Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:37

Владимир Путин: Россияни тўхтата олмайсиз!


Владимир Путин чиқиши 1 соат 57 дақиқа давом этди.
Владимир Путин чиқиши 1 соат 57 дақиқа давом этди.

1 март куни Федерал Кенгаш олдида 14-марта йиллик чиқиш қилган Россия президенти Владимир Путин“Россия рақиблари ва душманларига” таҳдид қилди ва россияликларга қоп-қоп ваъда берди.

Россия президентининг бу йилги икки соатлик маърузаси сиëсий элита эмас¸ балки мамлакат гражданлари ва “Россия рақибларига” қаратилганига эътибор қаратган таҳлилчилар¸ унинг йиллик ҳисоботидан кўра кўпроқ 18 март куни яна президентликка қолиши кутилаëтган Путиннинг сайловолди дастури эканини айтмоқда.

Ҳар йилгидан фарқли Путиннинг бу йилги анъанавий маърузаси Кремль Георгиевский залида эмас¸ балки Катта Манежда¸ декабрда эмас¸ балки сайловларга уч ҳафтадан кам вақт қолган март ойида ўтказилди.

Кутилганидек¸ бу йилги маъруза моҳияти ўтган йилнинг Федерал Йиғин олдидаги ҳисоботи эмас¸ балки Путиннинг келаси 6 йиллик президентлик режалари ҳамда “Россия рақиблари ва душманларини қўрқитишга” бағишланди.

Манеж залидаги бу маърузани 1000 яқин одам бевосита эшитган бўлса¸ уни ëритишга 700 журналист жалб этилди.

Яқин келажак режалари...

Владимир Путин бу йилги чиқишининг “даврий” ¸ тарихий аҳамиятга эгалигини таъкидлаб¸ Россия кўплаб “таҳдидларни енгиб”¸ “ўз йўлида собит қолгани”ни билдирди.

18 йилдан буён Россияни "ўз йўлида собит ушлаб келаëтган" президент бундан кейинги асосий эътибор аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилажагини айтди:

- Сайловларда ким ғолиб чиқишидан қатъий назар, яқин келажак Россияда технологик ўзгаришлар учун асос бўлади. Технологик қолоқлик – Россиянинг асосий душмани, деди маърузасининг бошланишида Россиянинг аллақачон барқарор тараққиётга эришганини эълон қилган Путин.

Айни пайтда, Путин экранга чиқарилган инфографика ёрдамида 140 миллионлик Россиянинг 20 миллиондан зиёд аҳолиси қашшоқликда кун кечираëтганини ҳам эътироф этди:

- 2012 йилда биз бу кўрсаткични 10 фоизга туширишга эришдик, аммо бошланиб кетган иқтисодий инқироз туфайли бу кўрсаткич яна ўсди: бугунда 20 миллион гражданларимиз қашшоқдир, деди Россия президенти.

В.Путин чиқишини 1700 зиёд одам тинглади.
В.Путин чиқишини 1700 зиёд одам тинглади.

Қоп-қоп ваъдалар....

Нафақаларни ошириш, ялпи ички маҳсулотнинг яқин 6 йилда 1,5 баробарга ошириш, “қашшоқликни камида икки баробарга камайтириш”, иш ўринларини кўпайтириш, минтақаларга “оналик ва болалик” масаласига 50 миллиард рубль ажратиш, шаҳар ва қишлоқларни ривожлантириш, аҳолининг турар-жой муаммоларини ҳал қилиш, келгуси 6 йилда йўллар қурилишига 11 триллион рубль ажратиш, Қрим кўпригини ниҳоят қуриб битказиш, аэропортлар сонини кўпайтириш, тиббиёт хизмати сифатини ошириш, маошларни кўтариш, ахлатхоналар сонини камайтириш, фан, маданият ва маорифга кўпроқ пул ажратиш, ипотека кредитларини 7 фоизга тушириш, 2024 йилгача интернетни кучайтириш - бунинг ҳаммаси икки соатлик чиқиш давомида Владимир Путин томонидан берилган ваъдаларнинг айримлари¸ холос.

- Одамлар ва уларнинг эҳтиёжлари, адолат ёдимиздан кўтарилди, дея ўзини койиди 18 март куни яна бир муддатга президентликда қолишни кўзлаëтган қарийб 14 йиллик президент.

Путин намойиш этган "ҳарбий" слайдлардан бири
Путин намойиш этган "ҳарбий" слайдлардан бири

Хавфсизлик масаласи ҳақида...

Чиқишининг бу қисмини Путин СССР тарқалиши ортидан Россия қийин аҳволда қолгани ва қўшни давлатлар “Россия оёққа тура олмайди” деган хато фикрда эканига бағишлади.

- Россия дунёнинг энг йирик ядро мамлакати эди ва бўлиб қолади. Бизни ҳеч ким эшитгиси йўқ эди. Ҳеч бўлмаса ҳозир эшитинг! - деб даъват қилди Путин ўз хорижий рақибларига қарата.

У Россия ракеталарга қарши мудофаа (ПРО) янги тизимининг АҚШ системаларига жавобан ўрнатилаётганини айтди.

- Бирор нарсани бўрттирганим йўқ, деди Владимир Путин Россиянинг АҚШ ракеталари қуршовида қолганини билдириб.

Шундан сўнг Владимир Путин Россияда охирги йилларда энг замонавий ядровий ва бошқа қурол турлари яратилганини экранда намойиш қилди.

“Воевода” тизими ўрнига келаётган “Сармат” ракета комплекси (экранда намойиш этилаётган видеода АҚШ томон учиб чиққан ракетанинг ҳимоя тўсиқларини айланиб ўтиб, Жанубий Америка устидан учаëтгани кўрсатилди), ядро зарядли автоном бошқарувга эга торпедо тизими, “Кинжал” авиация ракета комплекси, космосдан ҳужум қилувчи “Авангард” ракета комплекси, гиперовоздан тез ракеталар, янги лазер қуролини Путин шахсан ўзи 15-20 дақиқа давомида экранда намойиш этди.

("Биз урушга тайёрланаяпмизми? Ёки охирги йилларда бу одатий ҳолми?")

- Таъкидлайманки, ўз ҳарбий доктринасига мувофиқ¸ Россия агрессияга жавобан ядро қуролини ишлатиши мумкин. Ишонаманки, бугунги айтганларим ҳар қандай эҳтимолий агрессорни ўзига келтириб қўяди. Йигитларимиз яна бирор нима ўйлаб топишади, дея кўрсатилган слайд ва видеолар якунида билдирди Россия раҳбари.

Шу билан бирга у “позицияларимиз мос келмаса-да, биз БМТ, Европа Иттифоқи ва АҚШ билан ҳамкор бўлиб қолаверамиз”, деди.

- Россия ҳеч кимни босиб олмоқчи эмас, ўзимизда ҳамма нарса етарли, дея ишонтиришга уринди Владимир Путин.

Федерал Йиғинда қилган чиқишида Владимир Путин 18 мартдаги президент сайловларидан кейин ҳукумат алмашишига ишора қилиб, Медведев янги бош вазир лавозимида қолиши мумкинлиги тўғрисидаги гап-сўзларни инкор этди.

XS
SM
MD
LG