Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:29

Душанбе ҳукумати Тоғли Бадахшондаги норасмий лидерларга босимни кучайтирмоқда


Минтақа турғунларининг сўзларига кўра, ҳукуматнинг чоралари кўпчиликни ғазаблантирган.
Минтақа турғунларининг сўзларига кўра, ҳукуматнинг чоралари кўпчиликни ғазаблантирган.

Тожикистон Тоғли Бадахшондаги норасмий етакчилар ва бошқа нуфузли шахсларга босимни кучайтирмоқда. Бир неча ҳафта ичида уч нафар таниқли тоғли бадахшонлик шахс миллий адоват қўзғатиш ва бошқа оғир жиноятларда расман айбланди. Минтақа турғунларининг сўзларига кўра, бу чора кўпчиликни ғазаблантирган.

2 февраль куни вилоят маркази Хоруғда маҳаллий лидер Маҳмадбоқир Маҳмадбоқировга ҳукумат вакилини ҳақорат қилиш ва унга нисбатан куч ишлатиш, шунингдек, миллий адоватни қўзғатиш айбловлари қўйилгани эълон қилинди.

Айбловлар Маҳмадбоқиров ва вилоят таълим бошқармаси ходими ўртасида яқинда юз берган жанжал билан боғлиқ. 58 ёшга чиққан Маҳмадбоқиров бу айбловларни рад этмоқда.

2 февраль Душанбеда прокуратураси Тоғли Бадахшоннинг яна бир норасмий лидери – Амриддин Аловатшоев Россиядан экстрадиция қилингани ва тергов ҳибсхонасида сақланаётганини тасдиқлади.

44 га чиққан Аловатшоев 11 январь куни Россияда бедарак йўқолган эди. Кўпчилик у ҳибсга олиниб, мажбуран Тожикистонга жўнатилган, деб ҳисоблайди, аммо Тожикистон расмийлари буни рад этмоқда.

Расмийлар Аловатшоевни норозилик намойишларини уюштирганликда ва «хорижда туриб» Тоғли Бадахшон ёшлари ўртасида ҳукуматга қарши кайфиятни қўзғатганликда айбламоқда. Унинг ўзи эса бу айбловни рад этган.

Айни пайтда тоғли бадахшонлик аралаш яккакураш бўйича машҳур жангчи Чоршанбе Чоршанбиев этник ва диний адоват қўзғатиш ҳамда ҳукуматни ағдаришга чақиришда айбланиб, Душанбеда ҳибсда сақланмоқда.

Хабарларга кўра, Чоршанбиевга қўйилган айбловлар у ўзини тожик эмас, балки помирий, яъни Тоғли Бадахшон ўғли, деб таништиришни афзал кўришини айтган видео билан боғлиқ. Бу Тожикистонда нозик мавзу бўлиб, бундай баёнотлар айримлар томонидан Тоғли Бадахшонни мамлакатнинг қолган қисмидан ажратиб олиш чақириғи ўлароқ талқин қилинади.

Кейинроқ 26 ёшли спортчи узр сўради. Чоршанбиев ва унинг тарафдорлари видеонинг сиёсатга алоқаси йўқлигини айтишмоқда.

Бу орада ҳарбий прокурорлар 25—28 ноябрь кунлари Хоруғда бўлиб ўтган ҳукуматга қарши намойишлар бўйича терговни давом эттирмоқда. Намойишлар давомида уч киши нобуд бўлгани хабар қилинган.

«Безовталик ва ноаниқлик»

3 февраль куни Озодликка исмини ошкор қилмаслик шарти билан интервью берган бир неча одам юқорида тилга олинган жиноят ишлари, хусусан, Аловатшоевнинг Россиядан экстрадиция қилингани Тоғли Бадахшонда кўпчиликни ғазаблантирганини айтди.

Уларнинг таъкидлашича, ноябрдаги норозилик намойишларидан бери «безовталик ва ноаниқлик» ҳисси кўпчиликни тарк этмаяпти.

«Баъзилар ҳуқуқ-тартибот идоралари минтақада навбатдаги хавфсизлик чораларини бошлаш учун баҳона топиш мақсадида одамларни атайлаб гижгижлашга уриняпти, деб гумон қилмоқдалар», деди хоруғлик шахс.

«Ҳукумат бизга ҳар қандай нуфузли тоғли бадахшонликни топиб, оғир жиноятда ёлғондан айблаб, жазолашга қодир эканини кўрсатмоқчи, холос», деди Озодлик билан суҳбатда Шуғнон туманида яшовчи шахс.

Марказий Осиё бўйича эксперт Эдвард Лемон айни фикрни изҳор қилди:

«Тожикистон ҳукумати фаоллар қаерда бўлишидан қатъи назар, хавфсиз эмаслигини билдириб қўйишга ҳаракат қилмоқда», деди у.

Озодлик билан суҳбатлашган маҳаллий аҳолининг айтишича, марказий ҳукуматнинг асосий мақсади – маҳаллий лидерларни йўқ қилиш ва минтақа устидан тўлиқ назоратни ўрнатиш.

Мунозарали маҳаллий лидерлар

Сўнгги йигирма йил ичида Тоғли Бадахшонда ўнга яқин шахса халқ орасида норасмий маҳаллий лидер бўлиб етишди.

Ўтмишда айрим лидерлар ва уларга содиқ қуролланган гуруҳлар гиёҳванд модда, қурол-аслаҳа ва жавоҳир контрабандасида гумон қилинган. Айрим қуролли тарафдорлар эса ҳукумат амалдорларига ҳужум қилишда ва ҳатто уларни ўлдиришда айбланди.

2018 йилнинг октябрь ойида Аловатшоев, Маҳмадбоқиров ва беш нафар бошқа лидерни маҳаллий ҳукумат «жиноий» ҳаракатларга аралашмаслик ҳақида огоҳлантирилган эди.

Ўшанда минтақавий давлат телеканали улар «жиноий гуруҳ тузмаслик, оммавий тартибсизлик бошлаш ва ҳукумат бинолари ва муассасаларини эгаллаб олишга ундамаслик, ҳукумат амалдорларини ҳақорат қилмаслик, қурол-яроғ ва наркотик моддаларни сотмаслик, ноқонуний йиғинлар уюштирмаслик ёки давлат ва жамият хавфсизлигига путур етказмаслик» ҳақида тилхат имзолаганини хабар қилган эди.

Тилхтатни яна беш нафар лидер – Толиб Аёмбеков, Ёдгор Мамадасламов, Хурсанд Мазоров, Мунаввар Шанбиев ва Зоир Ражабовлар ҳам имзолаган.

Тилхат имзоланишидан бир неча ҳафта олдин президент Имомали Раҳмон минтақадаги қонунбузарликларни қоралаган эди. Раҳмон бу ҳолат учун «беш-олти жиноятчи» айбдор эканини таъкидлади. Бу билан президенти норасмий лидерларни назарда тутганига ишонилади.

Раҳмон вилоят расмийларига минтақада тартибни тиклаш учун бир ой муддат беради.

Орадан кўп ўтмай хавфсизлик ходимлари рейдларни бошлаб, ноқонуний қуролларни мусодара қилди ва ойналари қорайтирилган машиналарни тўхтата бошлади.

Норасмий лидерлар ҳукумат уларга «эркин яшашлари» ҳақида кафолат берганини, шу сабабдан ўз қуролларини топширишганини айтишди.

Аммо бундай ваъдаларни ҳар икки тараф бир неча бор берган ва кейинчалик бузган.

2020 йилда Маҳмадбоқиров, Аёмбеков ва Мамадасламов Миллий банкнинг «терроризмга алоқадор» шахслар қора рўйхатига киритилди, натижада уларга банк тизимида молиявий амалиётларни амалга ошириш тақиқланди.

Бу ҳолат марказий ҳукумат ва Тоғли Бадахшондаги нуфузли шахслар ўртасида ишонч йўқлигининг фақат битта мисоли холос.

Бу ишончсизлик узоқ тарихга эга. Тоғли Бадахшон 1990 йилларда содир бўлган беш йиллик фуқаролар уруши давомида мухолифат томонида бўлган. Ўнлаб йиллар давомида номинал тарзда мухтор бўлган вилоятга кўпроқ автономия бериш чақириқлари янграб келади.

Тоғли Бадахшонда яшовчи 250 000 га яқин аҳолининг аксарияти ўз тилида сўзлашади. Уларнинг аксарияти шиа Ислом тармоғи ҳисобланувчи исмоилийликка эътиқод қилади. Тожикистоннинг қолган қисмида эса кўпчилик ўзини сунний мусулмон деб билади.

Вилоятда бир неча марта кўплаб норозилик намойишлари ва шиддатли тўқнашувлар содир бўлган. Уларнинг энг қонлиси 2012 йилда содир бўлган. Ўшанда маҳаллий расмий пичоқлаб ўлдирилиши ортидан ҳукумат кучлари ва маҳаллий жангарилар ўртасида бошланиб кетган жангларда ўнлаб одам ҳалок бўлгани ва яралангани айтилади.

2014 йилда Хоруғда маҳаллий аҳоли ва полиция ўртасида содир бўлган тўқнашувда камида уч киши ҳалок бўлди, етти киши жароҳатланди. Бундан ташқари, бир неча бинога ўт қўйилди.

Ҳукумат Тоғли Бадахшонга бир неча марта қўшимча ҳарбий юборган. Бу эса маҳаллий аҳолига ҳеч қачон хуш келмаган.

Лимон агар ҳукумат «ҳукуматга қарши чиқишда айбланаётганларни ҳибсга олиш мақсадида репрессив чораларни» кўришда давом этса, келажакда тартибсизликлар такрорланиши мумкинлигини айтди.

Унинг сўзларига кўра, ноябрда содир бўлган норозилик намойишларидан бери Душанбе минтақада Интернетни тиклаш, ҳарбий назорат пунктларини олиб ташлаш, қонли воқеалар бўйича тергов ўтказишдан бош тортиб келмоқда.

«Хоруғ ва унинг атрофида яна тўқнашувларга гувоҳ бўлишимиз мумкин», дея огоҳлантирди эксперт.

XS
SM
MD
LG