Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:28

Шерободда арз қилиб борган 20 бозорчини ҳоким муовини қувиб ҳайдади


Шеробод бозоридаги ёймачилар.
Шеробод бозоридаги ёймачилар.

Шеробод тумани деҳқон бозорида савдо қилувчи ёймачилардан қарийб йигирма нафари 3 ноябрь куни эрталаб солиқ инспекцияси ходимлари томонидан бозордан ҳайдалганидан сўнг, туман ҳокимлигига арз қилиб борди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган тадбиркорлардан бирининг айтишича, савдогарлар шикоятини эшитган туман ҳокимининг ўринбосари уларнинг муаммоси ҳал этилмаслигини, хоҳлаган жойига бориб арз қилиши мумкинлигини айтган.

Шеробод тумани деҳқон бозрида савдо қиладиган қарийб 20 нафар ёймачиларнинг ҳокимиятга арз қилиб боргани ҳақида исми сир қолишини сўраган, ана шу арзчилар қаторида бўлган савдогарлардан бири Озодликка хабар қилди:

“Биз ҳокимдан нон бер деб, сўраб бормадик. Биз ҳокимга солиқчилар бизни тинч қўйсин, биз ҳам у бу нарса сотиб тирикчилигимизни қилайлик, демоқчи эдик. Лекин ҳоким ўзини кўрсатмади. Аксинча, ўринбосари чиқиб, ҳаммамизни қувиб ҳайдади. Солиқчилар бизга “ана Шербарака бозорига бориб савдо қил” дейди. Бизнинг у ердаги 300 минг сўмлик ижарани тўлайдиган пулимиз йўқ”, дейди савдогар.

Унинг айтишича, бу одамлар деҳқон бозорининг ичида ва ташқарисида, муқим бир жойсиз, кўчага молларини ёйган ҳолда савдо қилишади.

Савдогар, бу савдосидан давлатга солиқ тўламаётганини инкор қилмайди, аммо ҳокимият уларнинг эркин савдо қилиши учун бошқа қонуний йўлларни яратиб бериши мумкинлигини айтади:

"Бизлар катта савдогар эмасмиз. Биз кичик нарсалар билан савдо қиламиз. Масалан, мен резинка, ғалтак, шунга ўхшаган нарсалар сотаман. Оборотим катта эмас. Кунлик тушумимиз ҳам кам. Шунинг ортидан рўзғоримизни аранг тебратиб келяпмиз. Майли, бизга патент сотиб олинглар десин, майли биз ҳар кунлик жой учун чек олайлик, лекин тирикчигимизни биздан тортиб олмасин. Ахир ҳамма ҳам катта савдогар бўла олмайдику. Агар менга бошқа рухсат беришмаса, уч болам оч қолади. Ёлғиз онаман ва менга ўхшаганлар ўнлаб. Ишсизлик сабаб ҳозир кўпчилик ана шундай кичик савдогарлик билан шуғулланишга мажбур бўляпти. Президентимиз тадбиркорлар учун очиқ йўл деяпти. Лекин қани ўша очиқ йўл. Бизни ўлмайлик деб топиб турган бир бурда нонимизни ҳам тортиб олишмасин”, деди ҳокимиятга арз қилиб борган савдогарлардан бири.

Шербарака бозорида савдо қилувчи тадбиркор Зулфия Тавашарованинг айтишича, ёймачиларнинг шароити ҳақиқатан ҳам оғир:

“Бу ёймачиларнинг аҳволи жуда оғир бўлиб қолди. Улар бизга ўхшаб ойига 300-400 минг сўм ижара ҳақи тўлолмайди. Бугун йигирма киши бўлиб ҳокимга арз қилиб боришган экан, ҳоким ўринбосари агар кетмасаларинг, мелиса чақириб қаматаман, дебди”, дейди Зулфия Тавашарова.

Озодлик савдогарларнинг бу арзларига муносабат олиш учун Шеробод тумани ҳокимлиги билан боғланди. Ўзини Шеробод тумани ҳокими ёрдамчиси Бахтиёр деб таништирган мулозим ҳеч нарсадан хабари йўқлигини айтди.

Ўзбекистон бозорларидаги жойларнинг ижара нархлари ва тадбиркорликка қўйилган солиқлар юқори бўлгани сабаб, ҳамма тадбиркорлар ҳам бозорлардан ўзига ижарага жой олиб, савдо қилиш имконига эга эмас.

Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистондаги бозорлар ва савдо комплексларининг йиғимлар, ижара тўлови меъёрлари тасдиқланган эди.

Norma.uz Интернет сайтининг маълум қилишича, янги тартибга кўра, Тошкент бозорларида савдо қилувчи шахс ҳар куни паттачига 2200 сўм, вилоят марказларида 1600 сўм ва туман марказларида камида 900 сўм тўлашлари шарт

Ҳужжатда ҳар бир савдо жойининг ҳажми узунасига 1-1,2 метрни ташкил этиши кераклиги айтилади. Агар савдо жойи бундан ошса, қўшимча тўлов ундирилади.

Ўзбекистонда бозорлардан ташқарида ва йўлларда савдо қиладиган кичик савдогарларни эса солиқ инспекцияси ходимлари мунтазам таъқиб қилиб келади.

19 октябрда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар -Ўзбекистон Либерал-демократик партияси қурултойида чиқиш қилган Мирзиёев "халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қиладиган вақт келгани"ни айтган эди.

Мирзиёевнинг айтишича, Ўзбекистондаги иқтисодий ўсишга доир рақамлар одамлар турмушида акс этмаяпти.

"Ўсиш суръатлари - бу шунчаки бир мақсад эмас. Бундай ўсиш аввало халқимизга, ҳар бир фуқарога қандай наф етказиши, унинг дастурхонида, кундалик ҳаётида акс этиши биз учун муҳим масаладир", - деган эди Шавкат Мирзиёев.

XS
SM
MD
LG