Тошкентнинг Учтепа тумани кенгаши депутати Нуриддин Зайнитдинов ўзига қарши "сиёсий буюртма, провокация ва босим" бўлаётганидан шикоят қилди.
ЎзЛиДеП партияси депутати ўзининг Telegram тармоғидаги мурожаатида, бунинг ортида "туман ва шаҳар ҳокимликлари билан боғлиқ уч-тўртта депутат" турган бўлиши мумкин, деб даъво қилди, аммо бошқа тафсилотларни очиқламади.
Зайнитдинов 2020-2021 йиллар давомида Тошкентнинг Учтепа туманидаги ноқонуний қурилиш ва сносларни кескин танқид қилгач, жамоатчиликка кенг танилган.
Унинг ҳимоясига чиқиш қилаётган ҳамкасблари, журналист ва жамоатчилик арбоблари кейинги пайтда маҳаллий кенгаш депутатларига нисбатан босим кучайганини айтишмоқда.
Бунга қадар танқидий чиқишлари билан танилган ХДП Ўрта Чирчиқ туман кенгаши депутати Феруза Бабашева ҳам босимлардан шикоят қилган ва депутатлик ваколатидан маҳрум қилинганди.
Тошкент шаҳар халқ депутатлари Учтепа туман кенгашининг ЎзЛиДеП партиясидан сайланган депутати Нуриддин Зайнитдинов босимлар ортидан "фаолиятини тўхтатиши мумкин"лигини айтмоқда.
У ўзининг Telegram-каналида босимлар учун Тошкент шаҳри ҳокимияти мулозимлари ва улар ҳимоясида бўлган баъзи депутатларни айблади:
"Охирги воқеалар фонида амалдаги депутатлик фаолиятимни якунлаш ва партия сафидан чиқиб кетиш ва бошқа сиёсий жараёнларда иштирок этмаслик фикрига келдим. Агар шундай қарор қабул қилсам, тушунингки, етарли асослар бор. Президент талабларини ўз билганича ишлатадиган раҳбарлар бор экан, одам бўлишимиз қийин. Депутат - халқ вакили экан, бу амалда шундай бўлиши керак қоғозда эмас", деб ёзди Зайнитдинов.
Депутат ўзига нисбатан босимнинг аниқ сабаби ва бунга масъул шахслар исмини очиқламади. Озодлик ҳозирча депутатнинг ўзи билан боғланишга муваффақ бўлгани йўқ.
Бунга қадар у билан гаплашган Gazeta.uz нашрига кўра, Зайнитдинов бу провокациялар ортида "туман ва шаҳар ҳокимликларига алоқадор уч-тўрт депутат" турган бўлиши мумкин деб иддао қилмоқда.
Бу босимга эса, унинг сўзларига кўра, коррупцияга қарши чиқишлари, Тошкентда ер билан боғлиқ муаммолар ва январь ойи бошида бўлиб ўтган сайловлар сабаб бўлиши мумкин.
Нуриддин Зайнитдиновнинг қайд этишича, унинг чиқишлари ортидан Учтепа туманида "туман ҳокими Фарҳод Абдуллаевнинг тадбиркорларга болалар майдончалари ва кўкаламзорлаштирилган ҳудудлардан ер ажратиш бўйича кўплаб қарорлари бекор қилинган".
Депутатнинг сўзларига кўра, унинг талаблари ортидан жами "20−30 та ноқонуний ер ажратиш бўйича қарорлар" бекор қилинган ва бу унга нисбатан босимларга сабаб бўлиши мумкин.
Олий Мажлис Сенати депутатнинг баёноти ўрганилаётганини маълум қилди:
"Интернет тармоқларида Тошкент шаҳар, Учтепа тумани халқ депутатлари кенгаши депутати Нуриддин Зайнитдинов фаолияти билан боғлиқ ҳолат кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Хабарда депутат Н.Зайнитдиновга қарши босим ўтказилаётгани, обрўсизлантиришга уринишлар амалга оширилаётгани қайд этилган. Ўз навбатида, ушбу ҳолат Сенатнинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашувчи комиссияси томонидан назоратга олиниб, ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Ўрганиш натижалари тўғрисида қўшимча маълумот берилади".
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП аъзоси Расул Кушербаев эса, Ўзбекистонда амалда ишлаб турган "мантиқсиз бошқарув"ни танқид қилди:
"Иккита ҳокимиятга бир шахс раҳбарлик қилиб келаётган (ижрога ҳам, депутатларга ҳам бошлиқ ҳоким), мантиқсиз бошқарув шароитида фаол депутатлар билан бундай ишлар бўлиши табиий ҳол… Умид қиламизки, жойлардаги мана шундай мантиқсиз бошқарув шароитида бошқа депутатлар журъатни йиғиб, ҳамкасбини қўллаб-қувватлашга куч топа оладилар".
Ўзбекистонлик журналист Хуршид Далиев эса: "Депутат босимлардан қутулиш учун депутатликдан кетмоқчи. Етиб келяпмизми ёки яна озгина борми хали?" деб савол ташлади.
Юрист блогер Баҳодир Аҳмедов депутатлар танқидини қабул қила олмаётган амалдорларга киноя қилди:
"Масалан адвокатларни судда судья, прокурорлар ёқтиради деб ўйлайсизми? Уларни эътирозларини ёқтирмайди, лекин у зарур эканини билади ва тишини тишга қўяди. Сув бўлиши учун ҳам водород, ҳам кислород керак. Бу ҳам худди шундай гап. Буни тушунадиганлар бор, тушунмайдиган колхозлар ҳам бор. Колхоз ўрнида бошқа сўз ишлатмоқчидим, этикага тўғри келмайди-да".
Тошкентдаги мустақил журналист ва "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов маҳаллий кенгаш депутатларига босимни "тўғридан-тўғри маҳаллий давлат ҳокимиятидаги бюрократия, коррупция ва қонунсизлик"ка боғлайди:
"Кейинги пайтларда маҳаллий кенгашлар депутатлари билан боғлиқ кўплаб можаролар, норозиликлар кўзга ташланмоқда. Мен бунинг сабабини тўғридан тўғри маҳаллий давлат ҳокимиятидаги бюрократия, коррупция ва қонунсизликда кўраман. Бундай шароитда табиий, маҳаллий кенгаш депутатининг мавқеи ва обрўси ҳақида гапириш мушкул. Улар деярли ҳимояланмаган, қонун уларга қолганда етарлича ишламайди".
Бунга қадар ХДП Ўрта Чирчиқ туман кенгаши депутати бўлган Феруза Бабашева ўзига нисбатан босимлардан шикоят қилган ва депутатлик мақомидан маҳрум қилинганди.
Ўзбекистон ҳукуматининг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида маҳаллий бошқарув идораларида ислоҳотларни амалга ошириш, хусусан, ҳокимларни маҳаллий кенгашларга раислик қилиш ваколатидан маҳрум қилиш назарда тутилганди, аммо бу амалга ошмаган.
Мирзиёев иккинчи муддатга президент этиб сайланиши ортидан эълон қилинган Тараққиёт стратегияси лойиҳасида маҳаллий кенгаш раҳбарлигига номзодлар кўрсатиш тартибига ўзгартириш киритиш назарда тутилган.
Аммо бу пировардида маҳаллий ҳокимлар қудратини чеклаш ва уларнинг ҳисобдорлигини оширишга олиб келадими, йўқми, маълум эмас.