Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:34

Тошкентдаги чемпионатда Эроннинг 1979 йилгача бўлган мадҳияси қўйилганига эронликлар норозилик билдирмоқда


 Эрон оғир атлетика федерацияси рамзи.
Эрон оғир атлетика федерацияси рамзи.

Тошкентда ўтаётган Оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати давомида, 15 декабрь куни Эрон Ислом республикасининг эмас, 1979 йилгача бўлган Эрон давлати мадҳияси янгради.

Чемпионатнинг Эрон Давлат телевидениеси орқали жонли намойиши 42 йил аввал тахтдан ағдарилган шоҳ Паҳлавий давридаги мадҳия янграй бошлаши биланоқ узиб қўйилди.

Шоҳ даври мадҳиясининг Тошкентдаги чемпионатда янграши эронликлар норозилигига сабаб бўлди.

Ўзбекистон томонига кўра, хатоликка Эрон делегациясининг ўзи йўл қўйган.

Эрон оғир атлетика федерацияси эронликлардан расман узр сўрашга мажбур бўлди.

7 декабрь куни Тошкентда бошланган Оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатининг тўққизинчи кунида 102 кило вазндаги спортчилар ўртасида ўтган мусобақаларда эронлик Массул Мотамедий ғолиб чиқди.

Ғолибга олтин медални топшириш маросимида Эроннинг эски мадҳияси янграгани эса эронликларнинг норозиликларига сабаб бўлди.

Чемпионат маросими акс этган видеоларда олтин медал соҳиби Массул Мотамедий ва унинг ҳамюрти, бронза медал соҳиби Амир Хавоуги мадҳия янграшидан бир неча дақиқа ўтгач, “Stop” дея бир неча бор қичқириб, ўз норозиликларини билдиргани акс этган.

“Фарда” радиоси хабарига кўра, Эрон давлат телевидениеси орқали жонли ёритилаётган чемпионат шоҳ Паҳлавий давридаги мадҳия янграши билан зудликда узиб қўйилган.

DPA агентлиги Эронда шоҳ Паҳлавий даври ҳақида гапириш табу бўлгани боис, Тошкентдаги ҳодиса эронликларнинг жиддий норозиликларига сабаб бўлгани ҳақида ёзди.

Эрон ижтимоий тармоқлари норозилик постлари билан тўлиб-тошгани ҳақида хабар қилинди.

Озодлик воқеага ойдинлик киритиш мақсадида Тошкентдаги чемпионатни ўтказиш масъулияти юклатилган Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси билан боғланди.

Федерация масъулларидан олинган маълумотга кўра, 15 декабрь куни тақдимот маросимида Эроннинг эски мадҳияси қўйилишида Ўзбекистон томонининг айби йўқ, бу - Эрон жамоаси хатоси.

“Бу бўйича мусобақанинг ташкилий қўмитаси, Халқаро оғир атлетика федерацияси, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ва Эрон оғир атлетика федерацияси шуғулланди. Бу масала ёпилди, ҳал бўлди. Келишмовчилик бўйича томонларда жиддий эътироз йўқ. Эрон томонидан эски мадҳия берилган, бизникилар шуни қўйган. Музика қўяётганлар эски-янги қайси эканини билмайдику.?! Улар берганини қўйишган. Мусобақалар тартиб-қоидасига кўра, ғолиб команда мадҳияси ўша команда масъуллари томонидан тасдиқлатиб олинади. Бу сафар ҳам худди шундай бўлган. Эрон томони мадҳияни тасдиқлаб бергачгина, бизникилар қўйган. Кейин улар “бу бизнинг хатомиз” деб айтишди”, деди Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси масъули.

Федерациядан олинган маълумотга кўра, 15 декабрь куни Эроннинг эски мадҳияси янграгани маълум бўлгач, орадан бир неча дақиқа ўтгач, янги мадҳияни топиб қўйишган.

Эрон оғир атлетика федерацияси Халқаро федерация ва ташкилий қўмитадан хатолик учун узр сўраган.

Халқаро мусобақалар пайти давлатлар мадҳиясини қўйишда адашишлар аввал ҳам кузатилган.

2023 йилги Жаҳон чемпионатининг саралаш мусобақаларида Қозоғистон ва Сурия жамоалари ўртасидаги ўйинда Сурия мадҳияси ўрнига Эронники қўйилган ва бу сурияликлар норозилигига сабаб бўлган.

8 декабрь куни Испанияда гандбол бўйича жаҳон чемпионатида Қозоғистоннинг эски мадҳияси янгради, қозоқ спортчиларининг ўзи янги мадҳияни хиргойи қилишди.

Эронда 1953 йил амалга оширилган тўнтаришда демократик тарзда сайланган бош вазир Муҳаммад Масаддиқ ҳукумати ағдарилган, унинг ўрнига шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий ҳокимиятга келган эди.

Паҳлавий ҳукумати эса 1979 йилги Ислом инқилобида ағдарилди.

Инқилоб натижасида 2500 йил давом этган монархия тизими барҳам топганди.

Эрон шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавий ағдарилгандан кейин революционерлар унинг ҳайкалини иккига ажратишди. Ҳозир теҳронликлар ҳар кун Садобод саройига олиб борувчи йўлдан Паҳлавийнинг оëқлари ëнидан ўтиб кетишади
Эрон шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавий ағдарилгандан кейин революционерлар унинг ҳайкалини иккига ажратишди. Ҳозир теҳронликлар ҳар кун Садобод саройига олиб борувчи йўлдан Паҳлавийнинг оëқлари ëнидан ўтиб кетишади

XS
SM
MD
LG