Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:16

OzodDayjest: Ёшлар иттифоқи раҳбари ташкилот ҳали ёшлар ишончини қозонолмаганини тан олди


Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуронбоев.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуронбоев.

Жиноий гуруҳ Тошкент бозорларида 10 йил давомида тонналаб сифатсиз гўшт сотгани маълум бўлди. Қуронбоев Ёшлар иттифоқи ҳали ўзбек ёшлари ишончини қозона олмаганини тан олди. Наманганда 114 ёшли онахонга ИИБ раҳбари биометрик паспорт топширди.

_____________________________________________________________

Тошкентда 10 йилдан буён сифатсиз гўшт сотиб келган жиноий гуруҳ фаолиятига оид тафсилотлар маълум бўлди

Тошкентдаги савдо расталарида 10 йил давомида сифатсиз гўшт маҳсулотлари сотиб келган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилгани хабар қилинган эди. “Даракчи” нашри ушбу гуруҳ фаолиятига оид қўшимча тафсилотларни эълон қилди. Жиноий гуруҳга Қашқадарёда туғилган, 40 ёшли Баҳром Ҳайдаров бошчилик қилган. У танишлари ҳамда ветеринарлар орқали Қашқадарё вилояти бўйлаб ўлимтик моллар ҳақидаги маълумотларни тўплаш тизимини йўлга қўяди ва ҳар бир хабар учун 15-50 минг сўмгача пул тўлайди. Шу тариқа жиноий гуруҳ аъзолари Қашқадарёда касал молларни сўйиб, гўштини Тошкентга юборган. Яширин цехларда ишлов берилган сифатсиз гўшт бозор ва колбаса ишлаб чиқарувчиларга ўтказилган. Жиноий тўда ҳар ойда 5-15, 10 йил давомида эса 1800-6000 тонначага сифатсиз гўшт сотган. Мазкур ҳолат бўйича тергов олиб борилаётгани хабар қилинган. Ижтимоий тармоқларда 10 йил давомида сифатсиз маҳсулот сотилишига эътиборсизлик қилган ветеринария хизмати танқид қилинган эди. Давлат ветеринария хизмати бош мутахассиси Алишер Аҳадов келгусида бундай ҳолатлар рўй бермаслиги учун кескин чоралар кўрилишини маълум қилган.

Ёшлар иттифоқи раиси ҳали ёшлар ишончи қозонилмаганини эътироф этди

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуронбоев ташкилот ҳали мамлакат ёшларининг ишончини қозона олмаганини тан олди (“Оила даврасида”, 2017 йил 52-сон). “Айрим ёш етакчиларда биринчи навбатда ватанпарварлик етишмаяпти. Шу мақсадда Жиззах вилоят кенгаши раисини ёшларни бирлаштира олмагани учун ишдан олдик. Тизим ташкил қилинди, лекин ёшлар ишончини ҳали қозона олмадик. Бу энг катта камчилигимиз. Агар фидойи бўлмасак, ўзимизни қийнамасак, ёшларнинг ичига кира олмаймиз”, деган Қ.Қуронбоев. Қайд этилишича, ёшлар орасида ишсизлик энг жиддий муаммолардан бўлиб қолмоқда. Тошкентдаги мардикор бозорларидаги ёшлар билан суҳбатлашилганда Меҳнат вазирлиги ёки Ёшлар иттифоқидан бирор вакил келиб, уларнинг ҳаёти билан қизиқмаганини айтишган. Ёшларни иш билан таъминлаш борасида ҳам қилинадиган ишлар кўп эканини таъкидланган.

Наманганда 114 ёшли онахонга ИИБ раҳбари биометрик паспорт топширди

Наманган вилояти Мингбулоқ тумани Гулистон маҳалласида яшовчи 114 ёшли Ҳадияхон Ҳошимовага биометрик паспорт топширилди (“Постда”, 1 январь). Хабар қилинишича, туман ИИБ бошлиғи Авазбек Хўжахонов бошчилигидаги бир гуруҳ ички ишлар ходимлари онахоннинг уйига бориб, паспортни топширишган. 1903 йилда туғилган Ҳадияхон Ҳошимова 52 ёшида умр йўлдошидан айрилгач, оила ташвиши, фарзандлар тарбиясини ўз зиммасига олган. Синовларга бардош бериб, ўғил-қизларини ўқитган, уйли-жойли қилган. 2017 йилда онахонга Ўзбекистон президенти фармони билан “Шуҳрат” медали берилган.

XS
SM
MD
LG