Тошкентдаги мардикор бозорига чиқишга мажбур бўлаётган аёлларни мелисалар таҳқирламоқда. Тошкентлик аёл икки фарзанди ҳаётига зомин бўлди. Самарқандда номуси топталган қиз ўз жонига қасд қилди.
_____________________________________________________________
Ички ишлар ходимлари мардикор бозоридаги аёлларга таҳқиромуз муносабатда бўлмоқда
Тошкент шаҳри мардикор бозорларида вилоятлардан келган кўплаб аёллар овораи сарсон бўлиб юрибди (“Ҳуррият”, 19 июль). Тирикчилик кўйида мардикор бозорига чиқишга мажбур бўлаётган аёлларга ички ишлар ходимлари ҳам таҳқиромуз муносабатда бўлмоқда. “Ҳа, кейинги пайтда инсоннинг қадр-қиммати пасайиб кетгани бор гап. Одамнинг ўз юртида бундай хўрланишига бефарқ қараб бўлмайди”, деб ёзади газета. “Турмуш ўртоғим бошқага уйланиб кетган. Алимент тўлаш хаёлига келмайди. Болаларимга ёрдам сўраб, маҳаллагача бордим. У ерда ҳам таниш-билиш. Иш излаб бормаган ташкилотим қолмади, ким ҳам сизга ўз ўрнини бўшатиб беради! Унда-бунда топилганлари ҳужжатдан олдин “шапка”нинг “учи”дан озроқ узатишимни сўради”, деган самарқандлик Гулмира Самиева газета мухбирига. “Баъзан матбуот анжуманларида журналистларни йиғиб, катта-кичик раҳбарлар, ишбошиларнинг олис қишлоқларимизда бир йилда қанчалаб цех ишга туширилгани, қанча одам иш билан таъминлангани ҳақида берган ахборотлари фақат ялтироқ ҳисобот учун, амалда эса шунинг ўндан бири ҳам йўқ экан-да! Бу жабрдийдалар фақат ўзи учун яшашга ўрганиб қолган беш-олтита ноинсоф, оёғи ердан узилган раҳбарнинг масъулиятсизлиги туфайли мардикор бозорларида сарғайиб юрибди”, деб ёзади газета.
Тошкентлик она икки фарзандининг ҳаётига зомин бўлди
Тошкент шаҳри Чилонзор туманида яшовчи 26 ёшли Рината Мусаева икки фарзандининг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақда бир қатор матбуот нашрлари хабар берди. Рината Мусаева 7, 5 ва 3 ёшли қизларини уйда қаровсиз қоддирган – ҳаво ҳарорати юқори бўлишига қарамай, хонадон ойналарини ёпиб, эшикни қулфлаб, ўз ишлари билан кўчага чиқиб кетган. Оқибатда 3 ва 5 ёшли қизи нобуд бўлган. Матбуот Р. Мусаеванинг муқаддам судлангани фактига эътибор қаратган. Мазкур ҳолатга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган. Қайд этилишича, Чилонзор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими жиноят иши қўзғатиб, тергов олиб бормоқда.
Самарқандда номуси топталган қиз ўзини ўлдирди
Самарқанд вилояти Тайлоқ туманида яшаган қиз номуси топталгани боис ўз жонига қасд қилди (“Постда”, 15 июль). Тергов-суриштирув жараёнида Пастдарғом тумани Кичик Найманча қишлоғида яшайдиган фуқаро Б. Жаҳонгир қизнинг номусини топгани аниқланган. Марҳуманинг қариндошига унаштирилган Б. Жаҳонгир алдов йўли билан қизни уйидан чақириб олиб, кимсасиз тутзорда уни бир неча бор зўрлаган. Номусига чидолмаган қиз уйига қайтгач, қўшнисининг оғилхонасига кириб, ўзини осган. Жиноятчи қилмишига яраша жазога тортилгани хабар қилинган.