Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:26

Қозоғистон: Талончилардан зарар кўрган тадбиркорларга товон тўлаш тартиби бизнес аҳлини қониқтирмаяпти (ВИДЕО)


Олмаота шаҳри маъмурияти тадбиркорларнинг январь ойи бошларида содир бўлган оммавий тартибсизликлардан кўрган зарарини қоплаш механизмини эълон қилди.

Расмийлар тадбиркорлар билан мулоқотда бундай ёрдам чоралари мустақил Қозоғистон тарихида биринчи марта қўлланаётганини урғулаб, бизнесга солиқдан енгиллик, кредит таътиллари бериш ва коммунал хизматлар учун тўловлардан озод этишдан ташқари, бошқа йўллар билан ҳам кўмаклашишга тайёр эканликларини билдиришган.

Бироқ тадбиркорларнинг боши кўкка етгани йўқ: расмийлар таклиф қилаётган товон тўлаш механизми ҳам, миқдори ҳам уларни қониқтирмаяпти.

Олмаотада “январь воқеалари” чоғида жами 1600 дан ортиқ бизнес субъекти зиён кўрган, уларнинг умумий зарари суммаси 146 миллион доллардан ошади.

Аввалбошда тадбиркорларга уларнинг талафотлари ўрнини қоплаш учун пул берилмаслиги, фақат маъмурий ёрдам чоралари қўлланиши маълум қилинган эди. Бироқ ҳукумат комиссияси вакилларининг зиён кўрган тадбиркорлар билан бир неча қизғин учрашувидан сўнг уларнинг фикри ўзгарди.

“Биз ҳали зарар кўрганимизни исботлашимиз ҳам керакми? Менинг бутикларимнинг кулини кўкка совуришди. Қандай зарар кўрганимизни тушуняпсизми?” дея қичқирди учрашувда бир тадбиркор аёл.

Пировардида Олмаота маъмурияти кичик ва ўрта бизнес вакилларига товон пули тўлашга рози бўлди. Йирик бизнесни қўллаб-қувватлаш чоралари эса энди ишлаб чиқилмоқда.

Расмийлар бизнесга қуйидаги тартибда кўмаклашмоқчи: мародёрлардан талафот чеккан бизнесменларга уларнинг бир ойлик фойдасини қоплаб бериш ваъда қилинмоқда – ёрдам пули миқдори эса уларнинг солиқ ажратмаларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Аммо, негадир, бунда аксар тадбиркорлар мутлақо даромад қилмаган ёки арзимаган фойда кўрган карантин даври асос қилиб олиняпти.

“2020 йилнинг иккинчи ярми ва 2021 йилнинг биринчи ярми. Шу даврдаги пул айланмаси ўртача кўрсаткич қилиб олинади ва 12 га бўлинади. Ҳосил бўлган ойлик айланма сизларга товон пули суммаси ўлароқ ҳисобланади”, дея изоҳ берган Зарарни қоплаш ҳудудий комиссияси аъзоси Мақсат Нурахаев.

Тадбиркорлар товон пули миқдори бу тахлит ҳисобланишига рози эмас.

Олмаотадаги тўполонлар чоғида Салтанат Жамилеванинг аёллар кийим-кечаги сотиладиган икки дўкони талон-торож қилинган. Тадбиркор кўрган зарарини 68 минг долларга баҳоламоқда, айтишича, атиги бир ойлик даромади ўрни қопланиши уни касод бўлишдан сақлаб қололмайди.

Боз устига, шу бир ойлик фойда миқдоридаги товон пулини олиш учун Салтанат ўғирланган барча молларининг ҳужжатларини тақдим этиши лозим. Бунинг эса имкони йўқ: якка тартибдаги тадбиркор мақоми унга юк хатлари асосида ишлаш мажбуриятини юкламайди.

Бир ойлик фойда миқдорида ёрдам пули беришдан ташқари, Олмаота маъмурияти тадбиркорларнинг тартибсизликдан сўнг бино ва хоналар таъмири учун қилган сарф-харажатлари ўрнини ҳам қоплаб бермоқчи. Зарар кўрган жиҳоз ва асбоб-ускуналарнинг қийматини махсус баҳолаш комиссияси белгилайди. Аммо ўғирланган жиҳозлар масаласи қийинроқ: тадбиркорлар шунақа жиҳозлари бўлганини ва у ростдан ҳам ўғирланганини исботлаши керак бўлади. Расмийлар ўғирланган ёки шикаст етказилган мол-мулк тўғрисида нотўғри маълумот берганлар жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантиришмоқда.

“Ёдда тутингки, сиз ўз аризангизда кўрсатилган зарар миқдори юзасидан жавобгар бўласиз, бу суммани кўп ошириб кўрсата олмайсиз. Хатолик туфайли бир оз тафовутлар бўлишига йўл қўйилади. Бироқ, агар кўрган зарарингизни атайлаб ўнлаб марта ошириб ёзсангиз, тегишли тартибда жавобгар бўласиз. Шуни инобатга олинг”, дея таъкидлади Олмаота тадбиркорлар палатаси директори Айтуар Кошмамбетов.

XS
SM
MD
LG