Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:39

Толибоннинг Ўзбекистон ва Тожикистонга таҳдидлари қўшнилар ўртасидаги тарангликни кучайтириши мумкин


Ўзбекистондан Афғонистонга Амударё орқали ўтган электр узатиш линияси.
Ўзбекистондан Афғонистонга Амударё орқали ўтган электр узатиш линияси.

Жорий йилнинг дастлабки икки ҳафтаси Марказий Осиёнинг Толибон ҳукумати билан муносабатлари силлиқ эмаслигини ва тезда ёмонлашиши мумкинлигини кўрсатди.

Тожикистон ҳукумати Толибон билан тўғридан-тўғри алоқа қилмайди. Август ойида ҳаракат Кобулни қўлга киритганида, кўп сонли этник тожиклардан ҳам вакил бўлган “инклюзив” ҳукумат тузилмагунича, Душанбе Толибонни қонуний ҳукумат сифатида тан олиш масаласини кўриб чиқмаслигини айтди.

Душанбе Афғонистон шимоли-шарқида Тожикистон учун хавф туғдираётган жангарилар борлигидан хавотир билдириб келмоқда. Шу сабабли ҳозирда Тожикистон билан чегара бўлган Афғонистон шимоли энг кескин ҳудудга айланган.

Эмомали Раҳмон
Эмомали Раҳмон

“Тожикистон махсус хизматлари маълумотига кўра, Афғонистоннинг шимоли-шарқий вилоятларида жами 40 дан ортиқ террорчилик лагерлари ва марказлари бор. Улардаги жангариларнинг сони эса 6000 дан ортиқ”, деди Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 10 январда бўлиб ўтган КХШТ саммитида.

Эмомали Раҳмон саммитда иштирок этаётган Россия, Беларус, Арманистон, Қозоғистон раҳбарлари ва Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раҳбарига юзланиб: “Барчамизга маълум, 2021 йил август ойининг иккинчи ярмидан бошлаб, Ислом давлати, “Ал-Қоида”, [Жамоат] ”Ансоруллоҳ”, “Ҳизб ут-Таҳрир” ва бошқа террорчи гуруҳларнинг минглаб аъзолари Афғонистон қамоқхоналаридан озод қилинди”, дея эслатиб ўтди.

“Ансоруллоҳ” Толибон сафида йиллар давомида жанг қилиб келаётган асосан тожикистонлик фуқаролардан иборат жангари гуруҳдир.

Хабар қилинишича, Толибон Тожикистон билан чегарани қўриқлаш учун “Ансоруллоҳ” жангариларининг бир қисмини жойлаштирган. Бу Душанбени Афғонистон билан чегарасидаги назоратни янада кучайтиришга ундади.

Толибон матбуот котиби ўринбосари Билол Каримий Эмомали Раҳмоннинг Афғонистон шимоли-шарқидаги ўқув лагерлари ва минглаб жангарилар ҳақидаги сўнгги даъволарига тўхталиб, “Мамлакатнинг ҳеч бир ҳудудида исёнчилар тайёрланаётган бундай ўқув лагерлари йўқ”, деди.

Самолётимизни қайтаринг

Толибоннинг Тожикистон ва Ўзбекистон устидан ҳам ўзига хос шикояти бор эди.

11 январь куни Толибон асосчиси Мулла Умарнинг ўғли, ҳозирда жангари гуруҳ мудофаа вазири бўлган Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Толибон Тожикистон ва Ўзбекистонга олиб қочиб кетилган жанговар самолётлар ва вертолётларни қайтаришни хоҳлаётганини айтди.

Толибон назоратни қўлга олишидан олдин олинган маълумотларга кўра, 46 ёки 47 афғон жанговар самолёти ва вертолётлари Ўзбекистон билан чегарадош Термиз шаҳрига учиб ўтган. Тожикистонга икки йўловчи ва 16 ҳарбий самолёт ўтган. Бироқ тожик расмийлари Афғонистондан атиги уч самолёт ва иккита вертолёт ўтганини маълум қилган.

Кейинги хабарларга кўра, вертолётларнинг бир қисми аллақачон АҚШга, Аризонадаги ҳарбий аэродромга кўчирилган.

“Тожикистон ва Ўзбекистондаги самолётларимиз бизга қайтарилиши керак”, деган баёнот билан чиқди Мавлавий Ёқуб бир неча кун олдин.

Шунингдек, у Тожикистон ва Ўзбекистонни “сабримизни синаманг ва бизни (самолётларни қайтариб олиш учун) мумкин бўлган жавоб чораларини кўришга мажбур қилманг”, дея огоҳлантирди.

Толибон мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб
Толибон мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб

Тошкент яхши ўйин кўрсатмоқда

Тожикистон расмийлари ва Толибон ўртасида бир неча ойдан бери турли музокаралар давом этиб келмоқда, бироқ Ўзбекистон Толибонга нисбатан бутунлай бошқача, дўстона позицияни эгаллади.

Толибон ҳокимиятни қўлга киритганидан бери Тошкент юкларни, жумладан, гуманитар ёрдамни Ўзбекистон-Афғонистон чегараси орқали олиб ўтишни таъминлашга ҳаракат қилди. Икки томон расмийлари – маҳаллий раҳбарлардан тортиб ташқи ишлар вазирларигача икки томонлама манфаатли масалаларни муҳокама қилиш учун бир неча бор учрашди.

Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Афғонистон ҳукумати билан 2001-2021 йилларда эришилган келишувлар доирасида кўп йиллар давомида Афғонистонни электр энергияси билан таъминлаб келмоқда.

Толибон ҳозир электр энергияси учун пул тўлай олмаслигини билдирганига қарамай, учала қўшнилар ҳам Афғонистонга энергия таъминоти узилмаслигини айтди.

Аммо, Афғонистон давлат энергетика ширкати 12 январь куни берган баёнотида Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси экспортини 60 фоизга қисқартирганини ва Афғонистоннинг 16 вилоятида электр энергиясида узилиш кузатилаётганини маълум қилди.

Ўзбек расмийлари буни техник носозликлар билан изоҳлаб, электр энергияси икки-уч кундан кейин тўлиқ тикланишини айтди. 13 январга келиб Афғонистон давлат энергетика ширкати энергия узатиш қуввати тўлиқ тикланганини билдирди.

Туркманистон билан муносабат

Яқинда Туркманистон чегараси яқинида Толибон жангарилари туркман аскарига тегишли ҳарбий кийим камарини ташлаб кетаётгани тасвирланган видео тарқалди.

Толибон жангариларидан бирининг туркман тилида айтишича, аскар Туркманистоннинг Марв вилояти билан чегарадош Жузжон вилоятидаги Қарқин қишлоғига бир неча киши билан чегарани кесиб ўтган ҳолда ўғрилик қилиш учун борган.

Толибон аскарининг сўзларига кўра, улар Толибон жангариларини кўрган заҳоти қочиб кетишган ва улардан бири камарини тушиб қолдирган.

Хабар қилинишича, ўша отишма бир неча соат давом этган, Толибон жангарилари туркман чегарачилари томон ракета отган. Қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.

“Афғонистонда ер ёки мулкка кўз олайтирганга ҳеч ким шафқат қилмайди”- дея огоҳлантиради Толибон жангариси.

Толибон бир ҳафта олдин туркман чегарачилари афғон фуқаросини отиб ўлдиргани ва орадан бир неча кун ўтиб, Жузжон вилоятининг Хамяб туманига терговга борган Толибон жангариларига қарата ўқ узгани ҳақида хабар берган эди.

Марказий Осиёдаги ҳукуматларнинг ҳеч бири Толибоннинг ҳокимиятга қайтишини истамаган, аммо бу ҳозирги реал воқеалик. 2022 йилнинг бошидаги мазкур воқеалар Афғонистон билан чегарадош Марказий Осиё давлатлари сиёсатчилар билан эмас, балки жангари гуруҳ билан иш олиб бораётганини яна бир ёдга солди.

XS
SM
MD
LG