юборилган ва юқоридагилар оқибатида жамият манфаатларига жами 348,9 млн. сўм зарар етказилганлиги маълум бўлган.

Кўрсатиб ўтилган ҳолатлар юзасидан 2019 йил, 9 март куни Н.Ж.га нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан айблов эълон қилиниб, у ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган ҳамда 2019 йил, 11 март куни Н.Ж.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Зарбдор туман судига юборилган.

Илтимоснома суд томонидан 2019 йил, 11 мартда кўриб чиқилиб, рад қилинган ва Н.Ж.га энг кам иш ҳақининг 200 баравари, яъни 40,5 млн. сўм миқдорида гаров эҳтиёт чораси қўлланилган ва гаров суммасини қўйиш учун ушлаб туриш муддати 48 соатга узайтирилган.

Суд ажрими асосида Н.Ж. томонидан 40,5 млн. сўм гаров пули қўйилганлиги сабабли 2019 йил, 11 мартда Н.Ж.га нисбатан қўлланилган эҳтиёт чораси ўзгартирилган.

Ҳозирда Н.Ж.га нисбатан қўзғатилган жиноят иши ЖПКнинг 84-моддаси 5-қисми 1-банди асосида тугатилди. Хусусан, айбланувчининг розилиги билан тергов вақтида жиноят натижасида етказилган зиённи ихтиёрий қоплаганлиги хамда шахс ижтимоий жиҳатдан хавфли бўлмай қолган деб эътироф этилганлиги асосида унга нисбатан жиноят иши айблилик масаласи ҳал қилинмай тугатилган.

Муҳими, бу ҳолат иктисодий жиноят ва унинг ҳуқуқий оқибатлари доирасидаги масала холос!

Бунда кимдир томонидан жиноят иши қўзгатилиши уюштирилган дейишга ҳеч бир асос йўқ. Мазкур жиноят ишининг қўзғатилиши ва тергов килиниши ЖК ва ЖПК доирасида амалга оширилмоқда.

Жиноят ишининг тергови жараёнида “Агробанк” АТБ Зарбдор туман филиали бошқарувчисининг ҳаракатларида ҳам жиноят аломатлари аниқланиб, айб эълон қилинди.

Жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда ва тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси назоратига олинган",
- дейилган Бош прокуратура матбуот хизматининг тушунтирувида.

XS
SM
MD
LG