Озодлик радиоси тожик хизматининг Хоруғдаги манбаси Тоғли Бадахшон мухтор вилояти (ТБМВ) норасмий лидерларидан бири Мамадбокир Мамадбокиров ва унга яқин олти кишига ҳуқуқ-тартибот идораларига бориш учун бир ҳафта муҳлат берилганини маълум қилди. Улар турли жиноятларда айбланмоқда. Мамадбокиров ва олтовлон эса бирон ҳуқуқбузарликка қўл уришганини инкор этмоқда.
Маҳаллий аҳоли айтишича, ҳарбийлар Хоруғдаги Мамадбокировнинг уйига яқин Дашти Боло деган жойга ўрнашмоқчи бўлишган, лекин одамлар бунга йўл қўйишмаган. Хоруғ турғунларидан бир нечаси одамлар кечаси билан Мамадбокировнинг уйини қоровуллаб чиққанини ва кўчаларда навбатчилик қилишганини айтди.
ТБМВ ҳукумати матбуот котиби Ғолиб Ниятбеков 6 февраль куни Озодлик мухбирига ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари вазиятни нотўғри тасвирлашаётганини иддао қилди.
“Хоруққа қўшимча аскарлар келгани ҳақидаги гаплар ёлғон. Одамлар кечаси билан кўчаларда бўлгани йўқ. Вазият тинч, аҳоли кундалик юмушлари билан банд. Чет элда юрган айрим кимсалар ҳар хил уйдирмаларни тўқиб чиқариб, эл орасига нифоқ соляпти. Вилоятда халқ билан ҳукумат иттифоқи анча яхшиланган”, дейди у.
Мамадбокир Мамадбокировнинг ўзи 6 февраль куни Озодлик мухбири қўнғироқ қилиб, изоҳ сўраганида “жуда бандман, ҳозир гаплашолмайман”, деб жавоб берди.
Мамадбокировнинг исми сир қолишини хоҳлаган яқинларидан бири 5 февраль куни халифалар (Хоруғ даҳаларининг уламолари) Тожикистон ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода билан учрашиб, муаммони куч билан ҳал қилишга уриниш вазиятни баттар чуқурлаштиришини айтишганини маълум қилди.
Норвегия Хельсинки қўмитаси вакили Мариус Фоссум “Twitter” орқали тожик ҳукуматига мурожаат қилиб, Хоруғда зўравонликни тўхтатишга чақирди.
“Хоруғдан нохуш хабарлар келяпти. Тожикистон ҳукумати пишиб етилаётган хунрезлик ва тўқнашувларнинг олдини олиши лозим”, деб ёзди Фоссум.
2022 йилнинг февраль ойи бошларида Тоғли Бадахшон мухтор вилояти прокуратураси Мамадбокировга нисбатан Жиноят кодексининг бирйўла тўрт моддаси бўйича жиноят иши қўзғатди.
Жиноят иши ТБМВ таълим бошқармаси бошлиғи Лутфулло Наврўзов Мамадбокиров уни шафқатсизларча калтаклагани ҳақида видеомурожаат эълон қилиши ортидан очилган.
Мамадбокировнинг ўзи Наврўзов билан “оталарча гаплашиб олган”ини, лекин уни урмаганини айтмоқда.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари шахсан келишни талаб қилаётган олти киши эса ўтган йилнинг 25-28 ноябрь кунлари жиноятлар содир этишда айбланяпти.
2021 йил 25 ноябрда Хоруғ аҳолиси Руштқалъа тумани турғуни Гулбиддин Зиёбеков кучишлатар идораларнинг махсус амалиёти чоғида ўлдирилиши ортидан норозилик акцияларига чиққан эди. Минглаб одам ТБМВ ҳукумати биноси олдида тўпланиб, Зиёбековнинг ўлимида айбдорларни топиш ва жазолашни талаб қилди.
Норозилик акциялари, 28 ноябрь оқшомида вилоят раҳбарияти митингчилар билан учрашиб, Зиёбековнинг ўлими синчковлик билан тергов қилинишига ваъда берганидан сўнг тугатилди.
Норозилар маъмуриятдан шаҳардан ҳарбий блок-постларни олиб ташлаш ва вилоятда интернетни тиклашни ҳам талаб қилишган эди.
Бироқ фуқаролик жамиятининг интернет йўқлиги ва Зиёбеков ўлими бўйича тергов қандай шаклда олиб борилаётганига қарши норозилик чиқишлари ҳануз давом этмоқда.