Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:28

Россия нега Ғарбга ультиматум қўймоқда ва НАТО бунга қандай жавоб беради?


Россия президенти Владимир Путин¸ Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва бошқа раҳбарлар Ғарб-2021 ҳарбий машқларини кузатиш учун ташриф буюрмоқда.
Россия президенти Владимир Путин¸ Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва бошқа раҳбарлар Ғарб-2021 ҳарбий машқларини кузатиш учун ташриф буюрмоқда.

Россия ТИВ яқинда Россиянинг АҚШ билан шартномаси ҳамда НАТО билан хавфсизлик кафолатларига доир битими лойиҳаларини эълон қилди. Ҳужжатлар АҚШ давлат котиби ўринбосари Карен Донфридга топширилгани айтилмоқда. Лойиҳаларда мажбуриятлар асосан АҚШ ҳамда НАТОга аъзо мамлакатларга юкланган, Россиянинг бир томонлама мажбуриятлари ҳақида лом-мим дейилмаган. Хусусан, Россия иддаосига кўра, НАТО кенгайишни узил-кесил тўхтатиши, жумладан, Украина ва бошқа давлатларни ўзига қўшиб олишдан воз кечиши керак.

Хўш, Кремль нега НАТОга бир томонлама шарт қўя бошлади ва бу вазиятнинг янада кескинлашувига олиб келадими?

“Настояшчее время” телеканали бу саволларни россиялик сиёсатшунос Андрей Колесников ҳамда унинг украиналик ҳамкасби Владимир Фесенко билан бирга муҳокама қилди.

Андрей Колесников фикрича, “ҳужжатда “ставка”лар жуда юқори қўйилган бўлиб, бу жиддий хавотир уйғотади. Россия раҳбарияти АҚШ ва НАТО у қўйган талабларни қабул қилмаслигини жуда яхши тушунади. Аммо бу – музокараларнинг бошланғич базаси, дебочаси.

“Кремль лойиҳаларининг энг ғаройиб жиҳати шуки, улар ХХ аср ўрталарида, тахминан 1939 йилда тузилганга ўхшайди. Ўша пайтлар Германия ва бошқа йирик давлатлар кичикроқ мамлакатлар манфаати билан ҳисоблашмасдан дунёни таъсир доираларига бўлиб олган эди. Ҳозир Россиядан бошқа ҳеч бир давлат бунақа фикрламайди”, дейди сиёсатшунос.

Владимир Фесенко ҳамкасбининг тарихий муқоясасини қувватлаб, Кремль ва Россия ТИВнинг ушбу тактикаси 1938-1939 йилларда Ҳитлер томонидан Буюк Британия ва Францияга қўйилган ультиматумларни эслатишини айтади. Ўшанда Ғарб Ҳитлернинг талабларига розилик бериб қаттиқ адашган эди, бунақа тарихий хатоларни унутиб бўлмайди, дейди эксперт.

Украиналик сиёсатчи ҳам “АҚШ ва НАТО Россиянинг талабларига рози бўлмайди”, деб ҳисоблайди. Чунки бу таслим бўлиш ва агрессорни рағбатлантириш каби кўринган бўлур эди. У ҳолда Путин баттар ҳаддидан ошиши мумкин.

“Путин нимага эришмоқчи? Биз буни фақат тахмин қила оламиз. Энг камида – Ғарбни Руминияга ўртача олисликка учадиган ракеталарни жойлаштириш ёки Украина билан ҳарбий машқлар ўтказишдан воз кечтиришдан умид қилмоқда.

Иккинчи минимал вариант ҳақиқатга кўпроқ яқин. Бу талаблар Қрим ва Беларусда ядро қуроли ва ўртача олисликка учадиган ракеталарни жойлаштиришга асос бўлиши мумкин. Қрим хусусида миш-мишлар кўп, аниғини билмаймиз, бироқ расман “Ғарб ён беришни хоҳламаяпти”, деган баҳона билан яриморолга тегишли қуролни жойлаштиришлари ҳеч гап эмас. Беларусга келсак, Лукашенконинг гап авзойига қараганда, бу мамлакатга Россия ядро қуролини жойлаштириш бўйича музокаралар аллақачон бошланган.

Ва ниҳоят, худо кўрсатмасин-у, агар Кремль, 2014 йилда бўлганидек, Украинада Россия аралашувини талаб қилаётган инқирозли вазият вужудга келди, деган қарорга келса, “русийзабон аҳолини ҳимоя қилиш” баҳонасида бирор локал ҳарбий ҳаракатларни бошлаб юбориши эҳтимоли йўқ эмас. Ғарб ультиматумларни бажаришдан бош тортган тақдирда Россия бундан ана шунақа авантюраларни оқлашда фойдаланади”, мулоҳаза қилади Фесенко.

Муҳокамани давом эттирган Андрей Колесников ниҳоятда таранг айни вазиятда локал қуролли тўқнашувлар чинакам уруш каби қабул қилиниб, Россияга қарши янада жиддий санкциялар қўлланишига туртки бўлиши мумкинлигини айтади. Аммо эксперт, 2014 йилдагидан фарқли ўлароқ Россия аҳолиси урушга хайрихоҳлигига ишонмайди.

“2014-2015 йилларда россияликлар Ғарбдан хафа бўлиб ва ёппасига Стокҳолм синдромига чалиниб “байроқ атрофида” жипслашган бўлса, бу гал Путиннинг янги уруши аҳолида сафарбарлик кайфиятини уйғотишига ишонмайман. Россияликлар урушга ҳозирланишдан чарчашди, урушдан қўрқиб қолишди – социологик тадқиқотлар шуни кўрсатяпти. Кўпчилик, турган гапки, ҳануз Қрим консенсусини дастаклайди, лекин у одамларни сафарбар қилувчи таъсирини аллақачон йўқотган. Уруш бошлаш Россия раҳбарияти тарафидан мудҳиш хато бўлур эди. Бу ўзинг ўтирган шохни арралашдек гап”, дейди сиёсатшунос.

Аммо Кремль ўз фуқаролари урушдан безганини тушунадими, йўқми, деган савол ҳам бор. Бу хусусда Колесников шундай дейди:

“Кимдир тушунади, кимдир тушунмайди. Доимгидек, қирғийлар ҳам бор, кабутарлар ҳам. Афсуски, якуний қарор қилинаётган чоғ стол атрофида кимлар бўлишини биз билмаймиз.

Аммо бизда қарорлар қабул қилишда ақл ҳиссиётдан ғолиб келишини эсдан чиқармайлик. Қримни босиб олиш қарори асосан бир кишига оид бўлганига ва чуқур ҳаяжон кайфиятида олинганига аминман. У қанчалик эмоционал қарор қабул қилмасин, Россия сиёсий ва ҳарбий вертикали уни ижро этади. “Менга ён бермасангиз, уруш бошлаб юбораман”, деган мазмунли баёнотлардан муддао ҳам шу”.

Владимир Фесенко вазият кескинлашуви манзарасида НАТО мамлакатлари Украинага қурол-аслаҳа етказиб беришда аввалгидан анча фаол ҳаракат қилаётганига эътибор қаратди.

“Россия билан уруш ҳолатидаги Украинага ҳеч ким аскарларини ёрдамга жўнатмайди, албатта. НАТО мамлакатларининг сиёсий етакчилари ва ҳарбий раҳбарлари буни очиқ айтишяпти ҳам. Аммо қурол-аслаҳа етказиб бериш борасида бирмунча ижобий силжишлар бор. Қрим аннексиясидан сўнг ва Донбассда уруш бошланган пайтда Барак Обама ва Европадаги барча пешқадам мамлакатлар раҳбарлари Украинага жиддий қуроллар юборишга мутлақо қарши чиқишган эди. Аммо ҳозир Қўшма Штатлардан ташқари, Европадаги қатор давлатлар, масалан, Буюк Британия ва Франция замонавий қурол-аслаҳадан ёрдам қилмоқда. Украин армиясини нафақат ўқотар қуроллар, балки вертолётлар, ҳарбий-денгиз катерлари билан ҳам таъминлашяпти. Хуллас, бугунги кунда аҳвол хийла ўзгарган.

Агар Россия Украинага тўғридан-тўғри бостириб кирса, ёки ўз назоратидаги айирмачилар орқали кенг кўламли ҳарбий тўқнашув чиқарса, Украинага қурол келиши янада кўпаяди ва ҳозиргиларидан бир неча карра кучлироқ қурол ва ҳарбий техникалар юборишга розилик беришади, деб ўйлайман. Украина бу борада аллақачон музокаралар ўтказаётганига ва аллақачон улар билан келишиб қўйганига ишончим комил. Гап ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва бошқа душманга катта талафот етказувчи қуроллар ҳақида бормоқда”, таъкидлайди Фесенко.

XS
SM
MD
LG