Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:24

Қамоқ, қийноқлар ва номига афв этиш. Тожикистон ҳукумати танқидчиларни қандай жазоламоқда?


Хўжакўрсин амнистиялар, маҳкумлар қийноққа тутилиши ҳақидаги хабарлар, адолатсиз ҳукмлар – афсуски, Тожикистон ҳукумати сиёсий ва жамоатчилик фаолларига қарши курашда бу ибтидоий ва шафқатсиз чораларнинг ҳеч биридан тап тортмайди.

Тожикистоннинг суд тизими ҳокимият мухолифларини жазоловчи қурол ўрнида қўлланилаётгани учун кўпдан бери халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотлари томонидан танқид қилиб келинади.

Бу танқидларнинг асослилигини тасдиқловчи ҳолатлар сўнгги йилларда оз бўлмади. Тожик судлари ва мулозимларининг ҳатто кўрсатган раҳм-шафқати ҳам раҳм-шафқатга ўхшамайди.

Қуйида Тожикистон амалиётига оид ана шундай энг аянчли ҳолатлар ҳақида ҳикоя қилинади.

АДВОКАТ

Адвокат Бузургмеҳр Ёров 2015 йил сентябрда қўлга олинган эди. Кўп ўтмай уни 28 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилдилар.

Жорий йилда Тожикистонда мамлакат мустақиллигига 30 йил тўлиши муносабати билан амнистия эълон қилинди.

Ёровнинг қамоқ муддатини тўрт йилга камайтирдилар.

50 ёшли адвокат судда ўз айбсизлигини исботлаш имкони йўқ одамларнинг ҳимоячиси ўлароқ танилган эди.

Адвокат Бузургмеҳр Ёров, 2016 йил 19 декабр
Адвокат Бузургмеҳр Ёров, 2016 йил 19 декабр

У Тожикистон Исломий уйғониш партияси (ТИУП) аъзоларини ҳимоя қилган. Бир вақтлар ушбу партия ҳокимиятни бўлишиш тўғрисида президент Эмомали Раҳмон ҳукумати билан битим тузган ва келишувга кўра, ҳукуматдаги лавозимларнинг 30 фоизига ушбу мухолифат вакиллари тайинланиши лозим эди. Аммо кейинчалик президент Раҳмон мазкур битимга мамлакат назоратини тўлиқ ўз қўлига олиши йўлидаги ғов сифатида қарай бошлади.

Ёров тадбиркор Зайд Саидовнинг адвокати бўлган ўз ҳамкасби Фахриддин Зокировни ҳам ҳимоя қилган.

Саидов 2013 йил апрелда “Тожикистони Нав” (Янги Тожикистон) номли сиёсий партияга асос солган эди. Декабрда уни фирибгарлик, кўпхотинлилик ва жинсий тажовузда айблашди. Барча айбловларга Саидовнинг сиёсий фаолияти сабаб бўлганлиги халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотлари томонидан тан олинган.

Унинг адвокати Зокиров 2014 йилнинг март ойида қўлга олинди ва ҳужжатларни қалбакилаштириш айблови билан саккиз ойга қамоққа жўнатилди. Кейинроқ уни амнистия қилишди.

Саидовнинг иккинчи адвокати Шуҳрат Қудратов 2015 йилда фирибгарлик ва порахўрликда айбланиб, тўққиз йилга озодликдан маҳрум этилди. Унинг муддати икки марта амнистияда қисқартирилди ва 2018 йил августда адвокат қамоқдан чиқди.

2015 йилнинг сентябрь ойи бошларида Тожикистон ҳукумати бир гуруҳ ҳарбийлар мудофаа вазири ўринбосари, кўп йиллар муқаддам Тожикистон Исломий уйғониш партиясига бевосита алоқадор бўлган генерал-майор Абдуҳалим Назарзода бошчилигида давлат тўнтаришига уринганини эълон қилди.

ТИУП дарҳол давлат тўнтаришига алоқадорликда айбланиб, экстремистик ташкилот деб топилди ва унинг фаолияти тақиқланди.

Партиянинг Тожикистонда бўлган барча раҳбарлари қўлга олиниб, узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилинди.

Ёров ТИУП раҳбариятидан айрим кишиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чоғланди. 2015 йил 28 сентябрдаги интервьюсида у ҳимоясидаги маҳбуслардан бири қийноққа солинганини айтди.

Эртасига‑ёқ Ёровни гўёки 2010 йилда фирибгарлик қилгани учун қўлга олишди.

Дастлаб унга 23 йил беришган эди, кейинги икки маҳкама жараёнида муддатига яна беш йил қўшилди.

Суд муҳокамаларидан бирида Ёровнинг XI асрда яшаб ўтган машҳур табиб ва мутафаккир Ибн Синодан иқтибос келтириши “судга ҳурматсизлик” дея баҳоланиб, унга икки йил муддат қўшиб берилган эди.

Халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотлари қўлга олишдан тортиб ҳукм ўқилишигача – бутун суд жараёнини қоралаб чиқди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси ҳузуридаги Ўзбошимчалик билан қамашлар бўйича ишчи гуруҳнинг 2019 йил июндаги хулосасида шундай дейилади: “Ишнинг барча жиҳатларини ҳисобга олганда жаноб Ёровни зудлик билан озод этиш ва унга товон ундириш ва бошқа йўқотишлар ўрнини тўлдириш ҳуқуқини бериш ҳуқуқий ҳимоянинг энг мақбул воситаси бўлур эди”.

2019 йилда Ёровнинг қамоқ муддати амнистия орқали яна олти ярим йилга қисқартирилди. Тўрт йил ўтирганини ҳам қўшсак, унинг қамоқ муддати тугашига яна 11.5 йил қолди. Яъни, адвокат озодликка чиққанида 61 ёшга тўлган бўлади.

МУХОЛИФАТ АРБОБИ

Маҳмурод Одинаев – мухолифатдаги Социал-демократик партия (СДП) раисининг ўринбосари.

СДП эса бугунги кундаТожикистонда мавжуд ягона мухолифатдаги партия саналади.

Одинаев қамоқда, у 14 йилга ҳукм қилинган. Яқинда эълон қилинган амнистияда унинг муддатидан уч йил чегириб ташланди.

Маҳмурод Одинаев – мухолифатдаги Социал-демократик партия (СДП) раисининг ўринбосари.
Маҳмурод Одинаев – мухолифатдаги Социал-демократик партия (СДП) раисининг ўринбосари.

2020 йил ноябрда Одинаев ўзининг “Facebook”даги саҳифаси орқали Душанбе шаҳри ҳокими, Тожикистон президентининг ўғли Рустам Эмомалига мурожаат қилиб, уни СДПнинг озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошишига қарши митинг ўтказишига рухсат беришга чақирган эди.

Шундан сўнг 20 ноябрь куни тўсатдан Одинаев ғойиб бўлди. 5 декабрдагина прокуратура унинг ҳибсга олинганини тасдиқлади.

2021 йилнинг январь ойи охирида Одинаев безориликда ва экстремизмга даъват қилишда айбланиб, қамоқ жазосига ҳукм этилди – айбловга унинг норозилик акцияси ўтказишга рухсат беришни сўраб ёзган аризаси асос қилиб олинди.

Унинг ўғли Ҳабибулло Ризоев ҳам ишда айбланувчи сифатида қатнашди. Унга 58 минг сомоний (тахминан беш минг АҚШ доллари) жарима солинди.

2021 йил мартида Одинаевнинг бошқа ўғли – Шайхмуслиҳиддин Ризоев безорилик ва жинсий тажовузга уринишда айбланиб, олти ярим йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Маҳмурод Одинаев (чапда) ва унинг ўғли Шайхмуслиҳиддин Ризоев
Маҳмурод Одинаев (чапда) ва унинг ўғли Шайхмуслиҳиддин Ризоев

Октябрда 59 ёшли Одинаев қамоқ муддатини умумий афв орқали камайтириши мумкин бўлган ҳужжатларга имзо чекишдан бош тортди. У ҳеч қачон ноқонуний хатти-ҳаракат қилмаганини ва асоссиз қамалганини айтиб, уни дарҳол озод этиш ва тўлиқ реабилитация қилиш қароринигина қабул қила олишини билдирди.

ЧЎЯН ЧОЙНАК

2015 йил сентябрида давлат тўнтаришини амалга оширишда уринганликда айбланиб, қамоқ муддатини ўтаётган ТИУПнинг тўрт нафар аъзоси 2021 йилнинг сентябрь ойи ўрталарида қамоқдан жамоатчиликка мактуб йўллаб, унда яна бир бор ўзларининг айбсизликларини билдиришди ва уларнинг иши халқаро экспертлар иштирокида кўрилишини илтимос қилишди.

Бу тўртовлон – 25 йилга озодликдан маҳрум этилган Зубайдуллоҳи Розиқ; 16 йилга “кесилган” Ҳикматулла Сайфуллозода; 28 йилга қамалган Раҳматулло Ражаб ҳамда 23 йилга қамалган Муҳаммадали Файзмуҳаммад.

Мактуб қувғиндаги тожик мухолифати Сиёсий маҳкумлар кунини нишонлайдиган 16 сентябрда эълон қилинди.

Тожикистон ислом уйғониш партияси аъзоси Раҳматулло Ражаб
Тожикистон ислом уйғониш партияси аъзоси Раҳматулло Ражаб

Тожик ҳукумати чақириқни назар-писанд қилмади. Душанбе расмий муносабат билдиргани йўқ.

Сентябрь ойи охирларида, қамоқ касалхонасида даволанаётган 70 ёшли Сайфуллозодага ҳужум қилишгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. У июнь ойида юрагида жарроҳлик амалиёти ўтказилганидан бери қамоқхона тиббиёт бўлимида ётган эди.

Сайфуллозода қамоқда қийноққа солингани хусусида хавотирлар пайдо бўлди.

8 октябрь куни адлия вазирлиги баёнот билан чиқиб, маҳкум қийноққа тутилгани тўғрисидаги хабарларни рад этди.

Вазирлик Сайфуллозодага ҳужум қилинганини тасдиқлади, аммо ҳужум қилувчи бошқа бир маҳкум эканини иддао қилди. Боз устига, у оддий маҳкум эмас, балки ТИУПга раҳбарлик қилган ва фуқаролик урушида ҳукуматга қарши курашган гуруҳ – Бирлашган тожик мухолифатининг собиқ аъзоси эканини билдирди.

Қариндошларининг сўзларига кўра, маҳкум Сайфуллозода ётган хонага кириб, унинг бошига чўян чойнак билан урган.

Қамоқхонадан чиққан мурожаат мактуби муаллифларидан яна бири – Раҳматулло Ражаб ҳам ҳужумга учрагани ҳақида хабар қилинди.

Ражабнинг қариндошлари октябрь ойи бошларида унга тиғ билан ҳужум қилишганидан хабар топганларини айтишди.

Улар аниқ маълумот олиш учун Ваҳдатдаги қамоқхонага ҳам боришганида маъмурият учрашувга рухсат бермаган, аммо Ражаб билан телефон орқали сўзлаштирган.

Қариндошлар Ражаб ҳужумга йўлиққанини инкор этганини, лекин жуда эҳтиёт бўлиб гапирганини айтишган. Улар телефонда сўзлашаётган пайтда Ражабнинг ёнида кимдир тургандек туюлган.

Қамоқхона ходимлари Ражаб маҳкумликда қийноққа солинганини инкор қилганлар.

Кейинроқ Тожикистон омбудсмени Умед Бобозода қамоқхонага бориб, Сайфуллозода, Ражаб ва ТИУП аъзоси бўлмиш Абдуқаҳҳор Давлатов исмли яна бир маҳкумнинг аҳволидан хабар олди.

Бобозодага кўра, Ражаб ва Давлатов уларга нисбатан қийноқлар қўлланганини рад этишган, Сайфуллозода эса ҳужумга учраганини тасдиқлаган, аммо ҳужум қилган одам қамоқхона ходими эмаслигини билдирган.

Бироқ ушбу айблов ёки хабарлар мустақил равишда тасдиқланмади, барча ахборот қамоқхона маъмурияти ва омбудсман орқали ёйинланди.

Тожикистон ислом уйғониш партияси йиғилиши¸ 2015 йил 12 март
Тожикистон ислом уйғониш партияси йиғилиши¸ 2015 йил 12 март

ҲУҚУҚБОН

Иззат Амон 1996 йилдан бери Россияда яшар ва у ерда тожик меҳнат мигрантларини дастакларди.

2000 йилда Амон Москвада тожиклар учун Марказ ташкил қилиб, мигрант ватандошларига Россияда рўйхатдан ўтиш, ишга жойлашиш, турар-жой топишда кўмаклаша бошлади, шунингдек, ҳуқуқий муаммоларга дуч келганларга йўл-йўриқ кўрсатди.

Тожикистондаги 2020 йилги парламент сайлови арафасида Амон сиёсий партия тузиш ва сайловда иштирок этиш ниятида эканини эълон қилди. Аммо кўп ўтмай қонунга мувофиқ, номзодлар сайловгача камида 10 йил Тожикистонда истиқомат қилиши лозимлигини важ қилиб, бу ғоядан воз кечди.

Амон Тожикистон расмийларини тез-тез танқид қилиб, уларни Россияда қора ишларда ишлаб, ватанига пул жўнатиб турадиган меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларида Россия ҳукумат идораларига қарши туришга лаёқатсизликда айбларди.

2021 йил 25 мартида Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари Амонни қўлга олиб, Тожикистонга депортация қилди – ватанида эса уни Россиядаги иш фаолияти билан боғлиқ фирибгарликда айбладилар.

19 октябрь куни суд Амонни айбдор деб топиб, тўққиз йилга озодликдан маҳрум этди.

Бу ишларнинг барчасида битта умумий жиҳат мавжуд – барча мустақил кузатувчилар, халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотлари, адвокатлик бирлашмалари ва суд жараёни гувоҳлари ишни судда кўриш чоғида ва ҳукм чиқаришда маҳкумларнинг ҳуқуқлари поймол қилинганини таъкидлаганлар.

XS
SM
MD
LG