Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:22

Судга оширилган "Рембрандт асари" 15 миллион еврогача баҳоланган


Тошкентлик Андрей Плужников "Рембрандт" асари отамерос эканини таъкидлайди.
Тошкентлик Андрей Плужников "Рембрандт" асари отамерос эканини таъкидлайди.

Рембрандники дея иддао қилинган ва Тошкент шаҳар Яккасарой туман судида кўрилаëтган жиноят иши ҳақида мақола эълон қилинганидан кейин Ўзбекистон маданият вазирлиги матбуот хизмати Озодликка бу асар тақдири ҳақида янги тафсилотларни маълум қилди.

Маданият вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаеванинг Озодликка 15 ноябрь куни билдиришича¸ бу асар Британияда 1744 йилдан бери фаолият олиб бораëтган Sotheby's ким-ошди уйининг Москвадаги бўлими экспертлари тарафидан кўздан кечирилиб баҳоланган.

- Ўзбекистон Маданият вазирлигининг бадиий экспертиза кенгаши томонидан таклиф қилинган Sotheby's деган ташкилотнинг эксперти Москвадан келиб асарни муфассал ўрганди. Шу эскпертнинг хулосаси бўйича бу асар 8 миллиондан 15 миллион еврогача дея нархланган¸ деди матбуот хизмати раҳбари.

“Асар Ўзбекистон мулки ҳисоблангани учун эгалик масаласида суд ҳукми чиққунига қадар сукут сақланиши лозим”¸ деб қўшимча қилди бу мулозим.

Жиноят ишидаги суратлар
Жиноят ишидаги суратлар

Маданият вазирлиги мулозими Озодлик билан суҳбатда яна бир тафсилотга эътибор қаратди:

- Расм отасидан қолганини иддао қилаëтган Андрей Плужников бу асарни аввалига сотган. Асар Ўзбекистон чегарасидан контрабанда тарзида ўтиб чет мамлакатга кетган. Бу пайтга келиб Плужников асарнинг ҳақиқий қийматидан хабар топиб¸ сотишдан воз кечган ва асар Ўзбекистонга қайтарилган пайтда Бош прокуратура талаби билан аэропортнинг ўзида мусодара қилинган¸ дейди мулозим.

Тошкентлик 50 яшар муҳандис, Ўзбекистон ватандоши Андрей Плужников Озодлик билан 11 ноябрь кунги суҳбатда “ суд мусодара қилган ва Рембрандга оид 12 миллион евро турадиган асар меники эди”, деб иддао қилди.

Плужников “Берлин ишғолида НКВД зобити ўлароқ қатнашган отаси бу асарни ҳарбий ўлжа сифатида Тошкентга олиб келган”ини иддао қилмоқда.

Озодлик суҳбатлашган санъатшунослар¸ хусусан Канадада истиқомат қиладиган таниқли эксперт Борис Чухович собиқ СССР ҳудудида “Иккинчи жаҳон уруши пайтида трофея сифатида олиб келинган кўп миқдордаги асарлар борлигини” айтади. Чухович таъкидича¸ “Рембрандт ëки бошқа бир ғарбий европалик рассом қаламига мансуб график асарнинг Тошкентдан топилиши ҳикоясида ғайритабиийлик йўқ”.

Берлиндаги асар Тошкентга қандай қилиб келиб қолди?

Тошкентлик тасвирий санъат мунаққидлари коллекционер Николай Плужниковни яхши эслашади.

"1953 йилдан Ўзбекистон ички ишлар органларида ишлаб пенсияга чиққан бу Иккинчи жаҳон уруши фахрийси коллекциясида рус ва ғарбий Европа рассомлари асарлари борлигини кўпчилик биларди"¸ дейди бир неча бор коллекционер уйида меҳмон бўлган тошкентлик меъмор Абдумалик Турдиев.

Озодлик билан суҳбатда Турдиев Плужников бисотида трофей (уруш тугагач Европадан олиб келинган ашё) асарларни кўрганини айтади:

- Мен Николай Федорович ўлимидан сал олдин коллекцияни кўздан кечиргандим. Ўртамиëна асарлар эди. У киши ўз бисотида Рембрандт борлиги ҳақида ўлимидан олдин ўғлига айтиб берибди. Аммо мен,тўғриси, ишонмадим,- дейди меъмор.

2004 йил оламдан ўтган коллекционернинг ўғли 50 яшар Андрей Плужниковнинг Озодликка айтишича¸ отаси ўлимидан уч кун олдин унга ўз бисотида “Рембрандт” борлигини айтган:

- Отам мени чақириб ëғоч қути ичидаги қоғозга ғоз пати билан қора бўëқда чизилган расмни кўрсатди. "Энг қиммат асар бу", деди. Отам бу асарни 1945 йилда Германиянинг Берлин шаҳрини ишғол қилган пайтда ўлжа сифатида олган экан. Асарнинг орқасидаги ëзувлардан билинишича, у 1940 йили Германияга олиб келинган¸ деди суҳбатдош.

"Рембрандтни пуллаш" операцияси

"Асарнинг жаҳон бозоридаги нархи 12 миллион евро эканлигидан" хабар топган Андрей Плужников уни санъат асарлари тижорати билан шуғулланадиган Комил Йўлдошевга 2014 йилда "реализация қилиш учун" беради. Плужников асарни қўлдан қўлга бераëтган пайтда таниқли реставратор Дилшод Азизов ҳам гувоҳ бўлган

Плужниковга кўра¸ ўшандан кейин “Йўлдошев горизонтдан ғойиб бўлган”:

- Мен фирибгар қурбони бўлганим ҳақида ИИБ ва прокуратурага шикоят қилдим. Жиноят иши очилди. Мен бу жиноят ишида жабрланувчи мақомида эдим. Асар 2018 йил 14 июнь куни Исроилдан учиб келаëтган Рафаэль Фузаилов багажидан чиқди. Мусодара актига Бош прокуратуранинг 18-тергов бошқармаси бошлиғи Мухамеджанов имзо чеккан¸ - деди суҳбатдош.

Плужников иддаосига кўра¸ аввалига прокуратура ходимлари ва терговчи “асарга паст назар билан қараб, бу нима каляка-маляка? Мен ундан яхшироқ чизаман” деган:

- Маданият вазирлигидан келган эксперт унга қараб¸ буни Рембрандт чизган. Агар Рембрандт қоғозга нуқта қўйган бўлса ҳам миллион доллар туради, деганидан кейин муносабат ўзгарди,- дейди Плужников.

Суҳбатдошга кўра¸ “сирли сабабларга кўра, асарни сотиш учун воситачи бўлган Йўлдошев оқланган ва Плужников жабрланувчи мақомидан гувоҳ мақомига ўтказилган".

- Энг муҳими менга ота мерос бўлган асарни беришмаяпти,- дейди Плужников.

Расмий нуқтаи назар

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Озодликка билдиришича¸ мавжуд иш назоратга олинган:

“Мазкур саньат асари билан боғлиқ жиноят иши тергови тамомланиб, иш ҳозирда судда кўрилмоқда. Лекин иш ҳолатлари бошқача бўлган. Плужников асарни Йулдошевга ўз ихтиëри билан сотган, Йулдошевнинг ҳаракатида фирибгарлик аломатлари аниқланмаган, ҳозирда судда музокаралар босқичи кетмоқда. Асар контрабанда йўли билан Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилмоқчи бўлган. Ҳозир бу асар суд ҳукмига қадар вақтинча мусодара қилинган. Эндиликда, суд ўз ҳукмида жиноят иши бўйича далилий ашё сифатида асарнинг тақдири билан боғлиқ қарор қабул қилади”, дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.

Ҳақиқий Рембрандтми?

Озодлик Рембрандтга нисбат берилган асар фотонусхасини Женева¸ Берлин¸ Қуддус ва Париждаги санъатшунос ва рассомларга кўрсатди. Аксар санъатшунослар асарнинг фотонусхасига қараб экспертиза қилиш мушкуллигини айтишди. Парижда истиқомат қилаëтган рассом Сергей Игнатьев масаланинг икки жиҳатига эътибор қаратди:

- Рембрандтнинг барча мойбўëқ¸ офорт ва қаламтасвир асарлари 1940 йилгача рўйхат қилинган. Бу асар шу рўйхатда борми ëки йўқми - шуни аниқлаш керак. Иккинчи жиҳат - Рембрандтнинг жуда кўп қаламтасвир асарларининг сохтасини чизиб сотишган. Бу сохталаштириш 1940 йилда ҳам бўлган. Нима бўлганда ҳам Амстердамдаги асосий экспертиза комисcияси сўнг сўзини айтмагунча¸ биз бу асарни Рембрандники дея айта олмаймиз¸ деди рассом.

1606-1669 йилларда яшаган ҳолландиялик мусаввир Рембрандт Ғарб тасвирий санътига катта таъсир кўрсатган ижодкорлардан бири саналади.

Иккинчи жаҳон урушига қадар Берлин музейларида сақланган Рембрандтнинг кўплаб асарлари совет армияси томонидан ўлжа сифатида талон-тарож қилинган.

XS
SM
MD
LG