Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:27

Путин тўртинчи марта президент сифатида қасамёд келтирди


В.Путин қасамёд пайтида
В.Путин қасамёд пайтида

Бугун Москвада 4- марта Россия президенти этиб сайланган Владимир Путиннинг ўз ваколатларини бажаришга киришишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Кун ярмида бўлиб ўтган инаугурацияда Владимир Путин инсон ҳуқуқлари ва Россия қонунларини ҳимоя қилишга яна бир бор ваъда берди. Бундан бир кун олдин Россиянинг турли минтақаларида “У бизга шоҳ эмас”​ шиори остида оммавий норозилик акциялари бўлиб ўтди.

Президент ўзининг Кремлдаги иш хонасидан Катта Кремль саройининг Андреев залига йўл олди.

Бундан аввал ОАВ ўз манбаларига таяниб, Путин “диққатни салбий маънода” жалб қилмаслик мақсадида Москва бўйлаб президент кортежида анъанавий сайр қилишдан воз кечгани тўғрисида ёзди.

Қасамёд қабул қилганидан сўнг Владимир Путин Собор майдонига келди ва бу ерда Кремль полкининг парадини қабул қилди. Шундан сўнг Благовешченск ибодатхонасида қисқа ибодат ўтказилди. 7 майнинг ўзида президент Путин Давлат думасига янги ҳукумат раҳбарининг номзодини тавсия қилиши мумкин.

Кремл залидаги меҳмонлар В.Путинни кутишмоқда
Кремл залидаги меҳмонлар В.Путинни кутишмоқда

2012 йилнинг 7 май куни Владимир Путин учинчи муддатга президент ваколатларини бажаришга киришган эди. Ўшанда у Оқ уйдан (у вақтда Путин ҳукумат раҳбари бўлиб ишларди) Кремлга машина ва одамлардан тозаланган Москва кўчалари бўйлаб келган эди. Бу сафар полиция Москванинг фақат Қизил Майдон атрофидаги кўчаларда ҳаракатланишни чеклаб қўйди.

18 март куни бўлиб ўтган президент сайловида Владимир Путин сайловчиларнинг 76,6 фоиз овозларини олгани эълон қилинган эди.

- Ҳар бир оила фаровонлигига эришиш менинг асосий бурчим. Бизнинг мақсадимиз – Россия - одамлар учун! Мамлакатимиздаги ўзгаришлар қудрати – бу биз, барча касб эгаларидир, деди яна бир бор президентликка сайланган Владимир Путин.

Инаугурация нутқида янги сайланган президент “Қақнус қушидек қайта тикланган Россия хавфсизлиги яхши таъминлангани” ва “бунлан кейин ҳам бу масалага катта эътибор қаратилиши”ни алоҳида урғулади.

5 май куни Россиянинг кўплаб шаҳарларида “У бизга шоҳ эмас” деб номланган норозилик акциялари бўлиб ўтди. Тадбирларда Владимир Путиннинг тўртинчи муддатига қарши чиқишди. "ОВД-Инфо" маълумотига кўра, Россиянинг 27 шаҳрида 1597 киши ушланди. Улардан айримлари озод қилинди. Айримлар ҳибсда ушлаб турилибди, бошқалари эса суд қилинади.

Путиннинг навбатдаги маротаба президентликка сайланишига қарши чиққанларни бостириш учун Москва ҳукумати илк маротаба қамчилар билан қуролланган казаклар отрядларини ташлади. The Bell нашри казакларни норозилик акцияларини бостиришда ишлатишга Москва ҳукумати бюджетдан 16 миллион рубл (250 минг АҚШ доллари.таҳр) ажратгани тўғрисида хабар берди.

Отряд аъзолари орасида блогерлар Донбассда Украина қўшинларига қарши айирмачилар тарафида жанг қилганлар борлигини аниқлади.

Казаклар Москванинг Пушкин майдонида

Политолог Дмитрий Орешкин кейиги 6 йил давомида Владимир Путин ҳукумати тўқнаш келиши мумкин бўлган муаммоларни санаб ўтди.

- Хоҳлайдими-хоҳламайдими, халқаро майдонда катта “ғалабалар”га эриша олмаслиги аниқ бўлган Путин ички бозорга эътибор қаратади: “халқ душманлари”ни фош этади, босимни кучайтиради, саботажчиларни йўққа чиқаради ёки, Сталин давридаги каби, бошқа "юмшоқроқ" усулларни қўллайди. Айни пайтда, у тушуниб турибдики, ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳал этишга мажбурдир. Менимча, бу олти йилда у йўқотилган халқаро бизнес, сармоя ишончини тиклашга киришади. Шу сабабли, ҳукуматда ҳам жиддий ўзгаришлар бўлиши муқаррар. Шунингдек, Россия ҳукумати ҳарбий сарф-ҳаражатларни камайтиришга киришиши тўғрисида гап-сўзлар юрибди. Аммо, охирги 10 йилда Россия кириб қолган ботқоқдан чиқиш халққа мақбул бўлмаган кўплаб усуллар ёрдамида амалга оширилишини ҳам тахмин қиламан: пенсия ёши, солиқлар оширилиши ва ҳоказо, деди Дмитрий Орешкин.

Иқтисодий жиҳатдан жуда оғир кечишини тахмин қилаётган сиёсатшунос Орешкин Кремль пропаганда ишларини кучайтиради, деди.

Инаугурация олдидан “Левада-центр” маркази олиб борган ижтимоий сўров натижаларига кўра, 47 фоиз россиялик “Россияга буюк давлат мақоми”ни қайтара олганини Путиннинг энг катта ютуғи сифатида кўраётганини билдирган. Тадқиқотчилар 2015 йилдан буён Владимир Путиннинг Россия гражданлари орасидаги обрў-эътибори тушиб бораётганини қайд этиб келмоқда.

Айни дамда, 45 фоиз россиялик ижтимоий-иқтисодий муаммолар ва даромадларнинг адолатсиз тарзда тақсимланишини Владимир Путин даврининг асосий камчиликлари эканига эътибор қаратди.

Эслатиб ўтамиз, навбатдаги бор 6 йиллик муддатга сайланган Владимир Путин 2024 йилгача бу лавозимда қолади.

XS
SM
MD
LG