Хитой қарийб 18 ой олдин Қирғизистон билан чегараси бўйлаб жорий этган пандемия билан боғлиқ чекловлар туфайли икки давлат ўртасидаги савдо қисқарди, натижада юк ташувчилар ва чегара аро савдога ишонадиган корхоналар мушкул молиявий аҳволга тушиб қолди.
Қирғизистон ҳукумати икки давлат ўртасидаги савдо-сотиқ кўламини ошириш учун янги тизимни таклиф қилмоқда. Аммо юк машиналари ҳайдовчилари таклиф қилинаётган ўзгаришлар уларнинг моддий аҳволини янада оғирлаштиришидан хавотирда.
«Бу схема [юк машиналари ҳайдовчилари], хусусий тадбиркорлар ва давлатга зарар келтиради», деди «Сапарман» юк ташувчилар уюшмаси раиси Мақсатбек Дуйшеев Озодлик радиоси қирғиз хизмати билан суҳбатда.
«Улар бу Хитой томони талабига жавоб бериш учун зарур бўлган таклиф, дейишяпти, аммо бизга расмий ҳужжат кўрсатилгани йўқ. Бутун вазият тушунарсиз».
Таклиф этилаётган тизим аллақачон норозилик келтириб чиқарди. 8 ноябрь куни Қирғизистоннинг Норин вилоятидаги Қўчқор туманида 400 га яқин ҳайдовчи янги чораларга норозилик билдириш учун тўпланди ва президент Садир Жапаров маъмуриятига очиқ мурожаат йўллади.
Хитой билан савдо Қирғизистон иқтисодиётида муҳим ўрин тутади, бироқ 2020 йилда пандемия бошланганидан бери Хитойдан Қирғизистонга импорт 57,5 фоизга қисқарди, икки давлат чегарасидан ўтаётган юк машиналари сони 10 бараварга озайди.
Бишкек савдони пандемиягача бўлган даражага кўтаришга уриниб келади, аммо Хитой ҳукумати жорий қилган соғлиқни сақлаш тартиб-қоидалари бунга тўсқинлик қилмоқда.
Хитойнинг COVID-19 қоидаларига яхшироқ риоя қилиш ва чегарадан ўтаётган юк машиналари сонини кўпайтириш мақсадида Қирғизистон расмийлари Торуғарт чегара ўтиш жойи яқинида «санитария зонаси» ташкил этишни режалаштирмоқда. Режага кўра, бу ҳудудда маълум миқдордаги юк машиналари Хитойдан келган контейнерларни нейтрал зона орқали олиб ўтиб, Қирғизистон юк машиналарига юклайди.
Таклифга кўра, ушбу хизматни Қирғизистон-Хитой чегарасида қурилган Silk Way (Ипак йўли) саноат ва логистика маркази кўрсатади.
Янги тизим юк ташиш кўламини пандемиядан олдинги даражага тиклашга ёрдам бериши мумкин бўлса-да, Қирғизистон ташувчилар уюшмаси раиси Набир Тоқторов нейтрал зона билан боғлиқ харажатлар юк ташувчилар зиммасига юкланишидан хавотирда. Бу эса, ўз навбатида, инфляция ошиши ва умумий юк ҳажмининг озайишига олиб келиши мумкин.
Таклиф этилаётган янги қоидаларга кўра, ҳайдовчилардан ҳар бир юк машинаси учун 1000 доллардан 1500 долларгача тўлов олиниши мумкин. Бу, табиийки, ҳайдовчилар даромадини озайтиради. Келишувнинг тўлиқ тафсилотлари Қирғизистондаги турли юк ташувчилар уюшмаларига тақдим этилгани йўқ. Бу эса хавотирларни янада кучайтирмоқда.
«Бу пул бюджетга тушади, дейишяпти. Лекин мен буни тушунмаяпман. Агар бу пул солиқ тўлаш ёки йўлларни таъмирлашга сарфланмаса, қайси қонун асосида 1000 доллар олишади? Бу қароқчилик!» деди Тоқторов Озодлик радиосининг қирғиз хизматига берган интервьюсида.
Қирғизистон Давлат божхона хизмати Озодлик радиоси сўровларига жавоб бермади.
Хитой кескин COVID сиёсатини давом эттираётган оз сонли мамлакатларнинг биридир. Мамлакатда битта вирус юқтириш ҳолати аниқланса, бутун бошли шаҳарда карантин чоралари жорий қилиниши мумкин.
Бундай кескин чоралар билан қаторда чегара назорати ҳам кучайтирилди. Пандемия даврида Қирғизистондан ташқари Қозоғистон ва Тожикистон билан ҳам чегара аро савдо кескин қисқарди.
Қирғизистон иқтисодиёти қўшниларига солиштирганда Хитойдан маҳсулот импортига янада кўпроқ таянади. Мамлакатга Хитойдан электроника, тўқимачилик ва қурилиш материаллари каби маҳсулотлари олиб келинади.
Хитой жорий қилган пандемия чекловлари таъсири Қирғизистонда тезда сезилди. 2020 йил март ойи охирига келиб, мамлакатда Хитой маҳсулотлари импорти тақчиллиги юзага келди. Орадан кўп ўтмай, расмий Бишкек Хитой ҳукуматига чегарадаги чекловларни юмшатишга чорлаб нота юборди.
Бишкекдаги Халқаро ишбилармонлар кенгаши ижрочи директори Асқар Сидиқов Озодлик радиоси қирғиз хизмати билан суҳбатда:
«Бизнинг импортимиз экспортимиздан 2,2 бараварга кўп ва импортнинг асосий қисми Хитойдан келади», деди.
«Қирғизистон-Хитой чегараси узлуксиз ишлаши мамлакат иқтисодиёти учун жуда муҳим. Ҳатто енгил саноат учун ҳам хомашё Хитойдан келади».
Пандемия даврида Хитой жорий қилган соғлиқни сақлаш чоралари туфайли юк ҳайдовчилар ва логистика ширкатларининг даромади озайди.
Айни дамда Қирғизистондан Хитойга отланган юк машиналари ва юклар дезинфекция қилинади. Шунингдек, ҳайдовчиларнинг ўзлари ҳам текширувдан ўтади. Натижада навбатлар кўпайган ва бир кунда ўтаётган юк машиналари сони қисқарган.
Ҳайдовчиларнинг сўзларига кўра, бу жараён 90 дақиқадан кўпроқ вақт олиши мумкин. Юк машинаси чегарани кесиб ўтганидан кейин, ундаги бўш контейнер ечиб олинади ва унинг ўрнига Хитой товарлари ортилган тўла контейнер қўйилади. Бунинг ортидан ҳайдовчилар Қирғизистон томонига қайтиш жараёнини бошлайдилар.
Таклиф қилинаётган янги чора-тадбирлар ушбу жараённи тезлаштириш ва пандемия даврида чегарада юзага келган тўсиқларни бартараф этишга қаратилган. Аммо Озодлик радиоси қирғиз хизмати билан суҳбатлашган ҳайдовчиларнинг сўзларига кўра, янги тизим порахўрлик учун қўшимча имконият яратиши мумкин.
Қирғизистон ялпи ички маҳсулоти 2020 йилда 8,6 фоизга қисқарди. Пандемия давомида мамлакат иқтисодиёти оқсоқлаб келади.
Хитойнинг иқтисодий аҳамияти туфайли Пекин билан иқтисодий ҳамкорликни ошириш Қирғизистоннинг ҳозирги ҳукумати учун устувор масаладир.
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров 12 октябрь куни янги лавозимга киришганидан бери бу масала билан шуғулланиб келади. Жапаров бу борада парламентда нутқ сўзлади ва чегарадаги Торуғарт назорат-ўтказиш пунктига ташриф буюрди.
Расмий 9 ноябрь куни Хитой элчиси Ду Дэвэнь билан учрашиб, Хитой билан савдони яхшилаш ва кўпроқ сармоя жалб қилиш масаласини яна кўтарди.
«Савдо ҳажмини оширишимиз керак. Вазирлар Маҳкамаси сармоядорлар хавфсизлигини кафолатлашга тайёр», деди у учрашув чоғида.