Ироқдан олиб келинган қирғизистонлик болалар ёшига қараб мактаб ва боғчаларга қатнамоқда. Аммо уларни реабилитация қилиш ва жамиятга қўшишда муайян қийинчиликлар мавжуд.
2017 йилда икки яшар фарзанди билан Суриядан келган 28 ёшли Гулмира Қирғизистонда турмуши қийин кечаётганидан, махсус хизматлар босим ўтказаётганидан нолийди.
“Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси (МХДҚ) ходимлари исталган пайтда келиб, тинтув ўтказишади. Бизга ҳеч қанақа психологик ёрдам кўрсатилмади. Келганимиздан бери муттасил стресс ҳолатидаман. Мени “Ҳизб ут-Таҳрир”га аъзоликда гумон қилишяпти. Уйимиздан бирорта ноқонуний нарса топишгани йўқ, шундай бўлса ҳам телефоним билан кийим-кечакларни олиб кетишди”, дейди у.
Марказий Осиё тажрибаси
Гулмира кабиларнинг аҳволи ва уларни жамиятга мослаштириш масалалари Бишкекдаги халқаро конференцияда муҳокама қилинди.
Анжуманда қўшни мамлакатлар вакиллари Яқин Шарқдаги урушда қатнашган фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини реабилитация қилишдаги тажрибаларини ўртоқлашди.
Хусусан, Ўзбекистон беш марта “Меҳр” амалиётини ўтказиб, Сурия ва Ироқдан 400 дан зиёд аёл ва 300 нафар болани олиб келишга муваффақ бўлган.
Ўзбекистондаги Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази директори Васила Алимова биринчи келганлар оғир тушкун аҳволда бўлишганини ва жамиятда камситилганини, аммо ҳозирда бунақа муаммолар йўқлигини сўзлаб берди.
“Ҳозирда камситиш деярли йўқ. Жамият ва ижтимоий хизматлар уларни бировнинг таъсирига тушиб қолган жабрдийда ўлароқ қабул қилди. У ёқларда туғилган айрим болалар ўқиш ва ёзишни билмайди. Ўйинчоқ ўрнида қурол ўйнаган улар. Таълим-тарбия учун шароит бўлмаган. Ҳозир педагог ва психологларимиз ўз қобилиятларини кашф этишда уларга ёрдам бермоқда. Болаларнинг жамиятда ўзини қулай ҳис эиши жуда муҳим”, деди ўзбекистонлик мутахассис.
Қозоғистоннинг “Ҳуқуқ” жамоат фонди раҳбари Ольга Риль Яқин Шарқдан келтирилган болалар учоқлар пиллапоясидан тушгани ҳамон болалар боғчалари ва ўқитиш марказларига қабул қилинганини айтди.
“Ушбу муассасалардаги тайёрлов курслари уларда ўзларига ишонч пайдо қилиб, жамиятга мослашишни ўргатди. Энг муҳими, улар ўқишга чанқоқ, кўпчилиги ёшига мос синф ўқув дастурига етиб олиш учун тиришиб ўқияпти. Ҳатто кечмишларини китоб қилиб ёзаётган болалар бор”, таъкидлайди Риль.
Қирғизистондаги вазият
Қирғизистон март ойида “Мээрим” миссияси доирасида Ироқдаги қочқинлар жамлоғидан 79 болани мамлакатга олиб келган эди. Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазири ўринбосари Жанил Алибоевага кўра, болалар қариндошларига қайтарилган ва жорий ўқув йилидан мактаб ва боғчаларга қатнай бошлаган.
“Қайтарилган болаларни жамиятга мослаштириш ва қўшиш ҳақида гапиришга ҳали эрта. Аммо бу йўналишда ишлар давом этяпти. Ҳозирча фақат мониторинг қиляпмиз”, деган вазир ўринбосари.
Женевадаги Булан институти раҳбари Чўлпон Ўрозбекова “шунчаки учоқ юбориб, аёллар ва болаларни қайтариб келишнинг ўзи етарли эмас”лигини айтади.
“Бу ишнинг бошланиши холос. Реабилитация ва реинтеграция 5-6 йилни олади. Давлат унга тайёр бўлиши керак. Бу одамлар постконфликт шикаст олган, улар билан ишлаш оғир. Радикал ғояларга астойдил берилганлари бор ораларида. Қозоғистон билан Ўзбекистонда имом ва муллалар иштирокида самарали иш олиб бориляпти. Агар Қирғизистон фуқароларини қайтаришни хоҳласа, психологлар, теологлар, педагоглар, ижтимоий хизмат ходимлари ва бошқа мутахассисларни тайёрлаши лозим. Ҳанафий мазҳабининг моҳиятини, ислом тинчлик дини эканлигини уларга англата оладиган билимдон имомлар керак”, дейди Ўрозбекова.